
Рустам Юсуповнинг яқинлари унинг террор амалиётини тайёрлаётганига ишонишмайди
Татаристонда икки ҳафта аввал милиция ходими томонидан отиб ўлдирилган ўзбекистонлик Рустам Юсуповга алоқадор яна икки киши қўлга олинган. Татарстон Тергов Бошқармаси раҳбарининг бош ёрдамчиси Эдуард Абдуллиннинг матбуотга хабар қилишича, 44 ёшли ўзбекистонлик Радик Валиев ва 37 ёшли Татарстон фуқароси Рауф Ситдиқовлар ҳибсга олинган.
Айни дамда, 12 январда Қозондаги хонадонда отиб ўлдирилган Рустам Юсуповнинг иши бўйича унинг яқинлари ва дўстлари ҳуқуқ-тартибот органларининг версиясидан шубҳа қилишмоқда.
Татарстон Ички Ишлар Вазирлиги Рустам Юсупов ва унинг рафиқаси Лениза Юсупова террор амалиётини тайёрлаётган бўлгани, Мемдель қишлоғидаги уйлардан бирида юз берган портлаш ортидан Қозондаги хонадонда яшириниб ўтирганлари, қишлоқдаги уйдан портловчи жиҳоз ва моддалар топилгани ҳақида хабар тарқатганди.
Вазирлик маълумотига кўра, портлашдан икки кун ўтиб Юсуповлар Қозондаги хонадондан топилганда Рустам Юсупов милиция ходимига пичоқ билан ҳужум қилган ва шу туфайли отиб ўлдирилган.
"Қўлга олиш чоғида у пичоқ билан ички ишлар бошқармасининг тергов бўлими ходимига ташланди. Полициячи бир неча жароҳат олган ва қурол ишлатишга мажбур бўлган. Юсупов воқеа жойида жон берган, полициячи касалхонага ётқизилган", - дейилганди расмий хабарда.
Мазкур масалани яқиндан ўрганаётган москвалик инсон ҳуқуқлари фаоли, "Мемориал" маркази ходими Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, Лениза Юсупова хонадондаги ҳужумдан сўнг яқинлари ва онасига қўнғироқ қилишга улгурган ва эри ҳеч сабабсиз отиб ўлдирилганини айтган.
Унинг қўшнилари хабар қилишича, Лениза Юсупова бир неча кундан бери номаълум кишилар унинг изидан юрганидан хавотир билдирган.
Рустам Юсуповнинг яқинлари унинг террор амалиётини тайёрлаётгани ёки экстремистик ташкилотларга алоқадорлигини рад этишади.
Баҳром Ҳамроевга кўра, мазкур масала бўйича аниқ маълумот йиғиш атайин қийинлаштирилмоқда.
"Менинг илтимосим билан Юсуповнинг танишлари имкони борича бўлган воқеани ўрганиш учун хонадонга боришган. Орқаларидан бир неча фуқаролик кийимидаги одамлар тушган, уларни кўп текшириб, огоҳлантирган, кейин иккинчи марта бориб, қўшнилари билан суҳбатларни ёзиб олишган. Ҳукумат берган маълумот умуман нотўғри эканини аниқлашган", - дейди фаол.
Айни дамда марҳумнинг яқинлари Лениза Юсуповага терговчилар томонидан қаттиқ тазйиқ ўтказилаётгани ва у ўзи гувоҳи бўлган воқеани жамоатчиликка ошкор қилмаслиги учун тергов изоляторида ушлаб турилганини даъво қилишмоқда.
Би-би-си Рустам Юсуповнинг хавотирлари ва шубҳаларига жавоб олиш учун Татарстон Ички Ишлар Вазирлиги матбуот бўлими ва Татарстон Тергов Бошқармаси раҳбарининг бош ёрдамчиси Эдуард Абдуллинга боғланди, бироқ расмийлар суҳбатга рози бўлмадилар.
"Мемориал" маркази айни дамда бу иш бўйича кўпроқ маълумот йиғаётганини билдирди.
"Феврал ойининг охирида биз Татарстон ва Бошқортистонга борамиз. Биз бу ҳолатни албатта чуқур ўрганиб, Россия Бош прокурорига мурожаат қиламиз", - деди Баҳром Ҳамроев.
Биз билан боғланинг
* Тўлдириш шарт бўлган жойлар










