BBC navigation

'МТС-Узбекистан' мижозлари орасида саросима бошланган'

Сўнгги янгиланиш 17 июл 2012 - 16:25 GMT

Ўзбекистондан олинаётган хабарларга кўра, собиқ "Уздунробита" мобил алоқа ширкатининг 10 кундан кейин хизмати қайта тикланишидан умидини узган мижозлари ўртасида саросима бошланган, мижозлар тезроқ бошқа ширкатга "ўтишга" шошилмоқдалар.

"МТС-Узбекистан" ширкати 17 июл маҳаллий вақт билан соат 18 дан алоқа хизмати 10 кунга вақтинча тўхтатилаётгани ҳақида эълон қилди, мижозлар қўл телефонларидан қўнғироқ қилиш ва SMS хабар жўнатиш имкониятларидан маҳрум бўлдилар.

"МТС-Узбекистан"нинг мижозлари бошқа мобил алоқа операторларига уланиш йўлларини қидира бошладилар.

Пойтахт Тошкентдаги бошқа ширкатлар идоралари сим-карталар сотиб олиш истагидаги одамларга тўлиб кетган, бир неча интернет саҳифалар Тошкентдаги "Билайн" ва "Юсел" офислари олдида пайдо бўлган навбатлар акс этган фотосуратларни эълон қилган.

Собиқ "Уздунробита"нинг рақиблари шу куни ўз офислари кечки соат 10, 12 гача тўхтовсиз мижозларга хизмат кўрсатиши ҳақида эълон қилганлар.

Айрим хабарларга кўра, ширкатлар сим-карталарини сотиб тугатганлар.

Айрим мижозлар мобил алоқа ширкатининг ўз қарорини кеч эълон қилганидан дарғазаб бўлишган.

Расмий хабарларга кўра, "МТС-Узбекистан"нинг 9 миллиондан ортиқ мижози бўлган.

Сал олдинроқ Ўзбек расмийлари "МТС-Узбекистан" фаолиятида қатор қонунбузарликларни аниқлаганини эълон қилганлар.

Давлат алоқа инспекциясига кўра, "МТС-Узбекистан" ширкати 48 та станцияни ноқонуний ишлатиб келган, мижозлар томонидан уяли алоқа сифатидан шикоятлар тушган.

МТСнинг Ўзбекистондаги раҳбари Бекзод Аҳмедовнинг қочиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Россиянинг "МТС" Очиқ Ҳиссадорлик жамияти расмий баёнот чиқариб, Ўзбекистондаги бўлимларини текшираётган мамлакат давлат идоралари ишидаги қонунбузарликлар ширкатнинг у ердаги фаолиятини хавф остига қўйишини айтганди.

Очиқ Ҳиссадорлик Жамияти "Уздунробита" ва унинг бўлинмаларида 2004 йилдан буён мунтазам равишда олиб борилган солиқ текширувларида қонунга зид бирор бир жиддий ҳолат аниқланмаганини таъкидлайди.

Аммо, кузатувчилар Ўзбекистон раҳбариятини мамлакатда фаолият юритаётган хориж ширкатларни тортиб олиш ё-да, ўрнини бошқа ширкатларга бўшатиш мақсадида турли камчиликлар топишда айблайдилар.

Ўзбек ҳуқуқ-тартибот органлари ширкатнинг Ўзбекистондаги беш раҳбарини ҳибсга олганлари ҳақида хабарлар тарқалган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.