BBC navigation

Россиядаги ўзбек муҳожири ўзининг оналик ҳуқуқидан хавотирда

Сўнгги янгиланиш 14 феврал 2013 - 14:52 GMT

Муҳожирларнинг ўз ҳақлари ва қонунларни билмасликлари ҳам уларнинг ҳаётларини қийинлаштиради.

Петербургда жойлашган Марказий Осиё меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш фондига Ўзбекистон фуқароси Дилором Хайдарова ўзини оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилиниши хавфи борасида мурожаат қилган.

Унинг вояга етмаган уч фарзанди ҳозирда болалар уйига жойлаштирилган бўлиб, расмийлар уларни Ўзбекистонга юборишлари мумкин.

Россияда Марказий Осиёлик муҳожирларнинг ташландиқ болалари кўпаяётгани борасида Россия мулозимлари анчадан бери гапириб келишмоқда.

Умуман, меҳнат муҳожирлари иш илинжида Россияга кетаётганларида, Россия қонунларидан бехабар бўлганлари боис оғир аҳволга тушишади.

Дилором Ҳайдарованинг фарзандлари тақдири нима бўлади, бу ўзбек аёли билан қандай воқеа содир бўлган, дея Петербургдаги ташкилот ходимларидан бири, ҳуқушуносга мурожаат қилдик.

Унинг айтишича, Дилором Ҳайдарова ётоқхонада яшаши мобайнида қўшниси билан ўзаро келишмовчилик келиб чиқиб, кимдир милицияга бу ҳақда хабар берган.

Милиция ходимлари Дилором Ҳайдаровани бўлимга олиб бориб ҳужжатларини текширишган, бироқ у ерда икки кун ушлаб ўтиришган. Натижада қаровсиз қолган фарзандлари "болалар уйи"га жойлаштирилган.

"Дилором опа милиция бўлимидан чиқиб, болалар уйига борганида, болаларни назорат қиладиган ташкилот ходимлари "яшаш шароитингиз белгиланган талабларга жавоб бермагани учун биз ўзимиз қараймиз. Қачон шароитингиз бўлганда келиб болаларингизни олиб кетишингиз мумкин, дейишган. Дилором опа ёлғиз она ҳисобланади, икки ой мобайнида моддий шароити тўғри келмаганлиги учун бундай шароитли уй тополмаган",- дейди Марказий Осиё муҳожирларига ёрдам кўрсатиш фонди ҳуқуқшуноси.

Дилором Ҳайдарова ўзининг оналик ҳуқуқи бекор қилинишидан хавотири қанчалик асосли? У фарзандларини болалар уйидан қайтариб ололадими?- деган савол туғилади шу ўринда.

Ҳуқуқшуноснинг айтишича, болаларнинг давлат назоратида қолиш муддати ота-онасининг розилиги билан ҳар олти ойда муддатлари узайтирилиши мумкин. Лекин Дилором Ҳайдарованинг оналик ҳуқуқи сақлаб қолинади, уни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишга етарли асослар топилмаган.

Шу боисдан айни вақтда болаларни ота-онанинг ўзида қолдириш, етарли шароитлар яратиб бериш ва Ўзбекистонга жўнатиш чоралари кўрилмоқда экан. Келишувга биноан тегишли идора ходимлари келиб болаларни Ўзбекистонга олиб кетишади. У ерда болалар Дилором Ҳайдарованинг опаси қарамоғига топширилади. Меҳнат муҳожирининг ўзи ҳам бир ой ичида давлатнинг берган ёрдами билан Ўзбекистонга чиқиб кетиши айтилмоқда.

"Россияга келаётган муҳожирлар кўп ҳолларда оиласи, болаларини ҳам олиб келишга мажбур бўлади. Шунда уларнинг баъзилари инсонга хос шароитларда, баъзилари умуман қийин шароитларда, ертўлаларда кун кечиряпти. Уларга қўлдан келганча кўмак бериляпти. "Дети Петербурга" деган кўнгилли лойиҳа бошланган. Болаларга рус тилини ўргатиш, дунёқарашини кенгайтириш масаласида. Россияга келаётган меҳнат муҳожирларининг ҳаммаси ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқлари, маҳаллий қонун-қоидаларни билмагани сабабли шундай қийин шароитларга дуч келмоқда. Кўп одамлар бу ерда ўзларини нима кутаётганини билмаган ҳолда келиб, мушкул аҳволга тушиб қолишмоқда",- дейди Петербургдаги муҳожирларга ёрдам кўрсатиш ташкилоти ходими.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.