BBC navigation

Ўзбекистонлик ёзувчи:'Тарихни таҳрир қилиб бўлмайди'

Сўнгги янгиланиш 30 апрел 2013 - 11:09 GMT

"Тарихни таҳрир қилиб бўлмайди..."

Ўзбекистонлик ёзувчи Галина Долгая Апрел ойида Британиянинг Лондон шаҳрида кечган Китоб кунларида қатнашди. Бу сермаҳсул ёзувчи 2006 йилдан бери бешта роман ёзиб тугатган, Галина ёшим анчага борганидан кейин аввалига шеърлар ёза бошладим, кейин эса насрга кўчдим, дейди. Ўзини табиат ва инсон муносабатлари илҳомлантиришини айтган ўзбекистонлик ёзувчи билан биз бугунги китобхонлик, адабиёт ва сиёсат ва тарих ҳақида суҳбатлашдик. Суҳбатимиз собиқ Шўро ва бугунги мустақил Ўзбекистон республикаси ҳақида мулоҳазалар билан бошланди.

Галина Долгая: Менимча, гап бу ерда сиёсат билан боғлиқ эмас. Шўролар қулади, Ўзбекистон мустақил бўлди. Аммо биз бугун ўз йўқотилган ёшлигимизни соғинамиз. Бугун мен эски замонларни қўмсар эканман, умримнинг энг яхши дамлари бўлмиш ўсмирлик ва ёшлигимни соғинаман...Мен Шўролар даври ёмон эди ва ё ҳозир ёмон деб айтмаган бўлардим, булар тарихнинг икки бошқа-бошқа даврларидир. Шахсан мен ҳозир ёмон яшаяпман деб айтмаган бўлардим. Иноқ оиламиз бор ва ўзимизнинг бизнесга эгамиз.

Би-би-си: Бизга меҳмон бўлиб келган россиялик ёзувчи шоирлар билан суҳбатларни тинглаб адабиёт ва сиёсат, айниқса Россияда бугун бир-бирига жуда уйғун экан деган таасурот уйғонади...Эътибор бердингизми?

Галина Долгая: Албатта, адабиёт ҳаётни тасвирлайди...Аммо ҳар бир ёзувчи адабиётда ўз "бошпанасини" танлайди. Фақат ҳозирги кун билан яшаётганлар бор. Даврларни таққослаб ёзаётганлар талайгина. Доим бир норозилик мавжуд...Очиғини айтсам, менга нафақат рус ёзувчилари, балки россияликларнинг ўзларига эрк беришлари ва ўз раҳбарлари, мамлакатлари ҳақида очиқчасига ёмон фикрларни изҳор қилишлари ёқмайди. Албатта, очиқлик дейсиз, демократия дейсиз...булар яхши...Бир япон донишмандининг гапи ёдимга тушади, ўз ватанингда сиёсат ёқмади ҳижрат қил ва ё яшагину қандай бўлса шундай қабул қил. Россия ёқмаяптими, нимага яшайсиз у ерда? Мана мен ўз ватанимни қанақа бўлса шунақа яхши кўраман. Менга тарихни ковлашиб, масалан, Сталин даврида қанча одам қурбон бўлди деган мавзуга қайта-қайта ёндашишлари ҳам ёқмайди. Албатта, тарихга қайтиб туриш керак...Мени кўпроқ қадимият қизиқтиради.

"Амир Темурни олинг, қанча қон тўкканига қарамай у буюк шахс, буюк саркарда! Ленинни олинг, Сталинни олинг, булар оддий одамлар эмас!"

Би-би-си: Сиз Тошкентда яшайсиз, ўзбек тилида ёзадиган ҳамкасбларингиз асарларини ҳам ўқийсизми? Сизнинг ўзингизни бугунги китобхонлик даражаси қониқтирадими? Айниқса ёшлар орасида?

Галина Долгая: Муаммо шундаки, рост мен Ўзбекистонда туғилиб ўсган бўлсам ҳам, афсуски ҳали ҳам ўзбек тилини билмайман...Бугун эса адабий асарлар асосан ўзбек тилида нашр этилади.Ўтмишда мен ўқиб турардим таржималарни, ҳозир эса йўқ...Биласизми ёшлар ва китобхонлик мавзуга тўхталадиган бўлсак, эҳтимол бу ерда яна авлодлар ўртасидаги қадимий тортишув бош кўтариб қолар? Мен каттароқ авлод вакили ўлароқ ҳозирги ёшлар орасида китобхонлик даражасидан қониқмайман. Мана шу Лондондаги китоб ярмаркасида ўзим учун кашфиёт қилдим. Бизга дунёда энг кўп китоб ўқийдиган миллат руслар деб айтишарди, аммо бу ерда маълум бўлишича, инглиз тилида гаплашадиганларнинг олтмиш фоиздан ортиғи китобхон экан! Бундан мен хафа бўлдим, эҳтимол бу ерда нашр қилиш имкониятлари кўпдир? Билмадим...бошқа бир салбий анъана шуки, бугун ёзувчи ўзи истаганини эмас, аксарият ҳолатлар нашриёт талабига асосан ёзади. Яъни, адабиёт ҳам тижоратлашиб бормоқда. Албатта, замон билан қадриятлар ҳам ислоҳ бўлаяпти, менинг фарзандларим ҳам, кино китобдан яхшироқ деб ўйлашади. Бугунги кунда интернет бор, мобил телефонлар оммавийлашиб кетган. Замон ҳам назаримда тезлашган. Ёшлар ҳам тезлашган ва ё қайсидир маънода тезлашиб яшамоқда. Юрган йўлида ўзи билан ўзи телефонда гаплашиб боради. Бизнинг ёшлигимизда кутубхонага бориш байрам эди. Бугунги ёшларда бу маданият йўқ, мен бунинг салбий ва ё ижобийлигини айтаётганим йўқ.

Би-би-си: Эҳтимол, ёшлар қизиқиб ўқийдиган китоблар оздир? Ўтмишда адабиётнинг таъбир жоиз бўлса тортишиш кучи қудратлироқ бўлгандир?

Галина Долгая: Биласизми, ҳозир қайси муаллифларни ўқиш керак, қайсинисини ўқимаслик керак деб адабиётга қайта қараб чиқишмоқда. Менга ёқмайди бу каби ёндашув. Эҳтимол, бир томондан бу тижоратлашув билан боғлиқдир, эҳтимол кимдир ўйлаб чиқаётгандир буларни...Билмадим, аммо бу нотўғри. Бу катта муаммо. Албатта, бошқа томондан ҳозирги замонавий техника ютуқларидан фойдаланиш керакдир, аммо қўлга олиб варақлаб ўқиладиган қоғоз китоблар ҳам керак.

Би-би-си: Сиз адабиётда танлов ҳақида гапирдингиз, Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, айримларга кўра, мамлакатнинг бутун бир тарихи қайта ёзиб чиқилмоқда? Шўролар даври ҳақида имкон қадар камроқ ва шундан ҳам фақат танқидий гапирилади?

Галина Долгая: Тарихни қайта ёзиб бўлмайди, мумкин эмас бундай қилиш... Қайта ёзишмоқда деб айтмаган бўлардим, аслида қайсидир бир даврга кўз юмишмоқда. Яширишга ҳаракат қилишмоқда. Буни ҳам аслида имкони йўқ. Чунки бу воқеалар рўй берган...тарихни унутар экансиз, ўтмишда қандай хато бўлган бўлса яна қайтарасиз. Яхши давр ҳам, ёмон давр ҳам тарих ва уни яширмаслик керак. Шўролар даврини мустамлакачилик даври дейишмоқда. Хўп, майли, мустамлака давридир, аммо бу даврда ёмонлик билан бир қаторда яхшиликлар ҳам бўлди... Амир Темурни олинг, қанча қон тўкканига қарамай у буюк шахс, буюк саркарда! Ленинни олинг, Сталинни олинг, булар оддий одамлар эмас! Тарихда салбийми ва ё ижобийми из қолдирган инсонлар ва уларни ёшларга шундай тақдим қилиш керак. Танганинг икки томони борлигини унутмаслик керак.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.