BBC navigation

Ўзбекистонда полиция бўлиши керакми ё милиция?

Сўнгги янгиланиш 22 ноябр 2012 - 13:44 GMT

Ўзбекистон мустақил бўлганига 21 йил тўлиб ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органининг қонуний мақоми белгиланмаган.

Ўзбекистонда "Ички ишлар органлари тўғрисида" деб номланган қонуннинг лойиҳасини тайёрлашга киришилган.

Инсон ҳақлари гуруҳлари мустақил бўлганидан 21 йил ҳам ўтиб ҳам Ўзбекистонда полициянинг давлатдаги мақомини белгилаб берадиган қонун қабул қилинмаганини танқид қилиб келишади, айнан шу қонуннинг йўқлиги мамлакатда инсон ҳуқуқлари поймол этилишидаги омиллардан бири сифатида тилга олинади.

Милиция ходимлари ҳам ушбу тизим ҳақидаги қонун қабул қилинмагани ўзларининг ижтимоий муҳофазасида муаммоларни юзага келтирганидан шикоят қилишган.

Ўзбекистоннинг давлат назоратидаги оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, 2010 йилда Ўзбекистон президенти эълон қилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш Концепциясини ҳаётга татбиқ этиш доирасида Ўзбек милицияси ҳақидаги қонунни ишлаб чиқишга киришилган.

Шу мақсадда Ўзбекистон президенти 2011 йил 14 январида махсус фармойишга имзо чеккан.

Ушбу фармойишга биноан мамлакатдаги суд-ҳуқуқ тизими соҳасини такомиллаштириш мақсадидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлайдиган махсус комиссия тузилган, бу комиссия таркибида эса "Ички ишлар органлари тўғрисида" деб номланаётган қонуннинг лойиҳасини тайёрлайдиган экспертлар гуруҳи ташкил этилган.

Экспертлар гуруҳи қарийб икки йилдан буён қонун лойиҳаси устида ишлаётганлари хабар қилинади.

Шундай ишлардан бири Тошкентда ташкил этилган давра суҳбати бўлган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги веб-сайтида эълон қилинган хабарга кўра, бу давра суҳбатида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратураси, Олий Суд, Божхона қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ўзбекистон парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Омбудсман идораси, "Маҳалла" жамғармаси ва бошқа идора ва ташкилотларнинг вакиллари иштирок этишган.

Бу давра суҳбатида қайд этилишича, Ўзбекистонда полиция ёки милиция ҳақидаги қонуннинг йўқлиги бу тизим ходимлари учун қачон жисмоний куч қўллаш, қачон ўқотар қуролни ёки махсус воситаларни ишга солиш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқараяпти.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаолларининг мамлакат Ички ишлар вазирлигидаги манбаларига таяниб айтишларича, милиция ҳақидаги қонун лойиҳаси камида 10 йил олдин тайёрланган ва қабул қилиниши учун "юқори" идораларга юборилган.

Милиция - қонуний бўлиши шарт эмас деганини англатадими?

"Юқори" идоралар нега шу пайтгача мамлакатдаги энг асосий кучишлатар тизимнинг қонуний мақомини белгилаб берадиган муҳим қонун қабул қилинмагани сабабини изоҳламаганлар.

Инсон ҳақлари ҳимоячиларига кўра, бу қонун атайин қабул қилинмаяпти.

Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Толиб Ёқубовнинг фикрича, бутун дунёда бу тизимга икки асосий вазифа юклатилади: бири - инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, жамоат тартибини муҳофаза қилиш ва иккинчиси - қонунни бузганларни жазолаш.

"Ўзбекистонда бу тизимдан фақат жазолаш мақсадида фойдаланилади", дейди Толиб Ёқубов.

Ўзбекистонда жамиятдаги тартибни сақлашга қаратилган тизимнинг номи Шўролар давридан сақланиб қолган.

Милиция сўзи инглиз тилидаги militia сўзидан олинган бўлиб, у "қуролли", "лашкар" маъноларини англатади.

Ғалаёнлар пайти жамоат тартибини сақлаш мақсадида ташкил этилган, давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари таркибига кирмаган, кўнгиллилардан таркиб топган мунтазам бўлмаган қуроллиларнинг гуруҳига милиция деб ном берилган.

1917 йилда Чор Россиясидаги Вақтли ҳукумат Рус подшосининг полицияси ўрнига жамоат тартибини сақлаш учун "халқ лашкарлари" ёки "халқ милицияси"ни тузишга қарор қилади.

Октябр инқилобини содир этган большевиклар эса ўзларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига милиция номини берадилар, кейин эса бу ном СССР таркибига кирган республикаларда ҳам қабул қилинади.

70 йилдан ортиқ вақт давомида 10 ноябр Совет милициясининг куни сифатида байрам қилинган.

Ўзбекистонда эса 25 октябр Ички ишлар идоралари ходимлари куни деб эълон қилинган.

СССР парчаланганидан кейин қатор собиқ Шўро республикалари ўзларидаги тизимлар номини полиция деб ўзгартирдилар.

Россияда ҳам 2011 йил 1 мартидан милиция полиция деб атала бошлади.

Ўзбекистонда "Ички ишлар органлари ҳақидаги" қонун қачон қабул қилиниши маълум эмас.

Қонунчилик бўйича қонун лойиҳаси мамлакат парламенти қуйи палатасида қабул қилиниши, уни Ўзбекистон Олий Мажлисининг Сенати тасдиқлаганидан кейин мамлакат президенти имзолаши талаб этилади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.