bbc.co.uk navigation

Ўзбекистонга МО Ягона энергетика тизимидан чиқиш қанчага тушди?

Сўнгги янгиланиш 2 феврал 2012 - 13:22 GMT

Медиа плейер

Қозоғистон Марказий Осиё Ягона энергетика тизимидан чиқиб кетмасликка рози бўлган. Остона расмийлари ушбу қарорга Тошкентда Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат энергетика ширкатларининг раҳбарлари билан бўлиб ўтган уч томонлама музокаралар ортидан келганлар.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Cимёғоч

Ўзбекистон 2 йил муқаддам Марказий Осиё энергетика тизимидан чиқиши ортидан электр тақчиллигига дуч кела бошлади

Қозоғистон Марказий Осиё Ягона энергетика тизимидан чиқиб кетмасликка рози бўлган.

Остона расмийлари ушбу қарорга Тошкентда Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат энергетика ширкатларининг раҳбарлари билан бўлиб ўтган уч томонлама музокаралар ортидан келганлар.

Қозоқ расмийларига кўра, Тошкентда шу кунларда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистон Қозоғистондан Марказий Осиё Ягона энергетик тизимидан чиқмасликни сўраган.

Музокаралар сўнгида тарафлар энергетика тизимини аввалгидай паралел равишда ишлатишга келишиб олганлар.

Ўтган йил Қозоғистон қўшни Ўзбекистонни куз-қиш мавсумларида қўшни давлатлар билан келишмаган ҳолда электр энергиясини "систематик тарзда" ўғирлашда айблаган ва Ягона энеретика тизимидан чиқиб кетиш билан таҳдид қилганди.

1998 йилда Марказий Осиёнинг тўрт мамлакати - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари энергия тизимларини паралел равишда ишлатишга оид битимни имзолашган.

Қозоғистонда электр узатиш тизимини идора этувчи KEGOC ширкатининг даъво қилишича, Ўзбекистон мазкур битимда назарда тутилганидан ташқари ўнлаб миллион кВт электр энергиясини истеъмол қилган.

Оқибатда, KEGOCнинг даъво қилишича, Қозоғистоннинг жанубий вилоятларини электр энергияси билан таъминлашда узилишлар рўй берганди.

Қозоқ расмийларига кўра, Тошкентда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг "Ўзбекэнерго" Давлат Ҳиссадорлик Компанияси Қозоғистоннинг KEGOC шикатига 23 миллион доллардан кўпроқ қарзни шу ой охирига қадар тўлашга ваъда берган.

Ягона энергетика тизими

Икки йил муқаддам Ўзбекистон Марказий Осиё Ягона энергетика тизимидан чиққанини эълон қилди.

Айни қадам қўшни давлатлар тарафидан хуш қаршиланмади.

Ўзбек расмийлари мазкур қадамни ички истеъмолчиларни ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлади.

Бироқ, ўшандан буён мамлакатда куз ва қиш мавсумларида газ ва электр тақчиллиги кузатилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумат энергия мустақиллигига тўла эришганини таъкидласа-да, қишда мамлакатнинг деярли барча шаҳар ва қишлоқлари ўтин ва кўмирга ўтади.

Марказий Осиё Ягона энергетика тизими 1998 йилдан бошлаб "паралел" равишда ишлашга ўтганди.

Яъни қиш кунлари бирор мамлакатда узилишлар бўлса, электр тақчиллиги бошқа давлатлар ҳисобидан тўлдирилган.

Марказий Осиёда сув тақичиллиги юзага кела бошлагач, ушбу тизимга аъзо давлатлар ўртасида зиддиятли масалалар ўртага чиқа бошлади.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистоннинг ягона тизимдан чиқиш қарори ортида сиёсий важлар турганди.

Тожикистон ва Қирғизистон йирик гидроэлектр лойиҳалари устида иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон қўшнилари ҳудудида янги гидроэлектр станциялари барпо этилишига қаршилик кўрсатиб келади, чунки, Ўзбекистоннинг айтишича, улар мамлакат ҳудудига келаётган сув миқдорини камайтиради ҳамда пахтага ихтисослашган иқтисодини издан чиқаради.

Марказий Осиё Ягона энергетика тизими бўйича туркум мақолалар муаллифи, собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, ягона эгергетика тизимидан чиқиш қарори Ўзбекистонга қимматга тушаётганини айтади.

Би-би-си Тошпўлат Йўлдошев билан суҳбатлашди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Videos and Photos

BBC © 2012 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.