BBC navigation

'Пул жўнатмалари кўпайгани янада кўп инсон муҳожирликка чиқиб кетганидан'

Сўнгги янгиланиш 11 март 2013 - 14:59 GMT

2012 йили ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россиядан Ўзбекистонга 2011 йилга солиштирганда деярли 1,5 миллиард долларга яқин кўпроқ маблағ юборган.

Россия Марказий банки маълумотларига кўра банк жўнатмалари орқали Ўзбекистонга 2012 йилда 5 миллиард 700 миллион долларга яқин пул юборилган. Шу билан бирга ҳар бир юбориш амалиётитининг ўртача суммаси бир йил давомида камайган.

МДҲ давлатлари ва Хитой билан солиштирганда Россиядан Ўзбекистонга 2012 йили энг кўп маблағ юборилган. Агар 2011 йили ўзбекистонликлар 5 миллиард 651 миллион доллар юборган бўлса 2012 йили ушбу кўрсатгич сезиларли даражада қарийб 1,5 миллиард долларга ўсган.

Аммо айни дамда юборилган пулларнинг ўрталама хулосасга кўра бир йилнинг ичида киши бошига юборилган сумма камайган. 2012 йилда ўзбек муҳожири 60 доллар кам яъни ўртача 466 доллардан юборган.

Москвадан инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳром Ҳамроев киши бошига юборилган сумманинг камайганига қарамасдан умумий юборилган пулларнинг ортишини меҳнат муҳожирларининг йил сайин ортиб бораётгани билан изоҳлайди.

Унга кўра Россияда 5 миллиондан 7 миллионга қадар ўзбек меҳнат муҳожирлари юрибди.

Россиянинг ўзида эса пул ишлаб топиш сўнгги йилда анча қийинлашган. Кўплаб ишсиз юрган меҳнат муҳожирлари пайдо бўлган.

“ЗИЛ" заводининг ичида, деярли 80 фоизи ўзбеклар ишлайди. Офислар, техник хизмат кўрсатиш, омборхоналарда ишлашади. Ишонсангиз ҳаммаси бир биридан қарз. Иш берувчи ишловчидан, ишловчи иш берувчидан қарз бўлиб қолган. Ҳатто ўзимнинг танишларимнинг орасида ҳам қарз бўлиб қолганларни кўп кўраяпман”, - дейди Баҳром Ҳамроев.

Иш ва пул топиш қийинлашганига қарамасдан, муҳожирлар сони ортиши эвазига Ўзбекистонга пул юбориш ҳажми ортган.

Москвада фаррошлик қилувчи Шокир Ҳасанов Россиянинг ўзида ишсизлик бўлиб турса-да, Ўзбекистондан меҳнат муҳожирларининг келиши тўхтамаётганини айтади.

“2002 йили келганмиз, битта қишлоқдан 2 киши чиқиб келганмиз. Ҳозир қишлоқларда ҳеч ким йўқ. Ҳатто ёш болалар ҳам келаяпти. Бизнинг давримизда олийгоҳга ўқишга кираман деган гаплар бўларди. Ҳозир эса вояга етди дегунча, паспортини олишни аранг кутаяпти. Олдими, Россияга жўнаяпти”, - дейди Шокир Ҳасанов.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари таъминламаганлик ва ижтимоий ҳимоя қилинмаганликдан шикоят қилади.

Москвада фаррошлик қиладиган Шокир Ҳасанов жарроҳлик амалиётини бошидан кечиргани учун 400 долларлик маошга қаноат қилиб яшашга мажбур. Оғирроқ иш қилишга саломатлиги изн бермайди.

Шокир ака бир йилда меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга 6 миллиард долларга яқин маблағ юбориб турган вақтда ҳукумат меҳнат муҳожирларининг ҳолидан хабари олиши керак, дейди.

“Фақат Россиянинг ўзидан чиқадиган пул 6 миллиард долларга борадиган бўлса, Ўзбекистон 6 миллиард долларни топиши учун қанча пахта сотиши керак. Қанча одам саноат ишлаб машаққат чекиши керак. Аммо 6 миллиард доллар пул йўқ ердан, ҳаводан тушаяпти. Лекин ҳукуматимизнинг халққа ҳам қараш режаси борми, элчихонада ўтирадиганлар оладиган нонини ҳалол қилиб есин”, - дейди Шокир Ҳасанов.

Меҳнат муҳожирлари ўзларининг тиббий томондан суғурталаниши ва Россияда ишлаётган вақти Ўзбекистонда меҳнат стажи юритилиши лозимлигини урғулашади.

Ундан ташқари уларнинг қонуний ишлаши ва уни топишда Ўзбекистон ҳукумат тизимлари керакли ишларни амалга ошириши кераклиги айтилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.