BBC navigation

TeliaSonera ва Каримова: "Жиноят содир этилган"

Сўнгги янгиланиш 16 январ 2013 - 11:57 GMT

Фредрик Лорин Гулнора Каримовага яқин шахсга пора тўлангани даъвоси билан чиққан журналистик тергов ортида турган мухбирлардан биридир

Швеция Аппеляцион Маҳкамаси TeliaSonera ва Takilant ширкатларининг порахўрликка аралашгани борасидаги даъволар асосида маблағларини музлатиш юзасидан ҳукм чиқариб, Швеция ҳудудида жиноят юз берган дея қарор чиқарган.

Энди прокурорлар қуйи маҳкамага қайта мурожаат этиб, TeliaSonera ва Takilant маблағларини музлатилишига йўл очилади.

Швеция Аппеляцион Маҳкамаси TeliaSonera мобил телефон ширкатининг Ўзбекистонда фаолият юритиш учун лицензия олиш жараёнида пора берганми йўқлигини текширган ва бу пора Швеция ҳудудида юз берган дея қарор қилган.

Маблағларни музлатиб қўйиш талабини Швеция Коррупцияга қарши Кураш Бўлинмасининг Бош прокурори Гуннар Штетлер илгари сурган.

Жаноб Штетлер TeliaSonera ва Ўзбекистондаги ҳамкор ширкат ўртасида эришилган келишувга мамлакат президенти Ислом Каримовнинг яқинлари билвосита алоқадор эканликларини кўрсатувчи қатор ҳужжатларни маҳкамага тақдим этганди.

Стокгольмдаги Аппеляцион маҳкамага тақдим этилган бу ҳужжатлар Ўзбекистондаги телекоммуникациялар бозорига кириб боришда TeliaSonera қандай ҳаракатларни амалга оширганлиги ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради.

Бу ҳужжатларда Ўзбекистонда қудратда бўлган доиралар TeliaSonera билан эришилган битимдан манфаатдор ва ширкатнинг ўзи ҳам бу йўлда олиб борилган музокаралардан хабардор бўлганлиги бўлиши мумкинлигидан далолат беради.

TeliaSonera Ўзбекистондаги лицензияга эришиш йўлида пора берганлиги ҳақидаги даъволарни рад этиб келмоқда. Ширкатнинг айтишича, тўланган пуллар Ўзбекистонга сармоя ётқизишнинг таркибий қисми сифатида қонунуий ҳамкор - "Takilant" ширкатига тўланган ва бошқа ҳеч қандай шахс бу битимдан манфаатдор бўлмаган.

Би-би-си маҳкама жараёнини кузатган ва журналистик терговни олиб борган Швециялик журналисти Фредрик Лорин билан боғланиб, охирги қарор тафсилотини сўради.

Лорин: Швециянинг аппеляция маҳкамаси ҳақиқатдан ҳам жиноят содир этилган ва бу Швеция маҳкамасида кўриб чиқилиши мумкин дея қарор қилган. Чунки жиноят Швеция ҳудудида юз берган бўлиши мумкин. Прокурорлар айнан шундай қарорни исташганди. Бу қарор мазкур тергов учун жуда муҳим, чунки энди буёғига прокурор янада кўпроқ ҳисоблар ва маблағларни музлатишни сўраши мумкин бўлади.

Би-би-си: Агар пул ва ҳисоблар музлатилса, бу нимани англатади?

Лорин: Бу дегани ўша пулнинг эгаси тергов тугамагунча ўз пулини ё ҳисобини назорат эта олмайди. Прокурор шуни сўраган, у бир неча миллион долларлик банк ҳисоблари музлатилишини сўраган. Бу ҳисоблар Телиасонера ва бошқа айбланувчиларга тегишли.

Би-би-си: Мана энди Швеция аппеляция маҳкамаси Швеция ҳудудида жиноят содир этилган бўлиши мумкин дея қарор қилаётган экан, энди буёғига нима бўлади?

Лорин: Энди прокурор мазкур ишни яна қайтадан маҳаллий маҳкамага топширади. Прокурор аввал ана шу маҳкамага мурожаат қилиб, ҳисоблар музлатилишини сўраганди. Энди бу жиноят Швеция ҳудудида содир этилган бўлиши мумкинлиги қарор қилинган экан, маҳаллий ҳакам бу иш борасида қарор чиқариши керак бўлади. Яъни айнан маҳаллий ҳакам қандайдир ҳисобни музлатиш ё музлатмаслик борасида қарор чиқариши кутилади.

Би-би-си: Бу маҳкама иши Швеция учун, швед бизнеси ва Телиасонера учун нимани англатади?

Лорин: Бу жуда мубоҳасали масала, чунки, сизга маълумки, Телиасонера ҳиссаларининг аксари швед ҳукуматига тегишли. Телиасонера Каримов режимига яқин одамларнинг ҳисобларига бир неча миллионлаб доллар пул тўлаб, бу каби йирик можарога ботиб қолган.

Би-би-си: Яқинда Телиасонерага тегишли Коском ширкати директорининг Ўзбекистон алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация қўмитаси раисига йўллаган мактуби юзага чиқди, унда Коском ширкати директори қўмита раисидан зудлик билан лицензиялар ва тўлқинлар борасида қонуний амал қилгани ҳақида баёнот чиқаришни сўраган. Бу каби ўзаро музокаралар Ўзбекистон ва Телиасонера ўртасида яширинча музокаралар кетаётганини англатадими?

Лорин: Ҳа, биз улар сирли музокараларни 2007 йилдан бери олиб боришганларини хабар қилдик. Телиасонера ўшанда Ўзбекистондан лицензияларни сотиб олишга уринаётган бўлган. Унда Телиасонеранинг вакиллари тўғридан тўғри Гулнора Каримованинг вакиллари билан музокаралар қилаётган бўлишган.

Би-би-си: Охирги қарор бўйича Телиасонера бирор муносабат билдирдими? Шу пайтгача у анча камгап кўринаяпти.

Лорин: Қарор хозиргина чиққани учун ҳали Телиасонерадан бирон муносабат олганимиз йўқ. Билмадим, Телиасонера ўз ширкати ичида ички тергов очганини айтган. Энди ўша ички тергов тугамагунча, бирон шарх беришни истамаймиз дейишаяпти.

Би-би-си: Сиз бу ишни тергов қилган ва бошлаб берган журналист сифатида маҳкаманинг янги қарорини ўзинингиз учун ғалаба деб кўрасизми?

Лорин: Бу иш маҳкамагача чиққани жуда-жуда муҳим деб биламан, прокурорлар ва Швеция полицияси энди терговни олиб боришлари учун имконият туғилади ва бу олдинга қўйилган катта қадам.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.