BBC navigation

2005 йил 13 майда Андижонда нималар бўлган эди?

Сўнгги янгиланиш 13 май 2013 - 15:01 GMT

Ҳукумат аскарларининг ўқи остида қолган бу одамларнинг кўпчилиги ҳалок бўлди.

Бир неча минг киши ишсиз қолишига Андижондаги 23 муваффақиятли бизнесменнинг ҳибсга олиниши ва улар бизнесларининг тўхтаб қолиши сабаб бўлганди.

Бизнесменлар 1 йилча олдин ҳибсга олинганлар ва улар Андижондаги маҳкама пайтида қийноқларга солиниб, ноқонуний диний оқимга аъзолик ва бошқа айбловларга иқрор қилинганлари ҳақида сўзлаб бергандилар.

12 май куни Андижон маҳкамаси бизнесменлар устидан ҳукм эълон этилиши кутилган ва маҳкама жараёнини ёритиш учун Андижонга кўплаб хорижий журналистлар борган эдилар. Ўша куни Андижонда қолиб, эртасига Тошкентга қайтишга қарор қилган ўша пайтда "Фергана ру" ахборот агентлиги мухбири бўлган Алексей Волосевич қонли ҳодисалар гувоҳи бўлган.

Алексей Волосевич: Мен ва ўша пайтда Рейтерс ахборот агентлиги мухбири бўлган Шамил Байгин бир кун олдин Андижонга "Акромийлар" устидан бораётган маҳкама ҳақида хабар тарқатиш мақсадида борган эдик ва биз "Акромийлар" ва уларнинг тарафдорлари ҳарбий қисмларга ҳужум қилишларини, қурол-яроғни қўлга киритиб, отишмалар бошланиб кетишини кутмаган эдик. Шаҳарда нималар юз бераётганини тушуниб олишимиз учун бизга бир неча соат керак бўлди. Асосий ҳужумлар 13 май ярим тунида ва тонгга яқин юз берган. "Акромийлар" Андижон вилояти ҳокимлиги биносини қўлга олдилар, ҳокимият олдида катта оломон йиғилди. Шу билан шаҳарнинг ҳар-ҳар жойидаги якка-дуккам отишмаларни ҳисобга олмаганда кечгача тинчлик чўкди. Кечки соат 5 ларда қўшинлар келиб оломонни ўққа тутди. Ичида "Акромийлар", уларнинг оилалари аъзолари, гаровга олинган одамлар ва бу оломонга "қани бу ерда нималар бўлаяпти" деган қизиқиш билан қўшилиб қолганлардан иборат бу оломон Андижоннинг ҳарбийлар қуршаб олган қисмидан чиқиб кетишга ҳаракат қилганларида отишма остида қолдилар. Бу оломон ичидаги кўпчилик ҳалок бўлди. Бир қисми эса Қирғизистон ҳудудига ўтиб олишга муваффақ бўлди ва улар қочқинларга айландилар.

Би-би-си: Ўзбекистон ҳукуматининг бўйнига қўйиладиган айблов - ҳукумат адолат талаб қилиб чиққан намойишчиларни қирди, деган айблов. Нима деб ўйлайсиз, норозиликни қон тўкмасдан бостириш мумкинмиди?

Алексей Волосевич: Бугунга келиб таҳлил қилинганда, бу қирғин авваламбор, Ўзбекистон ҳукуматининг зарарига бўлган қирғин. Ўзбекистон ҳукумати бу одамларнинг Қирғизистон ҳудудига эмин-эркин ўтишларига қўйиб бериши ва кейин очиқ юз билан Қирғизистон ҳукуматидан жиноятчиларни топширишини талаб қилиши мумкин эди. Ана шу ҳолатдан Ўзбек ҳукумати ютиши мумкин эди. Ўшанда Ўзбекистон ҳукуматининг мавқеи ютуқли мавқеда бўларди. Бироқ ҳукумат бошқача йўл - яъни қонли ҳодисаларга алоқадор ҳаммани йўқ қилиш йўлини маъқул кўрди. Бунинг оқибатида эса боя айтганимдай, тасодифан ўша атрофда бўлганлар ҳам ўқлар ёмғирлари остида қолиб кетдилар.

Би-би-си: Қонли ҳодисалардан 8 йил ўтганидан кейин Андижон ҳодисаларига муносабатингиз ҳали ҳам ўша кунгидекми ёки ўзгардими?

Алексей Волосевич: 2005 йил 13 май кунидаги Андижон ҳодисаларидан кейин қанча кўп вақт ўтган сайин ўша ҳодисалар билан охирги йилларда дунёда юз бераётган ҳодисалар ўртасида умумий ўхшашлик ҳам кўзга кўриниб борар экан. Буни мен дунёдаги авторитар тузумлар бостириб келаётган жамиятларни исломий гуруҳлар исломлаштиришга уринишларининг бир кўриниши деб атаган бўлардим. Бошида тинч йўллар билан. Менинг назаримда, Ислом Каримов режими ҳам, унга қарши чиққанлар ҳам Андижон ҳодисаларидан ўзларининг манфаатида фойдаланмоқчи бўлаяптилар. Икки томон ҳам шунчалик кўп инсон ҳалок бўлганида фақат рақиб томонни айблаб келади. Икки тараф ҳам ўзини "оппоқ, бегуноҳ" қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади, лекин аслида ундай эмас. Биз биламизки, айнан биринчи бўлиб, одамларни осонлик билан ўлдиришни "Акромийлар" бошлаганлар. Улар тунда ҳарбий қисмларга бостириб кириб, аскарларни ўлдириб, қурол-яроғни қўлга киритишга уринганлар. Ҳукумат эса айбдорми, айбсизми, қараб ўтирмай отиб ташлашга қарор қилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.