BBC navigation

Ўзбекистонда валюта чекловлари ва ҳибслар ортида нима турибди?

Сўнгги янгиланиш 10 феврал 2013 - 11:07 GMT

Ўтиб бораётган ҳафта Ўзбекистонда валюта бозоридаги талваса ҳамда юқори мартабали банк ходимларининг ҳибсга олиниши билан хабар агентликларининг эътиборини тортган.

12news.uz нашрининг хабар беришича, Тошкент шаҳар прокуратураси Ипотека Банкнинг 10 га яқин юқори мартабали ходимларини ҳибсга олган.

Улар сўнгги икки йил мобайнида ўн миллионлаб доллар маблағларни ноқонуний равишда сотганликлари айтилади.

Прокуратуранинг ишонишича, гуруҳнинг ҳар бир аъзоси икки йилда қарийб 1 миллион доллардан маблағни ўзлаштирган.

Айни пайтда пойтахтнинг асосан доллар билан савдо қилувчи йирик улгуржи савдо маркази - Абу Сахий бозорида ҳам муаммолар бошлангани айтилмоқда.

Ҳукумат 1 февралдан аҳолига хорижий валюта сотишни тақиқлаш билан бирга, мамлакатда амал қилиб келаётган валютанинг қора бозорини ҳам назорат қилишга уринмоқда.

Қора бозорга рейдлар янгилик эмас, аммо бу сафар ҳукумат ҳар доимгидан ҳам кўра ҳам репрессивроқ чораларга қўл ураётгани кузатилади.

Марказий банк сўнгги чораларни валюта савдосини такомиллаштириш билан изоҳлаган, аммо ҳибсга олишларнинг ортида турган ҳақиқий сабаблар борасида турлича фаразлар айтилмоқда.

Фаразлардан бири - Ўзбекистоннинг бўшаб қолган ғазнасини тўлдириш. Аммо, Олма-отадан минтақавий таҳлилчи Жоанна Лилис табиий заҳираларга бой Ўзбекистоннинг валютага бу қадар муҳтожлигини савол остига олади.

Жоанна Лилис: Афтидан, тартибни кучайтириш билан Ўзбекистон ҳукумати валюта бозори устидан назоратни кучайтирмоқчи. Шу билан бирга, мамлакатдаги хорижий валюталарнинг қора бозоридаги вазиятги ҳам таъсир кўрсатиш мақсадини кўзлаган. Шунингдек, ноқонуний ва хатто қонуний валюта сотувчилар, яъни қатор банк бошқарувчиларининг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларни ҳам эшитаяпмиз. Эҳтимол, ҳукумат қора бозорни бутунлай йўқ қилмоқчидир. Аммо биринчи кундаги кўтарилишдан кейин қора бозорда АҚШ долларининг нархи туша бошлагани хам айтилмоқда. Бу ҳолда кимлардир нархларнинг тушишидан катта пул қилаётган бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қилса бўлади. Ҳукумат расман халқаро тажрибалар келиб чиқиб, бу каби чораларга қўл ураётганини айтмоқда. Аммо, ҳақиқатда ҳукуматнинг мақсади нима эканини тушуниш жуда ҳам қийин. Чунки, Ўзбекистон ҳукумати ҳамма нарсани ими-жимида қилади ва аҳолига тузук - қуруқ тушунтириб ҳам ўтирмайди бу нарсаларни.

Би-би-си: Валюталар савдоси чекланган бир кунда Божхона қўмитаси амалда импортни чекловчи янги қоидаларни ҳам эълон қилган. Аввалроқ, аҳолининг пенсия ва нафақалари ҳам кесиб ташланган эди. Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистоннинг қаттиқ валюта ва олтин заҳираларининг таги кўриниб қолганидан дарак берадими? Умуман, мамлакат иқтисодининг ҳақиқий аҳволи ҳақида бирон нарса айтиш мумкинми?

Жоанна Лилис: Менимча, бу тўғри. Ўзбекистон ҳукумати ўзининг қаттиқ валюта заҳираларини асрашга ёки тежашга ҳаракат қилаётгани аниқ. Аммо, нима учун, Ўзбекистоннинг қаттиқ валюта ва олтин заҳиралари тугаб қолаётгани тушунарсиз. Чунки, Ўзбекистон четга, қаттиқ валютага пахта сотаяпти, газ, уран сотаяпти. Қолаверса, мамлакат олтин ишлаб чиқариш ва заҳиралари бўйича дунёда етакчи ўринларда. Буларнинг ҳаммаси мамлакат ғазнасига қаттиқ валюталар оқиб келишини таъминлаши керак эди. Агар ҳукумат ҳақиқатан ҳам қаттиқ валюта тақчиллигигига юз тутган бўлса ва ҳозирги каби кескин чораларга қўл уришга мажбур бўлаётган бўлса, бу ердан келиб чиқадиган асосий савол шу: мамлакатнинг табиий заҳиралари, газ, уран ва олтин савдосидан келаётган пуллар қаёққа кетаяпти? Пахтанинг пуллари қаёққа кетаяпти? Менимча, бу саволларга жавоб топиш жуда қийин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.