BBC navigation

Жаҳон кубоги: Оксана Чусовитина олтин медал соҳиби бўлди

Сўнгги янгиланиш 24 март 2013 - 14:49 GMT

Оксана Чусовитина жаҳон спорт гимнастикаси тарихида кетма-кет олти Олимпиада Ўйинларининг ягона аёл иштирокчиси бўлган донгдор гимнастикачи саналади.

Яна Ўзбекистонни намоён этаётган донгдор спорт гимнастикачиси Олмонияда бўлиб ўтган Жаҳон Кубогининг учинчи босқичида таяниб сакраш бўйича ҳамма рақибаларини ортда қолдирди.

38 ёшли Оксана Чусовитина ўзининг энг севимли спорт турида 14.887 очко тўплаб, Котбус шаҳрида кечган турнирнинг олтин медали соҳибасига айланди.

Оксана куни-кеча Жаҳон Кубоги мусобақаларининг Францияда бўлиб ўтган иккинчи босқичида таяниб сакраш бўйича бронза медалини қўлга киритганди.

Ҳали дунёда бирор бир гимнастикачи халқаро беллашувларда бу қадар узоқ иштирок этмаган ва бу ёшда жаҳон миқёсидаги мусобақаларда ғолиблик учун кураш олиб бормаган.

Оксана Чусовитина жаҳон спорт гимнастикаси тарихида кетма-кет олти Олимпиада Ўйинларининг ягона аёл иштирокчиси бўлган донгдор гимнастикачи саналади.

Франциядаги сўнгги ғалабаси ортидан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида Оксана ютуғи она Ватани Ўзбекистонда катта хурсандчилик билан қарши олинганини айтганди.

"Ўзбекистон бу - менинг Ватаним. Ўзбекистоннинг номи қулоғимга чалиниб, байроғига кўзим тушаркан, юрагим бироз ўйнаб кетгандек бўлди. Яна ёмон натижа кўрсатиб қўймай, деб, роса қайғурдим", деганди Оксана.

Гимнастика афсонаси

Асли ўзбекистонлик гимнастикачи оилавий шароитлари боис, 2006 йилдан буён Олмонияни намоён этиб келаётганди.

Ўтган ой охирида эса, Халқаро Гимнастика Федерацияси Ижроий Қўмитаси Оксана Чусовитинанинг қайтиб Ўзбекистонни намоён этишига изн берганди.

Бунинг ортидан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида Оксана Чусовитина ёш гимнастикачилар билан беллашишдан чўчимаслигини айтаркан, буни спортда ҳеч нарсага осонлик билан эришиб бўлмаслиги билан изоҳлаганди.

37 ёшли Оксана Чусовитина илк бор Олимпиада Ўйинларида 1992 йилда, бугунги рақиблари, ҳатто, ҳали дунёга келмаган пайтларида қатнашган.

Оксана Чусовитина, шу жумладан, она бўлиши ортидан, катта спортга қайтган жаҳондаги саноқли гимнастикачилардан ҳам бири бўлади.

Унинг спорт гимнастикасидаги карьераси қарийб чорак асрлик тарихга бориб тақалади.

Оксана Чусовитина спорт гимнастикасидаги порлоқ фаолиятини ҳали 90-йиллар бошларида, собиқ СССР терма жамоаси сафларида бошлаган.

Кейин Ўзбекистон, 2006 йилдан бошлаб эса, оилавий шароитлари туфайли, Олмония терма жамоасини намоён этиб келаётганди.

Ўзбекистонлик бетакрор спортчи спорт гимнастикаси бўйича кўплаб нуфузли мусобақалар ғолиби, жаҳон, Оврўпо чемпионатлари ва қатор Ёзги Олимпиада Ўйинлари совриндори саналади.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.