BBC navigation

Ўзбек муҳожирлари қайтсин! Кейин-чи?

Сўнгги янгиланиш 4 март 2013 - 14:02 GMT

Кўплаб ўзбеклар Россиядаги энг кам маошли ва оғир ишларни қилишга мажбурлар

"Прокуратура мулозимлари Россияга ишлашга кетган талабаларни зудлик билан қайтаришни талаб қилишмоқда" - дейди фарғоналик коллеж ўқитувчиларидан бири.

"Аммо коллежнинг иши дарс бериш бўлса, четга ишлашга кетган ёшларни қайтариш вазифасини ҳам елкамизга юклашмоқда".

Бир неча ҳафта олдин эса Қозоғистонга ишлаш учун кетаётган меҳнат муҳожирлари Тошкент вилоятидаги чегара ўтиш нуқталаридан бир неча кун давомида ўтказилмай, ортга қайтарилаётгани ҳақида хабарлар чиққанди.

Бу - Президент Каримовнинг нега ўзбек ёшлари четга бориб, мардикорлик қилиши керак, деган саволига нисбатан Ўзбекистон мулозимлари кўраётган чора-тадбирлар.

Йил бошида ҳукумат мажлисида гапирган Ислом Каримов четда қийналиб ишлаётган миллионлаб ўзбек муҳожирлари аҳволига илк бора эътибор қаратиб, Ўзбекистондаги ишсизликни тан олганди.

"Уч йил ўқиб, мутахассис бўлган коллеж битирувчиси қаердан иш топади?" - деганди Ислом Каримов - "Мен болаларимизнинг иш қидириб, сарсон бўлишини тасаввур ҳам қилолмайман".

Ишсизлик ва Ички ишлар вазири?

Ушбу мажлисда Президент Каримов Москвада ўлдириб кетилган ўзбекистонлик фаррош йигитнинг тақдирини эслаган ва ўзбек ёшлари нега чет элларга бориб, қийналиши лозим, деб расмийлар олдига савол қўйган.

Хусусан, Ички ишлар вазирлиги ва бош прокурорга меҳнат муҳожирлиги юзасидан чора кўришга буйруқ берганди.

Кўпчилик бундан кейин четдаги муҳожирларнинг шароитини яхшилаш ва борган мамлакатидаги ҳақ-ҳуқуқларини кучайтириш йўлида чоралар кўрилади ва ёки Ўзбекистонда иш ўринлари яратилиб, ёш-қари муҳожирларни қайтишга ташвиқ қилишади, деб кутганди.

Аммо Президент Каримовнинг гапларини ўзича тушунган Ўзбекистон мулозимлари тақиқ ва зуғум йўли билан ёшларни мамлакатдан чиқармасликни энг мақбул йўл сифатида танлаган кўринадилар.

Айни дамда, айрим таҳлилчилар Ислом Каримов нега ишсизлик масаласини эслаганда Меҳнат вазири эмас, балки жазоловчи муассаса саналмиш Ички ишлар вазири олдига муҳожирлар муаммосини кўндаланг қўйганига ҳам эътибор қаратадилар.

Кузатувчиларга кўра, тузукроқ яшаш имконини берадиган маошли иш ўринлари яратилмаскан, юз минглаб муҳожирларни мажбуран ватанга қайтариш Ўзбекистонда фақатгина қашшоқликни кучайтириб, норозилик ва алал-оқибатда ижтимоий портлашга йўл очиши мумкин.

'Иш бўлса, газ бўлса...'

Бугун ўзбекистонлик муҳожирлар четда ҳақ-ҳуқуқлари қанчалик кам таъминланган бўлмасин, барибир, ватанга қайтишса, иш топа олишларига ишонишмайди.

"Иш бўлса, газ бўлса, уй бўлса, албатта, Ўзбекистонга қайтаман" - дейди Би-би-си билан суҳбатда Сибирда ишлаётган ёш йигит -"Лекин ҳозир бориб нима ҳам қила оламан?"

Ўзбекистонлик муҳожирларга кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ичидан айнан Ўзбекистон мулозимлари четда муҳожирга айланган ўз фуқаролари тақдири ва шароитини яхшилаш борасида етарлича қизиқмайдилар.

Баҳор келиши билан ўн минглаб ишсиз ўзбеклар оила боқиш учун Россия ва Қозоғистон сари йўл солишади

Дейлик, Қирғизистон ва Тожикистон каби таъсир воситаси заиф ҳамда нисбатан кичик мамлакатлар ҳам ўз муҳожирларининг Россиядаги шароитларини яхшилаш, керак бўлса, уларнинг руслар билан тенг ҳуқуқли бўлишлари йўлида рўйхатдан ўтиш ва ё ишга кириш тартибларини осонлаштириш, ҳатто енгиллаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олишларига эришиш каби чораларни амалга оширишга интиладилар.

Ўзбекистон фуқаролари эса бу ўринда Россияда ҳақ-ҳуқуқлари энг кам таъминланганини айтишади.

Ўзбеклар ва Ўзбекистон

"Қўшни мамлакатлардаги ёшлар ватанига қайтишганда, кўкрагини кериб, ватанимга кетаяпман, у ерда ўз давлатим мени ҳимоя қилади, деб айтишади" - дейди Россиядаги ўзбек муҳожирларидан бири - "Биз эса худди жиноятчилар каби қўрқа-писа борамиз ва айнан ўз чегарамиздан ўтгунча энг кўп текширув, қўпол муносабат ва кези келганда, таҳқирларга ҳам юз тутамиз".

"Биз Ўзбекистон давлати бизнинг ортимизда турибди, зарур бўлса, бизни қўллайди, деб қандай ишонайлик?"

Расмий рақамларга кўра, Россия ва Қозоғистондаги ҳам қонуний, ҳам ноқонуний ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар сони 5 миллион атрофида.

Уларнинг кўпчилиги қийин шароитларда, ҳақ-ҳуқуқсиз ва энг оғир ишларни қилиб, пул топишади.

Ўзбекистон ичкарисида эса, одатда, бу каби муҳожирларни борига қаноат қилмасдан, бойлик орттириш учун четга кетган ношукурлар сифатида тасвирлашади ва ҳатто машҳур ашулачилар муҳожирларни қоралаб қўшиқлар айтишган.

Аммо Ўзбекистон иқтисодида муҳожирлар жўнатадиган пулларнинг салмоғи жуда катта ва уларнинг Ўзбекистонда қолган оилалари айнан ана шу маблағ эвазига кун кўраётгани, уй солиб, тўй қилаётгани айтилади.

Шу асно, бу муҳожирларни мажбуран қайтариб келган билан мавжуд муаммолар ҳал этилишига ишонч кам.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.