Сўнгги янгиланиш 28 июн 2011 - 14:25 GMT

Жинсий зўрлаш борасидаги хабарлар ортидан қамоқхона нозирлари ишдан бўшатилди

Тошкент яқинидаги аёллар қамоқхонасида маҳкумаларнинг зўрлангани ҳақидаги хабарлар ортидан қамоқхонанинг ўнга яқин нозири лавозимидан бўшатилган.

Бу ҳақда "Эзгулик" жамияти собиқ маҳкумаларга таяниб хабар тарқатган. Ташкилотга кўра, Зангиота қамоқхонасидаги эркак қўриқчилар ва қамоқхонада дунёга келган чақалоқларнинг ДНК анализлари текширилган.

Ўтган йили "Эзгулик" уч ярим мингдан ортиқ маҳбуслар сақланадиган 64-7 жазо муассасасида тўрт нафар маҳкуманинг милиция ходимлари томонидан зўрлангани ҳақида хабар тарқатганди.

Журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, расмийлар қамоқхонада бундай ҳоллар юз берганини очиқ тан олишгани йўқ, аммо инкор ҳам этишмайди.

"Чунки, болалар туғилган ва ўша ерда шунақа ҳолатлар бўлган. Энди бу фақат қамоқхонада ҳолатларида эмас, тергов изоляторларида, суриштирув пайтида, умуман, жазони ижро этиш муассасаларини тўлиқ қамраб олган", дейди у.

Айни пайтда ҳуқуқ фаолига кўра, қамоқхона нозирлар айнан жинсий зўрлаш амаллари боис ишдан олингани хусусида расмий далил йўқ ва "Эзгулик" жамияти тарқатган хабар фақат собиқ маҳкумалар билан суҳбатга асосланган.

"Ўнлаб миршабларга қарши жиноий ишлар қўзғатилгани ҳақида қўлимизда хат бор, аммо ўша жиноят ишларининг тақдири нима бўлгани хусусида расмий маълумот йўқ", дейди Абдураҳмон Ташанов.

БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Ўзбекистон қамоқхона ва ҳибсхоналарида жинсий зўрлашларга доир иддаоларни текширишга чақирганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC navigation

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.