BBC navigation

'Ёшлар' телеканали: Валентин куни терроризмга етаклайди

Сўнгги янгиланиш 17 феврал 2013 - 15:01 GMT

Ўзбекистоннинг "Ёшлар" телеканали Валентин куни ё "Севишганлар куни"ни нишонлашни танқид қилиб махсус кўрсатув намойиш этган.

Телеканал 14 февралда "Валентин куни"ни нишонлаетган ёшлар жамиятга хавф солаётган ёвузлик яъни терроризм ва диний эктремизмга йўлиқишлари мумкинлигидан огоҳлантирган.

Эфирга узатилган "Ахлоқсиз байрам" деб номланган кўрсатувда бу байрам маънавият илдизларини суғориб ташлаши, ўзбек халқининг қадимий қадриятлари ўрнига ахлоқсиз урф-одатларни ўрнатиши, шаҳвоний пала-партиш алоқаларга етаклаши ҳақидаги огоҳлар янграган.

Кўрсатувда 14 феврал куни Оврўпода Валентин куни ёки "Севишганлар куни" деб жуда ҳам муҳим кун деб кўрилиши айтилади.

Бу кунни Ўзбек ёшлари ҳам муҳим байрам кунидек кўраётганлари ва бу нарса ёшлар онгига ҳам таъсир қилаётгани афсусланарли ҳол, деб таъкидланади телекўрсатувда.

Валентин куни муносабати билан уюштириладиган тадбирлар Ўзбекистонда миллий маънавият, муқаддас қадриятларга зид экани айтилади.

Бу эса ёшларнинг ўз миллий қадриятларидан узоқлашишларига сабаб бўлиши, ёшлар орасида жинсий пала-партишликни тарғиб қилаётгани урғуланади.

Кўрсатув ижодкорлари Валентин кунини ёшларни шаҳв, бузуқлик йўлига етаклайдиган кун, дейдилар.

Республика Маънавият ва Маърифат марказидан Оллоёр Бобонов, бундан кўзланган мақсад, бизнинг ёшларимизни шаҳвоний лаззатнинг қулларига айлантириш, дейди.

Бунинг оқибатида ёшлар конструктив ғоялар ҳақида, жамият тараққиёти ҳақида янгича фикрларни ўйламай қўядилар, дейди масъул.

Кўрсатувда ёшлар бундай оммавий тадбирлар таъсирига тушиб қолганидан кейин фаҳш ва бузуқлик қулларига айланишлари айтилади.

Бундай ёшларни эса бошқариш осон, уларни осонлик билан бир кунда кўчаларга, хиёбонларга олиб чиқиш мумкин, дейилади.

Кейин бу ёшлар ўз ҳукуматларини ағдариб ташлашади, террорчилик амалларига қўл уришади, дейилади.

Кўрсатувда Валентин кунини тарғиб қилаётганлар қудратли воситалардан фойдаланаётганликлари айтилади.

Мисол учун қизил атиргул муҳаббат рамзи сифатида тақдим этилса-да, қизил ранг инсон онгида зўравонлик ва ҳужумкорлик туйғуларини қўзғайдиган хусусиятга эга, дейилади "Ёшлар" телеканали намойиш этган кўрсатувда.

Валентин кунининг бошқа рамзлари ҳам танқид қилинади.

Хусусан, юрак сурати аёлларнинг оёқ сонини эслатиши айтилади.

Кўрсатув ижодкорлари Валентин кунида кабутарлар рамзидан фойдаланилиши борасида ҳам ўз хавотирларини билдирадилар.

Қадимги Римда фоҳишаларни кабутарлар деб аташган, дейилади кўрсатувда.

Филм якунида "кўзимизни очайлик, ёшларимизни ва ўзимизни фаҳшни тарғиб қиладиган, ахлоққа зид байрамдан муҳофаза қилайлик", деган чақириқ янграйди.

Ғарбда ҳам охирги йилларда Валентин куни ўз маҳсулотини кўпроқ сотиб даромад кўришни истайдиган ширкатларнинг қуролига айланиб бораётгани танқид қилинмоқда.

Бу кун муносабати билан қудратли тарғибот ишга солинаётгани сир эмас.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.