
Обидхон қори охирги йилларда интернет орқали маърузалари билан ҳам яхши танилган
Швециянинг Стромсунд шаҳрида таниқли муҳожиротдаги ўзбекистонлик имом Обидхон қори Назаровга суиқасд уюштирилган. Унинг яқинларидан бири Би-би-си билан суҳбатда Обидхон қори Назаровнинг жарроҳлик амалиётини бошидан кечиргани ва ҳозирда аҳволи қониқарли экани айтган.
Унинг аҳволи ҳозирда оғир, лекин барқарор дея баҳоланмоқда.
Қори 22 феврал куни соат 12 атрофида намоздан уйига қайтаётганда уни ўз подъезди олдида кутиб турган номаълум киши яқин масофадан ўққа тутган.
Хабарларга кўра, Обидхон қори ёрдам сўраб қичқириши ортидан унинг олдига невараси югуриб чиққан ва қуролли шахс яширинишга муваффақ бўлган.
Стромсунд шаҳри полицияси Обидхон қори уйига яқин автобус бекатида тўппонча овозини сусайтирадиган глушитель жиҳозини топган. Бу имомни ўққа тутган шахс томонидан қолдирилгани шубҳа қилинмоқда.
Ислом Овози сайти баёнотидан
Кеча, 22 феврал куни маҳаллий вақт билан соат 12:30лар атрофида устозимиз Обидхон қори акага номаълум шахслар томонидан суиқасд уюштирилди. Бу ҳодиса қори ака яшайдиган бинонинг кириш йўлагида, у киши пешин намозига чиқиб кетаётган вақтларида содир этилган.
Ҳозирда устоз касалхонада шифокорлар назорати остида қолмоқдалар. Шифокорларга кўра, қори аканинг ҳозирги ҳолатлари барқарор.
Айни пайтда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тергов-қидирув ишлари олиб борилаяпти. Тергов манфаатлари ва қори аканинг хавфсизликларидан келиб чиққан ҳолда биз ҳозирда бошқа қўшимча маълумотлар бера олмаймиз.
Таниқли имом 2006 йилдан бери Швецияда яшаб келади. Президент Ислом Каримовнинг ашаддий душманларидан ва ўзбек маъмуриятининг энг таниқли танқидчиларидан бири бўлган имомга расмий Стокгольм сиёсий бошпана берган.
Ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати Обидхон қори Назаровни "Ваҳҳобийлик" диний-сиёсий оқимининг Ўрта Осиёдаги раҳнамоларидан бири сифатида кўради. У Тошкентда ўтган 10 йил ичида амалга оширилган қатор қотилликлар ва ҳужумлар ортидан турганликда айбланган.
Обидхон қори Назаров имомлик қилган Тошкентдаги "Тўхтабой" масжиди 1990-йиллар бошида минглаб мусулмонларни жалб этган.
Тўқсонинчи йиллар ўрталарида ҳукуматнинг масжид ва имомлар устидан назоратни кучайтириш ҳаракатлари Обидхон қори ва тарафдорларининг норозилик чиқишларига сабаб бўлганди.
Бунга жавобан Ўзбекистон диний идораси уни имомликдан четлатди. 1998-йилда у сирли равишда ғойиб бўлганидан сўнг, унга алоқаси бўлган ўнлаб шахслар қамоққа ташланди.
Икки йил муқаддам унинг ўғли Ҳусниддин Назаров милиция томонидан сўроқ қилинганидан кўп ўтмай бедарак йўқолган.
Айни дамда, Швециядаги баъзи таҳлилчилар Обидхон қори барпо қилган масжид маҳаллий миллатчиларнинг норозилигига сабаб бўлиб келганини айтишади.
Баъзи хабарларга кўра, Стромсунд шаҳрида элликдан ортиқ диндор ўзбек оилаларининг жойлаштирилиши швед миллатчиларини ғазабини қўзғатган ва улар ўзбеклар намоз ўқийдиган масжидга ҳужум ҳам уюштирганлар.
Биз билан боғланинг
* Тўлдириш шарт бўлган жойлар













