-
Қўшма Штатлар Давлат котибаси Ҳиллари Клинтоннинг Ўзбекистонга сафар қилиши Вашингтон ва Тошкент ўртасидаги муносабатларда мисли кўрилмаган бурилиш бўлганини намойиш этади. Ўтган 10 йил асносидаги 'террорга қарши уруш' ва айниқса Афғонистондаги қарама-қаршиликлар ушбу муносабатлар учун замин бўлди. АҚШ ҳарбийлигининг Афғонистондаги қўшинларига дастаклаш ва алал-оқибат уларни олиб чиқиб кетишга ёрдам эҳтиёжи АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлиги янгидан жонланишига имкон яратди. 2001 йил 9 сентябр ҳужумларидан сўнг бир неча ҳафта ўтмай АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Тошкентга келиб 'террорга қарши уруш'га қўллов билдиришини сўради.
-
Эвазига Вашингтон ўн миллион долларлаб ҳақ тўлади ва Ўзбекистонни ҳамкор сифатида 'бағрига босди'. Қўшма Штатлар амалиётларидан маҳаллий одамлар ҳам фойда кўрдилар: аскарларни транспорт ва егулик-ичкилик билан таъминлаш каби жабҳаларда янги иш ўринлари яратилди. Қўшма Штатлар ҳарбийлиги маҳаллий аҳолини ҳам дастаклаганди.
-
Музлаган муносабатлар кейинчалик узоқ муддатли, секин-аста эриш даврини бошдан кечирди. АҚШ расмийлари Термез ва Ҳайратон орқали ўтадиган Шимолий таъминот йўли масаласида музокаралар олиб бориш учун Тошкентга серқадам бўлиб қолдилар. Улардан бири Афғонистондаги НАТО қўшинлари қўмондони Генерал Петреус эди. У расмийлар билан чегаранинг Афғонистон тарафида ҳам учрашди.
-
2009 йилга келиб Вашингтон ўз стратегик манфаатлари ва инсон ҳуқуқлари борасидаги хавотирларини бир мувозанатга солиб бўлди. Президент Каримов мамлакати орқали чегара ортидаги АҚШ қўшинларига ҳарбий бўлмаган юкларни етказиш учун 'яшил чироқ' берди. Термез-Мазор темир йўли Покистон орқали ўтувчи ишончсиз таъминот йўлларига янада муҳим муқобилга айланди.
-
2011 йил, 11 сентябр ҳужумларидан 10 йил ўтиб, АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари янгидан ривожланаётган кўринади. Қўшма Штатлар Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон ўзбекистонлик ҳамкасби Элёр Ғаниевни Вашингтонда қарши олди. Америка Конгресси аъзолари 2004 йили киритилган Ўзбекистонга етказиладиган ҳарбий ёрдамга чекловларни бекор қилиш борасида овоз бердилар. Клинтоннинг Ўзбекистонга сафарини эса, муносабатлардаги кескин бурилиш дейиш мумкин.









