BBC navigation

'Британия транзит йўли эвазига Ўзбекистонга ҳарбий жиҳозларини сотади'

Сўнгги янгиланиш 8 феврал 2013 - 10:26 GMT
Термиз-Ҳайратон темир йўли

Термиз-Ҳайратон темир йўли Афғонистондан иттифоқчи кучларни олиб чиқишда асосий транзит ўтиш нуқтасига айланади.

The Times ("Таймс") рўзномасининг хабар беришича, Афғонистондан минглаб ҳарбий машина ва контейнерларини олиб чиқишига изн бергани учун Британия "Ўзбекистоннинг авторитар режими"га ҳарбий жиҳозларни сотади.

Афғонистон жанубидаги Лашкаргоҳ шаҳридан "Таймс" мухбири Жереми Келлининг Британия Мудофаа вазири Филип Ҳаммондга иқтибосан ёзишича, Британия Ўзбекистон темир ва автомбил йўллари орқали йирик миқдордаги ҳарбий жиҳозларни келгуси йил охирига олиб чиқиш ҳақида расмий Тошкент билан битимга эришган.

Британия Мудофаа вазири Ўзбекистон қандай қурол-аслаҳалар пешидан эканини айтмаган, бироқ истаган қуролини олиши эҳтимоли катта эканига ишора қилган.

"Таймс" ёзишича, қурол-аслаҳаларнинг бир қисми Афғонистон миллий армияси ихтиёрига топширилса-да, халқаро кучларнинг чиқиб кетишидан энг кўп Ўзбекистон фойда кўради.

Қўшма Штатлар ҳам, Олмония ҳам Афғонистондан олиб чиқиладиган ҳарбий жиҳозларни Ўзбекистонга сотишни исташлари айтилади, деб ёзади Жереми Келли.

Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги битимга мувофиқ, Британия Ўзбекистонга Афғонистон билан чегараларини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган зирҳли автоуловларни сотиши мумкин.

Британия ҳарбий мулозимларига кўра, 11 йиллик уруш давомида Афғонистонда 6,500 контейнер ҳарбий жиҳоз ва 2,600 дона ҳарбий улов жамланиб қолган.

Ҳарбий қурол-аслаҳаларни Афғонистондан олиб чиқиш ишларига 9 минг нафар бўлган Британия ҳарбийларининг олтидан бири жалб этилади.

Британия Мудофаа вазири арзонлаштирилган нархларда сотилиши лозим бўлган ҳарбий жиҳозлар ҳақида мамлакат парламентига ҳисобот берилишини айтган.

"Умумий тамойилимиз шундайки, биз ички норозиликни бостириш учун ишлатилиши мумкин бўлган жиҳозларни бермаймиз, аммо 2014 йилдан кейин Ўзбекистон Афғонистон билан мавжуд узун чегарасида аниқ муаммоларга рўбарў бўлади," - деб айтган Филип Ҳаммонд.

У баъзи қурол-аслаҳаларни Британияга қайтариб олиб кетишдан иқтисодий жиҳатдан нафъ йўқлигини айтган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.