BBC navigation

'Ёқилғи тақчиллиги сабаби импортчи ширкатлар дуч келган муаммоларга ҳам боғлиқ'

Сўнгги янгиланиш 16 ноябр 2012 - 13:51 GMT

Айрим кишилар эрталаб навбатда туриб, кечга бориб бензин сотиб олишга муваффақ бўлганлар.

Ўзбекистон расмийлари мамлакатда ёқилғи тақчиллиги юзага келганини рад этаётган бир пайтда одамлар ёқилғи қуйиш шохобчаларида бир кунлаб навбатда туришларига тўғри келаётганини айтмоқдалар.

Айрим вилоятларда автомобилларга қуйиладиган ёқилғи камайиб қолганига бир ойдан ошди.

Оқибатда бензиннинг ноқонуний савдоси юзага келган, олибсотарлар 1 литр нархини 3000 сўмдан 5000 сўмгача кўтариб юборганлари ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Расмийлар пахта мавсуми бошланган пайтда бензин ва дизел ёқилғилари ҳосилни йиғиб териб олишга сафабар этилиши натижасида куз ойларида тақчиллик пайдо бўлишини айтишади.

Бироқ шу кеча-кундузда нефт маҳсулотлари таъминоти учун масъул идоралар ҳудудлар учун ажратиладиган бензин ёки дизел ёқилғиси ҳажми камаймаганини айтмоқдалар.

"Ўзнефтмаҳсулот" ташкилоти расмийларига кўра, тақчилликка шахсий автомобиллар эгаларининг ўзлари сабабчи бўлишлари мумкин.

Чунки ёқилғи қуйиш шохобчасида соатлаб навбатда турган ҳайдовчилар автомобиллари баклари тўлгунча бензин қуйиб олишаяпти, бу эса шохобчаларга бир кеча-кундузда келтириладиган нефт маҳсулотининг тез тугаб қолишига олиб келаяпти.

Шу кунларда Ўзбекистон президентининг энг кам маош, пенсия ва нафақалар миқдорини 1 декабрдан ошириш ҳақидаги фармони эълон қилинган.

Фармон матбуотда эълон қилинган кундан айрим вилоятларида нарх-наво кўтарилиши бошланган.

Ўзбекистонликлар тез орада нефт маҳсулотлари баҳолари ҳам кўтирилишини кутишмоқда.

Бундай кайфият ёқилғи таъминотчиларида ҳам кузатилади, айрим хабарларга кўра, ёқилғи қуйиш шохобчалари соҳиблари бензинни ҳозир олиб қўйиб, баҳоси кўтарилганидан кейин сотишни режалайдилар.

Иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаиновнинг айтишича, Ўзбекистондаги асосий ёқилғи ишлаб чиқарувчи корхоналар - Фарғона ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводлари ҳар доимгидиек фаолият юритишмоқда, ишлаб чиқариш ҳажмини камайтирганлари йўқ.

Анвар Ҳусаинов фикрича, ёқилғи тақчиллиги юзага келишига Ўзбекистонга четдан нефт маҳсулотларини импорт қиладиган ширкатлар дуч келган муаммолар ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Бу ширкатларнинг айримлари 6 ойдан буён, айримлари бундан кам муддат ўзларининг сўмдаги даромадларини конвертация қила олмаяптилар.

Бу ширкатлар яна Ўзбекистонга маҳсулот олиб киришлари учун Россия ёки Қозоғистондаги ишлаб чиқарувчиларга пул тўлашлари лозим, бироқ расмийлар тушунтириш бермаётган сабабларга кўра, импортчи ширкатларнинг сўмлари қаттиқ валютага алмаштирилмаяпти.

Натижада айрим ширкатлар буткул фаолиятини тўхтатишига тўғри келган, айримлари эса импортни кескин чегаралаган.

Бензин дефицити мавзуси Интернет ижтимоиий тармоқларида кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига ҳам айланган.

Масалан бухоролик Facebook фойдаланувчиларидан бирининг истеҳзо билан ёзишича, эрталабки соат 6 дан кеч соат 8 гача навбатда туриб, 20 литр бензинга эришган вақти ҳаёт кўзига жуда гўзал кўриниб кетган.

Самарқандлик бир фейсбукчининг ёзишича эса, ишга машинада келди, лекин уйга автобусга кетишга мажбур.

Сиз яшаётган жойда вазият қандай?

Ўз фикрларингизни ушбу саҳифанинг қуйи қисмидаги махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.