BBC navigation

Компютер ўйини орқали Ўзбекистон пахта далаларига марҳамат қилинг

Сўнгги янгиланиш 19 феврал 2013 - 12:28 GMT

Муаллиф компютер ўйини орқали ўзбек болаларининг бир кунлик заҳматини кўрсатиб беришга уринганини айтади

Британияда - "Пахта теримидаги бир куним" деб номланган янги видеоўйин яратилган. GameTheNews.neт ширкати ходими ва муаллиф Томас Роулингнинг айтишича, мазкур лойиҳа орқали компютер ўйини ишқибозлари Ўзбекистон пахта даласига виртуал тарзда таклиф этилади ва уларга пахта теришнинг, айниқса, болалар учун қанчалик оғир иш эканлиги кўрсатиб берилади. Роулинг жаноблари ўзбекистонлик болаларнинг пахта йиғим-теримига мажбурланиши борасида Британия матбуотида чоп этилган мақолалардан билиб олган.

Томас Роулинг: Мен Твиттерда Ўзбекистондаги пахта теримига оид баъзи ёзишмаларни ўқидим, қизиқишим ҳам шундан бошланди ва мавзуни чуқурроқ ўрганишга киришдим. Ўзбекистондаги вазият борасида кўпроқ маълумотга эга бўлганимдан сўнг, мавзуни ўзимга яқин бўлган тилда, яъни видеоўйини орқали муҳокама қилиш ғояси туғилди. Видеоўйин - ҳар қандай мавзуни ўрганиш учун энг қулай интерактив усулдир. Шу боис, болалар қанча пахта теришлари кераклигини ўйин воситасида кўрсата олсангиз, ўсмирлар ҳам бу маълумотларни тезроқ қабул қилишади.

Би-би-си: Сиз бу видеоўйин қоидаларини тушунтириб бера оласизми? Ўйинчилар нима қилишлари лозим бўлади?

Томас Роулинг: Умуман олганда, кимдир терим мавсумида пахтага юборилади ва у пахта териши керак бўлади. Олдинда икки тугмача мавжуд - биринчиси, "Пахта териш" учун бўлса, иккинчиси, пахтани қолипга солишга мўлжалланган. Бармоғингиз "пахта тер" деган тугмачани босишдан чарчаб қолганда, йиғилган пахталар қиймати ва ундан нималар тайёрланишига оид маълумотлар пайдо бўлади. Яъни, сиз учун белгиланган "Пахта квотаси" нимага арзийди, деган маънода. Бу жуда зерикарли оғир иш, жуда кўп тер тўкканингизга қарамай, алал-оқибат, оладиган пулингиз ҳаминқадар бўлади.

Би-би-си: Сиз яратган видеоуйингиз болалар мажбурий меҳнатига эътибор қаратадими?

Томас Роулинг: Тўппа-тўғри, алал-оқибат, сиз пахта теришдан безор бўлиб, бошқа нарсага, мисол учун, "Ғазабнок қушлар" каби қувноқроқ ўйинга ўтишингиз мумкин. Лекин, "жонимга тегди" деган тугмани босиб, бу ўйиндан чиқиб кетишга уринаркансиз, "агар ҳақиқатдан ҳам, бу ишга мажбурланганингизда, сизда ўйиндан, яъни пахта даласидан чиқиб кетиш имкони бўлмайди", деган қисқа ёзув пайдо бўлади.

Би-би-си: Квотани бажармаганлар учун жазо ҳам кўзда тутилган экан. Улар нималардан иборат?

Томас Роулинг: Мен хабарлардан бундай теримчилар турли йўллар билан жазоланишлари ҳақида билиб олдим. Теримчиларга қарши зўравонлик, мактабдан ҳайдаш хавфи, оила аъзолари ўз иш жойларидан маҳрум бўлиб қолишлари ва ҳоказо. Яъни, расмийлар одамларни пахта далаларида ушлаб туриш учун ҳар қандай усулдан фойдаланишлари мумкин. Бизнинг ўйинимизда эса, маълум муддат ичида пахтани тера олмаган болалар калтакланишади. Лекин, албатта, ўйинда калтаклаш ҳақиқий амалга оширилмайди, фақат пўписа пайдо бўлади. Бу видеоўйин орқали Ўзбекистондаги болалар пахта териш учун қанчалар заҳмат чекишга мажбурланишлари кўрсатиб берилади. Шахсан мен каби, Ўзбекистон хақида жуда кам маълумотга эга бўлган инсонларга пахта теримига сафарбар этилган болалар ҳақидаги маълумотлар жуда тарбиявий аҳамият таъсирга эга бўлади.

Видеоўйинга боришни истасангиз мана бу ерга босинг - бу ерга босинг "Пахта теримидаги бир куним"

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.