BBC navigation

'АҚШ жосуслик хизмати ва Ўзбекистон ҳамкорлик қилган'

Сўнгги янгиланиш 7 феврал 2013 - 09:30 GMT

АҚШ жосуслари террорда гумон қилинган ўнларча маҳбусни Тошкентда тергов қилишгани айтилмоқда

Америка "Очиқ Жамият" институти тайёрлаган 216 саҳифали ҳисобот 2001 йил 11 сентябрь ҳужумларидан кейинги АҚШ жосуслик хизматлари ва 54 мамлакат орасида кечган махфий ҳамкорлик борасидаги тафсилотларни ошкор этади.

Булар орасида Эрон ва собиқ иттифоқ давлатларидан фақат Литва ҳамда Ўзбекистон бор.

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон бу ҳамкорлик давомида ўз қамоқхоналари ва ҳаво қўналғаларидан фойдаланишга рухсат берган.

АҚШ Марказий Жосуслик Хизмати маҳбусларга нисбатан қўллайдиган тергов усулларини инсон ҳуқуқлари фаоллари қийноққа тенглаштиришади.

Ҳисоботга кўра, Марказий Жосуслик Хизмати шу боис ҳам қийноқ кенг қўлланадиган мамлакатларни танлаган бўлиши мумкин.

Шу асно ал-Қоида тармоғига алоқадорлик ёки террор ҳаракатларига оид айбларга юз тутган 130 нафардан зиёд инсонни айни мамлакатларга олиб боришган.

Нью-Йорк Таймс нашри ҳали 8 йил олдин собиқ жосуслик зобитлари сўзларига таянган ҳолда, террорда айбланган одамларнинг тергов учун Ўзбекистонга жўнатилгани ҳақида ёзганди.

Сўнгги ҳисоботга биноан, Марказий Жосуслик Хизмати бу борада изоҳ беришдан бош тортган, аммо разведка ходими ўнларча одам Тошкентга тергов учун жўнатилгани ҳақида билдирган.

2009 йили эса Буюк Британиядан бошпана сўраган собиқ ўзбек жосуси ҳам бу борадаги хабарларни тасдиқлаганди.

Кейинчалик, БМТ ҳисоботида ҳам Марказий Жосуслик Хизмати ва Blackwater хусусий хавфсизлик ширкати орасида махсус шартнома имзолангани эслатилади.

Мазкур шартномага мувофиқ, Blackwater ширкати Гуантанамодаги террорда гумон қилинган одамларни тергов қилиш учун Покистон, Афғонистон ва Ўзбекистондаги махфий ҳибсхоналарга олиб борган.

Аммо Ўзбекистон ва қатор бошқа мамлакатларда тергов қилинган барча инсонлар тақдири борасида аниқ маълумотлар йўқ.

Айни дамда, Буюк Британия, Олмония ва Италия каби Ғарбий Оврўпо мамлакатлари ҳам АҚШ жосуслик хизматларига мадад беришган.

Ҳар вақт очиқдан-очиқ аскиламерика мавқеида бўлиб келган Эрон ҳам 2011 йил 11 сентябрь ҳужумларидан кейин ўз ҳудудида ал-Қоидага алоқадорликда айбланган одамларни ушлаб, ўз вақтида АҚШ ишғоли остида бўлган Афғониистонга топширган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.