BBC navigation

Санкт-Петербургда меҳнат муҳожирлари экстремизмда гумон қилинмоқда

Сўнгги янгиланиш 11 феврал 2013 - 09:13 GMT

Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари асосан намозхон меҳнат муҳожирларидан гумон қилмоқда.

Россия ахборот агентликлари хабар тарқатишича, Санкт-Петербург шаҳрида меҳнат муҳожирларининг шахси ва нима билан шуғулланиб юргани яхшилаб ўрганилмоқда.

Яқинда Санкт-Петербург шаҳридан беш нафар Тожикистон фуқаролари чиқариб юборилгани хабар қилинади.

11 феврал куни бир нечта озарбайжонлик меҳнат муҳожирлари ҳам ватанига қайтарилган.

Шунингдек, икки Ўзбекистон фуқаросини ҳам чиқариб юборилиши ҳақида хабарлар бор.

Расмий хабарларга кўра, ўтган жума куни Санкт-Петербург вилояти бўйлаб ўтказилган махсус амалиёт чоғида 271 киши ушланган, улар орасида Россияда ноқонуний яшаб келган муҳожирлар бўлган.

Маълумотларда келтирилишича, ушланган меҳнат муҳожирлари экстремизмда гумон қилинмоқда.

Ўтказилган суриштирув ишларидан сўнг кўпчилик меҳнат муҳожирлар қўйиб юборилган. Бироқ уларнинг бир қанчаси ватанига қайтарилиши мумкин.

Санкт-Петербургда ишловчи ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг айтишича, ҳақиқатдан ҳам жума куни масжидга намоз ўқигани борган оддий намозхонларни ушлаб кетишган.

Лекин ушланганларнинг сони 600-700 атрофида экани айтилмоқда.

Уларнинг ҳозир қаерда эканлиги номаълум, дейди ўзбекистонлик муҳожир.

Ўзбекистонликнинг айтишича, ўзи ҳам жума намозига чиқмоқчи бўлиб кетаётганда милиция ходимлари томонидан ушланган. Унинг ҳужжатларининг муддати тугагани боис бўлимда уч соат ушлаб туриб, кейин қўйиб юборишган.

Санкт-Петербургдаги намозхонлар бир бинодан масжид сифатида фойдаланиб келишган. ОМОНчилар у ерга бориб, намозга тўпланганларни битта-битта текширишган ва 500 га яқин кишини автобусларга солиб сўроқ учун олиб кетишган.

ОМОНчилар кўпроқ соқол қўйган намозхонлардан шубҳаланган. Меҳнат муҳожирининг айтишича, намозхонларнинг кўпида ҳужжат бўлмаган бўлса ҳам, асосий эътибор уларнинг қайси маҳзабга аъзолиги, қандай намоз ўқиши, имоми кимлиги, Арабистондан молиявий ёрдам оладими каби саволларга қаратилган. Сўроқ пайтида меҳнат муҳожирларидан бармоқ излари олинган, яна бир сафар қўлга тушса, юртига чиқариб юборилиши огоҳлантирилган.

Москвадаги инсон ҳуқуқлари фаоли ўзбекистонлик Баҳром Ҳамроевга кўра, "Намозхонларнинг ҳақиқатдан ҳам қўпорувчилик ниятлари борлиги учун эмас, Россия аҳолисини мамлакатдаги муаммолардан чалғитиб, мусулмонларга қарши тасаввур, нафрат уйғотиш учун қилиняпти". "Шу билан бирга улар Россия ҳукуматининг ўз сиёсатини амалга ошириш учун қурбон қилинмоқда, муҳожирлар келган давлатларга Россиянинг манфаатлари учун босим ўтказиш мақсадида ҳам қилинаётган бўлиши мумкин", дейди Баҳром Ҳамроев.

Баҳром Ҳамроевнинг аниқлашича, муҳожирлар намоз ўқиб келган масжиднинг имоми ҳисобланган тожикистонлик фуқаро калтакланган, унинг аллақачон Тожикистонга чиқариб юборилгани маълум бўлган.

Россияда меҳнат муҳожирларига қарши тез-тез турли текширув ва тазйиқлар ўтказиб келиниши янгилик эмас.

Бироқ бу гал меҳнат муҳожирларини экстремизмда айблаб оммавий қўлга олинаётганлиги ва аксариятини ватанларига қайтарилишига айнан нима сабаб бўлаётгани Россиядаги ҳуқуқ фаоллари томонидан ўрганилмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.