Ўтин ёқиб ва шам атрофига йиғилиб кун кўраётган баъзи водийликлар вазиятни тош асри дея баҳолашган. Расмийлар эса одамларга газ ва электр тақчилликларини изоҳламайди. Ҳўш халқ қандай кун кўраяпти?

Ўзбекистоннинг кўп ҳудудларида, хусусан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятларида қаттиқ совуқ ва қор кўплигидан мактаблар ёпилган.
Баъзи ҳудудларда душанба ва сешанба кунлари ёпиқ бўлган мактаблар бугун ҳавонинг сал исиши билан қайта очилган.
Мактабда совқотмаётган ўқувчилар уйда совқотишларига тўғри келаяпти, чунки электр ва газ узилишлари давом этмоқда. Баъзи вилоятларда эса бири бўлса иккинчиси йўқ.
Қашқадарёда электр таъминоти йўлга қўйилган, лекин газдан дарак йўқ. Водийда эса кўпчилик иккисидан ҳам қуруқ қолаяпти. Баъзи жойларда ичимлик суви ҳам тақатақ тўхтаган.
Ўтин ёқиб ва шам атрофига йиғилиб кун кўраётган баъзи фарғоналиклар вазиятни тош асри дея баҳолашган.
Расмийлар эса одамларга бу тақчилликларни изоҳламайди. Маҳаллий ҳукуматлар аввалига маиший тўловларни тўламаган аҳолини айблаган бўлса, энди тақчилликни тўла тан олиб, ўтин йиғишни ёз ойларидан бери маслаҳат бериб келганини рўкач қилмоқда.
Ҳўш бу вазиятда халқ қандай кун кўраяпти?
Фарғона вилоятининг Риштон туманида маиший хизматларидаги узилишларни яқиндан ўрганган фаол Баҳодир Элибоевнинг айтишича, халқ "отаси қилган ишни қилаяпти - шам ёқаяпти".
"Одамлар дардини бир-бирига айтиб, ҳасратлашиб, бу кунлар ҳам ўтиб кетиб қолар деб бир-бирини овунтириб ўтирибди. Чойхоналарда одамлар, "жуда светни эзвордия" деб гапиришаяпти", - дейди у.
Қаршилик инсон ҳуқуқлари фаоли Нодир Аҳатовнинг айтишича, "эътибордан четда қолган" Чироқчи, Деҳқонобод, Миришкор туманларида аҳвол жуда оғир. "Суткасига икки соат беради ё бермайди", - дейди у.
"Биласизми, ўзбек халқининг бир характери борки, сизга дардини айтса ва унинг учун кимдир четдан югурса, лекин ўзи ҳеч нарса қилмаса... Президентимизга раҳмат дейди. Бу халқ одам бўладими? Сабр косаси тўлса, у ўзини ўзи ўлдиради, лекин бир жойга "нимадир йўқ" деган гапни олиб чиқолмайди", - дейди у.
Баҳодир Элибоев ҳам унинг сўзларига қўшилади.
"Ростдан ҳам, ҳеч нарса ўзгармайди. Мана Риштонда ўзини осиб ўлдирдию. Эътироз билдиришнинг бошланиши шу", - дейди у.
Суҳбатнинг тўла аудиоверсиясини тингланг.
* Тўлдириш шарт бўлган жойлар
BBC © 2012 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.
Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.