BBC navigation

ОХҲТ Ўзбекистон билан 'тўлароқ мулоқот'га умид қилмоқда

Сўнгги янгиланиш 21 декабр 2012 - 11:54 GMT

Жаноб Заниер ОХҲТ Ўзбекистон учун кўпгина соҳаларда долзарблигига ишонишини айтади.

Ўзбекистонга сафар қилган Оврўпо Иттифоқининг Ташқи ишлар бўйича Олий Комиссари Кэтрин Эштон Президент Каримов билан учрашган.

Расмий хабарда айтилишича, учрашув чоғида икки томонлама алоқалар ва минтақавий масалалар муҳокама этилган.

Қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари минтақага сафари арафасида Оврўпо Иттифоқи мулозимини Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аҳволи ва қамоқхоналардаги сиёсий маҳбуслар масаласини кўтаришга чақиришганди.

Эштон хоним Тошкентда бир неча инсон ҳуқуқлари фаоллари билан ҳам кўришган.

Аммо қатор ҳуқуқ фаоллари Оврўпо мулозими билан учрашувга таклиф этилмаганларидан таажжуб билдиришмоқда.

Танқидчилар Оврўпо Иттифоқи, умумият-ла, Марказий Осиёда иқтисодий манфаатларни инсон ҳуқуқлари ва демократиядан устун қўймоқда, деб айтишади.

Иттифоқнинг аввалроқ Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонга нисбатан киритган жазо чораларини бекор қилиши танқидларга сабаб бўлган эди.

Айни пайтда шу кунларда Би-би-сига ташриф буюрган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Бош Котиби Ламберто Заниер Ўзбекистон билан муносабатларни қайта бошлаш ниятида эканликларини айтган.

Унга кўра, расмий Тошкент билан мулоқотлар сўнгги йилларда энг қуйи даражага тушиб кетган.

Президент Каримов ўтмишда ОХҲТни Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида "маъруза ўқимаслик" ҳақида огоҳлантирганди.

Жаноб Каримов шунингдек, ОХҲТнинг сайловлар борасидаги мавқейини ҳам танқид қилган ва ташкилотни ислоҳ қилиш кераклигини айтган.

Би-би-си жаноб Заниердан аввалига ана шу танқидларга муносабатини сўраган.

Ламберто Заниер: Биз Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ўлароқ, ҳамкорликнинг барча жиҳатларига эътибор қаратамиз. Тор доирадаги хавфсизлик, бу фаолиятимизнинг битта йўналиши, холос. Бундан ташқари, иқтисодий йўналиш мавжуд. Минтақада хоҳ у сув масаласи бўлсин, хоҳ энергия ёки чегара савдоси, қийин иқтисодий вазият юзага келган. Ва албаттаки, инсон тараққиёти. Биз бу борада Ўзбекистонда мураккаб вазият юзага келганини биламиз.

Би-Би-си: Сиз Ўзбекистон ҳукумати сизларни жиддий ҳамкор сифатида қабул қилади, деб ўйлайсизми? Ўтмишда жиддий қабул қилишгандир, аммо ҳозир-чи?

Ламберто Заниер: Мен бу саволга жавоб беришим қийин. Чунки мен ўзбек расмийлари билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бормоқчиман ва Ўзбекистоннинг ташкилотимиз кун тартибидаги барча масалалар юзасидан мавқейини қайта кўриб чиқиш имкони бор, деб умид қилаяпман. Мен Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Ўзбекистон учун кўпгина соҳаларда ҳануз долзарблигига ишонаман. Мен биламан, ўзбек раҳбарияти икки томонлама воситалардан фойдаланишни афзал кўради. Албатта, бу уларнинг қарори. Иккинчи томондан, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Ўзбекистонга кўп томонлама чорчўба таклиф қилади. Ўзбекистон ташкилотда аъзо давлат сифатида ўз овозига, демакки, ўз қудратига эга. Пировардида бу мулоқот Ўзбекистон учун фойдали, деб ишонаман. Биз Ўзбекистон раҳбарияти билан тўлароқ мулоқот бошлаш истагидамиз. Ўйлашимча, муносабатларни яхшилашга имкон бор.

Би-Би-си: Ўзбекистон нафақат инсон ҳуқуқлари ва демократия, балки минтақавий хавфсизлик ва ҳамкорлик борасида ҳам ўзига хос қарашларга эга. Расмий Тошкент билан ҳамкорлик қанчалик самарали бўлади, деб ўйлайсиз?

Ламберто Заниер: Минтақадаги энг долзарб масалалардан бири, бу- минтақавий ҳамкорлик масаласидир. Ўзбекистон бу борада ўзининг қарашларга эга эканини жуда яхши биламиз. Расмий Тошкентнинг қўшнилар ва бошқа давлатлар билан муносабатларда қандай воситаларни ишга солиш борасидаги фикри ҳам ўзгача. Аммо Марказий Осиёдаги барча давлатлар учун муштарак бўлган масалалар бор. Афғонистон бунинг яққол мисолидир. Яъни минтақа давлатлари учун умумий бўлган стратегиянинг аҳамияти катта. Биз битта Ўзбекистон эмас, балки минтақадаги ҳар бир давлат ўзининг икки томонлама режаларига эга эканини кўриб турибмиз. Албатта, биз буни олқишлаймиз. Аммо биз шунингдек, стратегик бир ёндошувни ҳам таклиф қилаяпмизки, мен айнан шу масалани келаётган ойларда ўзбек расмийлари билан муҳокама қилиш ниятидаман.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.