BBC navigation

Ўзбекистонда инсонлар ДНК маълумотларининг базаси ташкил қилинади

Сўнгги янгиланиш 23 ноябр 2012 - 15:13 GMT

Шу мақсадда Ўзбекистон парламенти "Геномларни рўйхатга олиш ҳақида" деб номланган қонун лойиҳасини тайёрлашга киришган.

Масъулларга кўра, мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти учун инсонларнинг ДНКлари намуналаридан ташкил топган маълумотлар базасини тузиш муҳимдир.

Янги қонун инсоннинг биологик намуналарини олиш, бу намуналарни рўйхатга олиш ва сақлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.

Ана шу намуналардан маълумотлар базаси ташкил қилинади, Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот органлари ўз фаолиятларда бу базадан фойдаланадилар.

Ўзбекистон ҳукумати ДНК намуналари базасини ташкил қилиш йўлида шу йил 14 ноябрида махсус қарор қабул қилган.

Бу қарорда асосий эътибор Тошкентдаги Хадича Сулаймонова номидаги Суд-экспертиза маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган.

Ушбу марказ директори Саттор Каттахўжаевнинг айтишича, ДНК маълумотлари базасини ташкил қилиш бугунга келиб бошқа мамлакатлар сингари Ўзбекистонда ҳам долзарб вазифага айланган.

"Жиноий фаолиятга алоқадор шахслардан биологик намуналарни олиб, улар асосида ДНК базасини яратиш келгусида қайта жиноят содир этган шахсларни аниқлаш, уюшган жиноятчиликка алоқадор бўлган шахсларни белгилаш, қолаверса, шахси аниқланмаган жасадларни аниқлаш, турли жойлардан топилган жасад қисмларининг бир кишига тегишлими ёки кўп кишига эканини аниқлаш каби масалаларни ҳал қилишда ёрдам беради", дейди Хадича Сулаймонова номидаги Суд-экспертиза маркази директори.

Суд-экспертиза маркази раҳбари айтишича, барча жиноий рўйхатга олишлар каби ДНК намуналарини олиш ҳам оғир жиноятларни содир этган шахслардан мажбурий бўлади.

Шу пайтгача жиноятчи деб кўрилган шахснинг асосан бармоқ изларини олиш, юзи-ташқи кўринишини суратга олиш мажбурий бўлган бўлса, Ўзбекистонда бу борадаги қонун қабул қилинганидан кейин булар қаторига биологик намуналарни олиш ҳам қўшилади.

Бироқ жаноб Каттахўжаев қўшимча қилишича, ўзининг биологик намуналари маълумотлар базасида бўлишини хоҳлаган инсонлар ўз ихтиёрлари билан намуналарини базага киритиши ва хоҳласа базадан олиб ташлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Бироқ ушбу маълумотларни суистеъмол қилиш имконияти сақланиб қолиши туфайли ҳам ДНК намуналари билан боғлиқ масала нозик ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам ДНК намуналари базасини ташкил этиш қатор мамлакатлар жамиятларида кенг баҳсу-мунозаралар билан кечган.

"Албатта, бу қонунни қабул қилиш жараёнида у турли шаклларда муҳокама қилиниши назарда тутилган", дейди Саттор Каттахўжаев.

ДНК намуналари базалари дунёнинг қатор мамлакатларида ташкил этилган.

Бугунги кунда Буюк Британия, АҚШ, Япония, Хитой, Канада, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Чили, Колумбия, Янги Зеландия криминалистлари ўз фаолиятларида ДНК намуналарини текшириш амалиётларини қўллашлари хабар қилинади.

Исландиядаги ДНК базасида 300 минг аҳолиси бор мамлакатнинг ҳар бир фуқароси гени ҳақидаги маълумот тўпланган.

Жаҳондаги энг катта ДНК намуналари базаси Буюк Британияда тўпланган.

Бу база мамлакатда 1995 йилда ташкил қилинган ва унда 3 миллионга яқин намуна сақланади.

Бу намуналар орасида фақатгина озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг эмас, жиноят содир этишда гумон қилинган кишиларнинг ҳам намуналари сақланиши айтилади.

Тошкентдаги Хадича Сулаймонова номидаги Суд-экспертиза маркази директори Саттор Каттахўжаев билан суҳбатни тингланг

Саттор Каттахўжаев билан интервью

Ўзбекистон парламенти "Геномларни рўйхатга олиш ҳақида" деб номланган қонун лойиҳасини тайёрлашга киришган. Бу ҳақда Хадича Сулаймонова номидаги Суд-экспертиза маркази директори Саттор Каттахўжаев билан суҳбат.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.