
АҚШ ҳарбийларига етказиладиган жиҳозларнинг 75 фоизи Термез орқали ўтиши режаланмоқда
"Ер юзида бирор мамлакат Афғонистон сингари муаммоли қўшнилар билан ўраб олинмаган бўлса керак," - Нью-Йорк Таймс рўзномасида чоп этилган мақола ана шундай сатрлар билан бошланади.
"Американинг Ўзбекистон муаммоси" номли мақолага кўра, Қўшма Штатлар Афғонистондаги қўшинларига зарурий жиҳозларни жўнатмоқчи бўлса, Тожикистон орқали ўта олмайди, чунки унда "йўллар жуда ёмон"; Туркманистон орқали ўта олмайди, чуни у "изоляционист бетарафлик" сиёсатини юритади; ва, "маълум сабаблар туфайли" Эрон орқали ўта олмайди.
Қўшма Штатлар ноҳарбий ва ҳарбий жиҳозларнинг учдан бир қисмини Афғонистонга Покистон орқали олиб кираётганди.
Бироқ ноябр ойи охирида Афғонистон-Покистон чегарасига яқин ҳудудда Америка ҳаво ҳужумида 24 покистонлик аскарнинг ўлдирилиши ортидан Исломобод НАТОга ўз ҳудуди орқали Афғонистонга ўтишни таъқиқлаб қўйди.
Афғонистондаги Америка армиясига зарурий жиҳозларнинг учдан бир қисми учоқлар воситасида етказиб берилади, бироқ бундай амалиёт Қўшма Штатларга жуда ҳам қимматга тушмоқда.
Мақолада таъкидланишича, Қўшма Штатлар учун ўз аскарларига маҳсулот етказиб туришнинг ягона йўли эндиликда Афғонистон шимолидаги Ўзбекистон бўлиб қолмоқда.
Покистон билан муаммоларни олдиндан кўра билган Пентагондаги мутахассислар Оврўподан собиқ Совет Иттифоқи орқали қатор транзит йўлларини ўз ичига олан Шимолий Тақсимот Тармоғини ишлаб чиққанлар.
Нью Йорк таймсга кўра, Шимолий Тақсимот Тармоғига киритилган йўлларнинг 75 фоизи Ўзбекистоннинг "уйқу ва чанг босган" Термиз шаҳрида бирлашади.
"Энди Қўшма Штатларга ҳарбий карголарнинг кўпини Вашингтоннинг энг ёқимсиз иттифоқчиларидан бири - Ўзбекистон орқали ўтказишга тўғри келади," - дейилади мақолада.
Мақолада, шунингдек, Ўзбекистоннинг дунёнинг энг коррупциялашган, инсон ҳуқуқлари энг кўп поймол қилинадиган мамлакатлардан бири экани таъкидланган.
Шунга қарамасдан, Нью Йорк Таймсга кўра, Қўшма Штатлар Афғонистонда қанча қолса, Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш шунча зарур бўлади.
Аммо ҳамма гап ҳамкорлик қандай бўлишида, деб таъкидланади мақолада.
Унда ёзилишича, Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишда америкалик сисёсатчиларга демократия ва инсон ҳуқуқлари масалаларида ён беришларига тўғри келади.










