Сўнгги янгиланиш 9 сентябр 2011 - 16:20 GMT

'Анжи' футбол юлдузи Самуэл Это'О ортидан Одил Аҳмедовни ҳам тўрт йилга сотиб олди

Ўзбекистондан келаётган хабарлардан аён бўлишича, Россиянинг бойвачча "Анжи" (Махачқалъа) клуби "Пахтакор" сардори ва Ўзбек миллий терма жамоаси юлдузи Одил Аҳмедов билан расман тўрт йилга шартнома имзолаган.

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев сўнгги янгиликдан мамнун эканликларини айтмоқда:

2010 йилда Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубогидаги қойилмақом ўйини ортидан, Одил Аҳмедов ўтган мавсумни "Анжи" клубида ижарада ўтказганди.

Аммо Осиё Кубоги ортидан Одилга Оврўпо, Россия, Туркия ва қатор араб давлатларининг етакчи клублари қизиқиш билдиришгани хабар берилганди.

Ўзбекистонлик юлдуз футболчи эса, сўнгги йилларда ўзининг Оврўпо майдонларида тўп суриш истаги борлигини ошкора баён қилиб келаётган ва яқинда Лондоннинг "Арсенал"и ўзига қизиқиш билдираётганини тасдиқлаганди.

Ўзбекистондаги футбол доиралари ҳозирча Одил Аҳмедовнинг "Анжи" билан янги шартномаси қийматидан бохабар эмасликларини айтишмоқда.

"Анжи"га бир йилга ижарага ўтган пайтда ҳам, ўзбекистонлик футбол масъуллари 23 ёшли футболчининг трансфер миқдорини расман очиқламай, "катта миқдордаги маблағ," дейиш билан кифояланишганди.

Шу йилнинг январ ойидан бошлаб доғистонлик миллиардер Сулейман Керимов соҳиблик қилаётган клуб куни-кеча Камерун ва жаҳон футболи юлдузларидан Самуэл Это'Они сотиб олганди.

Норасмий маълумотларда миллиардернинг клуби Это'Ога йилига 20 миллион евро билан уч йиллик шартнома таклиф этаётгани айтилганди.

Самуэл Это'Одан аввал эса, бразилиялик сара ўйинчи Роберто Карлос ҳам "Анжи"га таклиф этилганди.

'Анжи'

"Анжи" Россия Олий лигасига 1999 йилда чиқишга муваффақ бўлган. Аммо орада беқарор ўйин кўрсатиб, биринчи лигага қулаган ва 2009 йилдагина яна Олий лигага қайтган.

Ўтган мавсумни 11-ўрин билан якунлаган.

Ҳозир эса, 22 та ўйиндан 37 очко тўплаб, Россия Олий лигасида 5 -ўринда бормоқда.

Айрим хабарларга кўра, клуб соҳиби Сулейман Керимов мураббийлар, футболчиларнинг маошлари ва янги ўйинчиларни харид қилиш учун йилига ўн миллионлаб доллар маблағ сарфлаш ниятидадир.

bbc.co.uk navigation

BBC © 2012 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.