
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Чегара Билмас мухбирлар ташкилотининг дунё бўйлаб матбуот эркинлигининг аҳволига бағишланган сўнгги ҳисоботида бир неча поғона юқорига сакрашибди.
Ўзбекистон 163-ўриндан 157- ўринга кўтарилиб олган бўлса, Қозоғистон 162-ўриндан 154-ўринга сакрабди. 159-ўринда бўлган Қирғизистон эса, икковлонни ҳам ортда қолдириб, 108-ўринга чиқиб олибди.
Халқаро ташкилотнинг янги ҳисоботида матбуот эркинлиги билан боғлиқ ўтган йилги вазият таҳлил этилади.
Агар қолган икки Марказий Осиё давлатларининг кўрсаткичларига қаралса, Тожикистондаги вазият бироз орқага кетгани аён бўлади.
Туркманистон эса, ҳануз матбуот эркинлиги энг ёмон бўлган дунёдаги учта давлатдан биттаси экан.
Бу йил ҳам Чегара Билмас мухбирлар ташкилотининг рўйхатида 177-ўринни эгаллаган Туркманистондаги вазият фақат Шимолий Корея ва Эритреядагидан бироз яхшироқ экан, холос.
Рўйхат нимани англатади?
Халқаро ташкилот матбуот эркинлиги бўйича минтақада энг яхши кўрсаткичга эришганига қарамай, Қирғизистонда ушбу масала билан боғлиқ вазият ҳануз ўта нозиклигича қолаётганини таъкидлайди.
Журналистларга қарши ҳужумлар ва мамлакат парламентининг репрессив ташаббуслари бунинг далолати эканини айтади.
Чегара Билмас мухбирлар ташкилотига кўра, ўтган йил қўшни Тожикистонда ҳам матбуот эркинлиги учун ёмон йил бўлган.
Масъуллар мустақил матбуотнинг овозини ўчириш учун сўнгги фуқаролар уруши ва радикал ислом билан қўрқитишда давом этишган, дейди халқаро ташкилот.
Қозоғистон мисолида эса, қолган кўплаб давлатларнинг рўйхатда пастга қулашлари уларга қўл келгани айтилади.
Амалда эса, қандай бўлмасин, барқарорлик имажини сақлаб қолиш учун ҳукумат мамлакатда қолаётган сўнгги мустақил овозларни ҳам таъқиб этиш ва интернет устидан назоратни кучайтириш ваҳимасига тушиб қолган, дейилади ҳисоботда.
Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Ўзбекистон ва Туркманистондаги диктаторлик тузумлари ҳам интернетни асосий нишонларига айлантиришганини таъкидлайди.
Халқаро ташкилотга кўра, ушбу давлатларда ҳам матбуот эркинлиги соҳасида ўтган йил деярли бирор бир ижобий ўзгаиш кузатилмаган.
"Куни-кеча дунё бўйича ҳам энг узоқ вақт қамоқда қолаётган журналист - Муҳаммад Бекжоннинг жазо муддати узайтирилди. Аслида у тез орада озодликка чиқиши керак эди. Бу каби ўзгаришлар салмоқли эмас ва аҳвол яхшиланаётганини англатмайди", дейди халқаро ташкилот вакиласи Биҳа Йоҳан.
Ўзбекистон
Ўзбекистон "Чегара билмас Мухбирлар" ташкилотининг матбуот эркинлиги рўйхатида доимо қуйи ўринларни эгаллаб келади.
Халқаро ташкилотга кўра, "Ўзбек ҳукумати очиқ гапирадиган журналистларнинг овозларини ўчириш учун қамоқ жазолари ва бошқа номақбул муносабатларни қўллайди".
"Чегара Билмас Мухбирлар" ташкилоти сўнгги баёнотларидан бирида, "Ўзбекистонда ҳозир ҳам камида 11 матбуот ходими ҳибсда қолаётгани"ни билдирганди.
Ташкилот 2010 йил якунларига кўра, Ўзбекистонни "Эркин матбуот душмани" рўйхатига тушган 38 та давлат қаторига ҳам қўшганди.
Рўйхатга давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, қироллар, ҳарбий гуруҳлар, мафия тўдалари ва экстремист ташкилотлар киритилган.
Уларнинг орасида Ўзбекистон президенти ҳам бор.
"Чегара Билмас Мухбирлар" матбуот душманларини ўз қудратидан фойдаланиб цензура киритиш, журналистларни ўғирлаш, қийнаш ва ўлдиришда айблайди.
Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда матбуот устидан цензура ўрнатилганига оид айбловларни доимо рад этиб келади.
Қимматга тушган эркинлик
Чегара Билмас мухбирлар ташкилотига кўра, ўтган йили демократик интилишлар ёки мухолиф ҳаракатларни ёритишлари аксарият оммавий-ахборот воситалари учун қимматга тушган.
Халқаро ташкилотнинг 10-йиллик ҳисоботида баҳо берилишича, дунёнинг тоталитар ва репрессив тузумлари учун ҳаёт-мамот масаласи бўлгани боис, матбуотнинг овозини ўчириш ўтган йилдаги вазиятни ифодаловчи сўз бўлган.
Халқаро ташкилотнинг ҳисоботига қаралса, Финляндия дунёда матбуоти энг ҳур бўлган давлат экан.
Матбуот эркинлиги билан боғлиқ йиллик вазият эса, Чегара Билмас мухбирлар томонидан турли ҳамкор ташкилотлар, журналистлар, тадқиқотчилар, юристлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларига юборилган анкеталар орқали аниқланади.
Анкетада журналистлар ва оммавий-ахборот воситаларига ўтказилаётган бевосита ва билвосита босимларга оид саволлар сўралади. Ҳамда фақат матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазиятга баҳо берилади.
Халқаро ташкилотнинг бу йилги рўйхатига жаҳондаги 179 давлат киритилган.










