BBC navigation

Сиэтл университетида Ўзбек режимини ўзгартиришга бағишланган анжуман

Сўнгги янгиланиш 21 январ 2013 - 11:06 GMT

Америка Қўшма Штатларининг Сиэтл Университетида Ўзбекистонда режимни ўзгартириш мавзусига бағишланган анжуман бошланган.

Конференция ташкилотчиси бир пайтлар Ўзбекистонда фаолият юритган AwarenessProjects.org, "Огоҳлик лойиҳалари" нодавлат ташкилотидир.

"Огоҳлик лойиҳаси" асосчиларининг айтишларича, бу ташкилот инсонларни саломатлик масалаларидан бохабар қилиш, хусусан ВИЧ вирусидан сақланиш, инсон ҳуқуқлари ҳамда иқлим ўзгариши муаммоларини омма ўртасида тарғиб этиш мақсадида тузилган.

Ташкилот фаоллари 5 йил мобайнида фаолият юритганларини, бироқ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари сингари масалалар билан шуғулланмаслик лозимлиги борасида босимларга дуч келганларини айтадилар.

AwarenessProjects.org фаолларининг айтишларича, шундан сўнг ташкилот ўз эътиборини АҚШ ҳудудида Ўзбекистондаги муаммолардан бохабар этиш йўналишига қаратган.

Бу йўлда Сиэтл Университети ва AwarenessProjects.org ташкилоти биргаликда ташкил этган анжуман Ўзбекистондаги режим ўзгариши мавзусига бағишланган.

Анжуман маърузачиларидан бири АҚШдаги Марказий Осиё ва Қофқоз бўйича тадқиқотчи Сара Кендзиор.

Би-би-си Сара Кендзиордан кейинги йилларда Ўзбекистонда режим ўзгариши кутилаяптими, чунки режим ўзгариши ҳақида анча вақтдан буён гапириб келинади, аммо бунақа башоратлар тасдиқлангани йўқ, деб сўради.

Сара Кендзиор: Ўйлайманки, бундай эҳтимол олдингига қараганда ҳам ҳозир ҳақиқатга яқин келиб қолди. Чунки жаноб Каримов 75 ёшга кирди. Жисмоний соғлик нуқтаи назаридан нимадир бўлиши мумкин. Менинг фикримча, у ўзининг бўлажак ворисини аста-секин илгари сураётгани аломатлари ҳам пайдо бўлди. Бироқ бу ҳақдаги тафсилотларни, ахборотни қўлга киритиш қийин. Сабаби, ҳукумат бундай ахборотни сир сақлашни хоҳлайди.

Би-би-си: Сизнинг бу анжумандаги маърузангиз мавзуси Ўзбекистонда шаклланган сиёсий маданиятга бағишланган. Маърузангизнинг асосий нуқталари қайсилар?

Сара Кендзиор: Муҳим бир нарса - Ўзбекистонда одамлар ўзгаришни кутиб яшаяптилар. Улар ҳозирги аҳвол доимо шундай бўлиб қолмаслигига ишонадилар. Мамлакатдаги вазиятга қарасангиз, иқтисодий ва сиёсий таназзул кенг тарқалганини кўрасиз. Сиз коррупцияни кўрасиз, иқтисодий турғунликни кўрасиз. Инсонларнинг ўз фикрларини эркин ифода қилиш ҳуқуқлари инкор этилаяпти, диний эътиқодларини эркин адо этиш ҳуқуқлари рад этилаяпти. Бу аҳвол кўп йилардан буён сақланиб қолаяпти ва ҳар бир одам бу қачон ниҳоясига етар экан, деган саволни бераяпти. Аслида бундан кейин нима бўлади? Буни ҳеч ким билмайди. Лекин мен ўйлайманки, шу нарса муҳимки, ҳозир одамлар Ўзбекистонда ҳаёт қандай бўлиши керак, деган савол устида бош қотираяптилар. Айниқса, узоқ давом этган бундай ўзгаришсиз йиллар ортидан мамлакатда қандай ўзгаришлар амалга оширилиши керак, деган савол қўйилаётгани муҳим. Шу йиллар давомида ўзбекларнинг мана шу муҳитда бутун бошли бир авлоди ўсиб вояга етди. Ҳозир 20-30 ёшда бўлган ёшларнинг ҳаёт бошқача бўлиши деб тасаввур қилишлари қийин, деб ўйлайман. Шунинг учун мен бундай анжуман ташкил этилганидан хурсандман. Бу анжуманда ёш ўзбекларни кўриш, ўзбеклар режим ўзгариши ҳақидаги гапираётганларини кўриш, улар шундай масала муаммолар мавжудлигини тан олаётганлари ва бу муаммони ҳал этиш йўлларини излаётганларини кўришнинг ўзи қувонарли.

Би-би-си: Лекин шундай эътироз билдиришлари мумкинки, мамлакатда бутун маданият режимга хизмат қилади ёки унга хизмат қилишга қаратилган.

Сара Кендзиор: Тўғри, бундай шароитда одамларнинг режимга хизмат қилишдан ўзга танловлари йўқ. Бу ҳар қандай авторитар давлатга хос нарса. Одамларнинг мана шундай маданиятда яшашдан ўзга имконлари йўқ ва биз одамларнинг нимани хоҳлаётганларини эркин тилларига чиқара олмасликларини яхши биламиз. Шунинг учун халқ нимани хоҳлаяпти, деган саволга жавоб бериш ҳақиқатдан ҳам қийин. Чунки одамлар ўзларининг шахсий фикрларини эркин ифода этишдан қўрқадилар. Одамлар Ўзбекистонда ҳеч нарсани танқид қила олмайдилар. Чунки улар фақат шахсан ўзларига нима бўлиши оқибатлари ҳақидагина эмас, агар фикрини очиқ айтса, ўзининг оиласига, қариндошларига ва дўстларига бирор нарса бўлишидан қўрқадилар. Ва бу нарса Ўзбек ҳукумати қўлидан келадиган энг самарали ва даҳшатли нарсадир. Улар нафақат бир шахсни жазолайдилар, балки бу шахс яқинларини жазолайдилар ёки таҳдидга қўядилар.

Би-би-си: Сиз қандай фикрдасиз, Ўзбекистонда Ганди, Неру ёки Бҳутто сулолаларига ўхшаган сиёсий ворислик учун шароит борми?

Сара Кендзиор: Мен ўйлайманки, Президент Каримовнинг шахсан ўзи қудратнинг ўз оиласида қолишини афзал кўради. Боиси, Ўзбек жамиятига сиёсий ишонч йўқ, раҳбарлар орасидаги шахсларга сиёсий ишонч йўқ. Молиявий манфаат ҳам қудратнинг оила ичида қолишини тақозо этади. Охирги ойлар мобайнида Гулнора Каримова халқаро саҳнада ўзини кўпроқ намойиш этаяпти. Аммо мен Ўзбек ҳукуматининг уни чин дилдан кейинги сиёсий ворис сифатида дунёга тақдим этмоқчи бўлаётганига ишончим комил эмас.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.