BBC navigation

Ўзбекистон НАТОнинг ишлатилган қуролларига кўз тикмоқда

Сўнгги янгиланиш 1 феврал 2013 - 12:46 GMT

"Нью- Йорк Таймс" газетининг ёзишича, Ғарб Афғонистондан ҳарбий кучларини олиб чиқишни режалашда давом этар экан, Ўзбекистон бундан фойдаланиб қолиш ниятида, яъни, биз йўлларимизни берамиз, сиз эса ҳарбий машиналару қуролларингиздан ташлаб кетасиз қабилида келишувга кўз тикишмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати вакиллари бу режалари билан ими-жимида Америка, Олмония ва Британия мулозимларига мурожаат қилишган. НАТО мулозимлари, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва Олмония хабар агентликларига кўра, халқаро эмбаргога қарамасдан, Тошкент ўз ҳарбий салоҳиятини кучайтириб олишга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон мулозимларининг рўйхатида ҳарбий машиналар, миналарни аниқловчи ускуналар, тикучарлар, навигацион жиҳозлар ва қоронғуда кўриш кўзойнаклари бор. Газетага кўра, бу жиҳозу ускунлар ишлатилган ва чанг босган бўлса ҳам Тошкент мулозимларига « бўлаверади».

Ғарб Ўзбекистон томонининг айни таклифларига эътибор берди. Кремл эса ана шу эътибордан норози ва қўшни Қирғизистон билан ҳарбий аслаҳаларга доир келишувга эришишга шошилди.

"Ўзбеклар учун бу савдолашишнинг энг мақбул имконияти", дейди Барнард Коллежи профессори ва Марказий Осиё масалаларида мутахассис Александр Кулей газета мухбири билан суҳбатда.

Ўзбекистон Transparency International ташкилоти томонидан дунёнинг олтинчи энг коррупциялашган давлати дея тан олинган.

Тошкент Оврўпо ва Америкадан қатор қуролларни сотиб олиш ҳуқуқини бой берган ва бунга сабаб, газетага кўра, ўн йилча аввал сиёсий маҳбусларнинг қамоқда шубҳали тарзда ўлганлари сабаб бўлган. Газетага кўра, айрим маҳбуслар қайнатилган сув тўкилиши оқибатида жон таслим қилган.

Аммо Ню Йорк Таймс газетига кўра, Ғарб учун Ўзбекистон мулозимларининг таклифи арзимас таклиф эмас. НАТО келаси икки йил ичида Афғонистондан 70000 ҳарбий машиналар ва 120000 юк контейнерларини чиқариши керак. НАТО учун темир йўл ва текис автомобил йўллари ўта зарур...

Гарчанд, Покистоннинг бандаргоҳлари НАТО юклари учун энг қулай ва арзон бўлса ҳам, иттифоқчи кучлар мулозимлари Исломобод пул учун яна йўлни ёпиб қўйишидан хавотирга тушишган. 2011 ва 2012 йилда Америка билан дипломатик зиддиятлар чоғи Покистон ўз йўлларини ёпиб қўйган эди.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон мулозимларининг таклифларини жиддий қабул қилди ва бундан ўн йилча аввал ўрнатилган ҳарбий аслаҳалар савдосига қўйилган тақиқни қисман бекор қилди.

Нодавлат ташкилотлар мутахассисларига кўра, шу ой Америка мулозимлари Вашингтонда Тошкентдаги ҳамкасблари билан айни масалани муҳокама қилишган.

Ироқ урушида бўлгани каби Америка учун айрим аслаҳаларни мамлакатдан олиб чиқиб кетиш уларнинг қийматидан кўра қимматга тушади. Натижада ўн минглаб кондиционерлар ўрнатилган "вагончалар" Ироқда қолдирилди, кўплаб ҳарбий машиналар Қувайт чегара ҳудудларига ташлаб чиқилди.

Қурол яроғларни қолдириб кетиш жанг майдонлари учун бегона манзара эмас. Шўролар 1989 йили Афғонистонни ташлаб чиқишар экан, мамлакат эски аслаҳалар бозорига айланди.

АҚШ Давлат департаменти " ҳар қандай қурол яроғ ва жиҳозларни бошқа бир давлатга топшириш ва ёки қандай қуроллар ҳақида гап бораётганидан фол очишга ҳали эрта " қабилида баёнот берди.

"Фақат Мудофаа вазирлиги ортиқча деб билган аслаҳалар хорижий давлатларга берилиши мумкин, булар қаторида Марказий Осиёдаги Шимолий Йўналиш тармоғи давлатлари ҳам бор", дейилади.

Бу каби эътирофдан руҳланган Ўзбекистон мулозимлари ўз талаблари рўйхатини кенгайтира бошлашди деб айтган Афғонистондан чиқиш йўлларига маъсул Америка мулозимларидан бири ўз номини ошкор этмаслик шарти билан "Нью Йорк Таймс" газетига.

Тошкентнинг талаблари рўйхати аввалига камтарингина бўлиб, тунда кўрадиган кўзойнаклару бошқа жиҳозлар билан чегараланган эса, ҳозирга келиб Америкада ишланган йирик ва қимматли MRAP ҳарбий машиналари ва йўлда ўрнатиладиган бомбаларга чидамли 14 тонналик юк машиналарини ҳам ўз ичига олмоқда.

Ўзбекистон кўз тиккан бошқа ҳарбий аслаҳалар қаторида миналарни аниқловчи, навигация жиҳозлари ва ҳатто эҳтимолки дрон учоқлари ҳам бор деб ёзади Олмониянинг Der Spiegel нашри. Бир сўз билан айтганда Тошкент НАТОнинг Афғонистондан чиқишида арзон гаров "ҳарбий бозорлик" қилмоқчи...

Ўзбекистон ҳукумати ана шу "бозорлик " қилиш жараёнида ўзининг Россия қуролларига қарамлигидан оз бўлса ҳам озод қилиш ниятида ва бу Москва нигоҳи остида қўшнилари билан чегара анклавлари ҳамда сув юзасидан келишмовчиликлар манзарасидаги жараёндир.

Декабр ойида Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик Шартномасидан чиқди ва айни пайтда Ғарбдан қурол яроқ талабини кучайтирди.

Россия эса Қирғизистонга 1 миллиард долларга тенг қурол яроқ шартномасини таклиф қилди.

Бир неча йиллардан бери Термездан Олмониянинг ҳарбий тикучарлари парвозини кузатиб келаётган Тошкент мулозимлари ўтган йил март ойида Ўзбекистонга келган Олмон Мудофаа вазирига бизга ҳам шунақа тикучарлар керак деб айтишди, деб хабар қилганди Олмониянинг Frankfurter Allgemeine Zeitung газети.

Июл ойида эса Британия вакиллари Тошкентда тўхтаб ўтишди. Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Маррейга кўра, Тошкент ва Лондон сўзлашувларида Британиянинг харбий машиналари ва Land Roverларни Ўзбекистонга йўл учун тўлов масаласи кўрилаётган бўлиши мумкин.

Бу каби музокаралар Олмон парламентини анча ташвишга солди ва ҳукуматдан масалага ойдинлик киритиш сўралди.

"Ўзбекистонлик каттагина маблағ исташаяпти ва ё қурол яроқларни қолдиришни сўрашаяпти, мен бу ҳақда огоҳ манбалардан эшитдим... Ўзбекистон мулозимлари айни масалада дейлик фуқаровий ёрдам ва ё университет талабалари алмашуви билан қизиқишаётгани йўқ. Улар ҳарбий аслаҳалар билан қизиқишмоқда экан", деб айтган Ню Йорк Таймс газетига парламент вакили Виола Вон Крамон.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя этувчи гуруҳлар эса Ғарб ҳарбий аслаҳаларини Тошкент қўлига тушишидан хавотирда.

"Ўзбекистон биз фаолият олиб борадиган 100 дан ортиқ давлатлар ичида инсон ҳуқуқлари билан вазияти энг абгор бўлган давлатлардан биридир", дейди Ҳюман Райтс Воч ташкилотидан Стив Свердлоу.

2005 йилда Ўзбекистон ҳарбий қўшинлари Андижон марказига йиғилган намойишчиларига қарши ўт очган ва газетанинг мухолифат партиясига иқтибосан ёзишича, 745 инсонни қурбон қилган эди. Бошқа тарафдан мамлакат иқтисоди асосан болалар ва катталарни пахта далаларида мажбурий ишлатиш эвазига келадиган даромадга боғлиқ эканини ёзади газета.

Ғарб ҳарбий мулозимлари Ўзбекистон билан келишувларни тўхтатмай турган бир паллада, 100дан ортиқ йирик ширкатлар Ўзбекистон пахтасини ишлатмаслик ваъдасини беришган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.