BBC navigation

Ўзбекистонда бозорларни яна қайта 'ўзлаштириш' бошландими?

Сўнгги янгиланиш 1 март 2013 - 16:42 GMT

Қарши шаҳридаги "Орзу камалаги" бозоридаги 1000 дан ортиқ савдогар 17 февралдан буён иш ва даромадсиз қолганлар.

Шу муносабат билан тужжорлар норасмий Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятига мурожаат қилганлар.

"2013 - Обод турмуш йили"да бизнинг ободлигимизни барбод қилишди", деб бошланадиган тадбиркорларнинг мурожаати Қашқадарё вилояти ҳокимига, вилоят солиқ идорасига ҳам йўлланган.

"Орзу камалаги" савдо мажмуасида ўз бизнесини юритадиганларнинг Би-би-сига айтишларича, шу йилнинг 17 феврал куни мажмуани ёпишга қарор қилинган.

Тадбиркорларга "таъмирлаш учун ёпилаяпти", дея тушунтириш берилган.

Қарши шаҳри раҳбарияти мажмуада дўкон сотиб олиб, ҳар ой мунтазам солиқ ва патент тўловларини тўлаб келаётган тадбиркорлар билан учрашув ташкил этган ҳамда бозор 1 март куни қайта очилади, дея вааъда берилган.

"Орзу камалаги"да Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қиладиган тадбиркор аёлнинг айтишича, 1 март куни Қарши шаҳар ва Қашқадарё вилоят милиция бўлинмалари ходимлари бозорга ташланганлар.

Тадбиркорларга бу ердаги ўз товарларини олиб кетиш буюрилган.

Нега деган саволга тужжорлар тайинли жавоб ололмаганлар.

"Бозор маъмуриятининг жойларни ноқонуний сотгани" ва бу камчиликларни тузатиш лозим"лиги айтилган.

Тадбиркорлар эса, агар "Орзу камалаги" савдо мажмуаси масъуллари бирор бир ноқонуний амалларга қўл урган бўлсалар, нега бунинг учун бу ерда қонуний бизнес юритган, савдо қилган кишилар азият чекишлари керак, деган саволни беришмоқда.

Аммо на Қарши шаҳар ҳокимлиги, на тадбиркорларни бозордан қуваётган милиция минглаб кишиларни ишсиз, даромадсиз қолдираётгани асл сабаби борасида изоҳ бермаяпти.

"Бизни арз-додимизни ҳеч ким тингламаяпти, минглаб кишилар ишсизлигига олиб келди. Бу билан ҳукуматимизга яна ишсизлар сони ошди. Бозор бузилгудек бўлса неча миллионлаб маблағимизга куйиб қолишимизга тўғри келади", дейилади ўз ҳуқуқлари поймол этилаётганидан шикоят қилган тадбиркорларнинг мурожаатида.

Ўзбекистонда худди шундай ҳодисалар 2002 йилда кўп бор юз берганди.

Бутун Ўзбекистон бўйлаб ўн минглаб, балки юз минглаб савдо билан шуғулланувчилар, автобус, маршрут такси ва таксилар ҳайдовчилари ва ошхона-тамаддихоналарда инсонларни банд қилган "Ипподром" ёпилганди.

Бу ҳукуматнинг бозорлар фаолиятини такомиллаштириш, мамлакатга божи тўланган сифатли маҳсулот олиб кириш мақсадлари билан тушунтирилган.

Бироқ бу ўзгаришлар нафақат Тошкентда, балки бутун республикада "қуриш", "қайта қуриш" баҳонасида амалдорларнинг маблағ ўзлаштиришларига йўл очган.

Бозорлардаги савдо ўринлари қайта-қайта сотилган, маблағларига "куйиб қолган" тадбиркорларнинг арз-додларига қулоқ солинмаган.

2002 йилдаги амаллар "бозорлар фаолиятини тартибга солиш"дан кўра кўпроқ "ҳукумат тепасидаги одамлар"нинг қариндошлари учун рақиб бўлган "челнок"лар қатламини йўқ қилиш мақсадини кўзлагани ҳақидаги фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Мамлакатда шу йил январида четдан импорт товарларни олиб киришни чеклаш, истеъмол маҳсулотларини Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадидаги чораларга қўл урилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.