Сўнгги янгиланиш 12 январ 2011 - 16:24 GMT

Россияда норозилик чиқишида бўлган меҳнат муҳожирлар ҳибсга олинган

Текширувлар кучайганига қарамай, марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари оқими сусаймаган

Москва шаҳри ва вилоятида меҳнат муҳожирларини текшириш кучайган.

Милиция кеча Москва жануби-ғарбида 30 нафар марказий осиёлик меҳнат муҳожирини қўлга олган.

Расмийларга кўра, муҳожирлар текширувларга қарши Москвадаги Черемушки метро бекати яқинида ноқонуний норозилик намойишини ўтказишган.

Ички Ишлар Вазирлиги муҳожирлар ҳали ҳам ушлаб турилгани ёки қўйиб юборилгани борасида бирон маълумот бермади.

Аввалроқ расмийлар янги йил байрами арафасида Москвада 200дан ортиқ муҳожирлар миграция қонунлари бузганликда айбланиб қўлга олинганини хабар қилганди.

Бу каби текширув ва ҳибсга олишлар пайтида муҳожирларнинг ҳуқуқлари поймол этилиши қайд қилинган.

Москвалик ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроевга кўра, меҳнат муҳожирларига қарши ноқонуний амаллар кучайган.

Бир муҳожирга кўра, охирги текширувлар хорижий муҳожирлар учун иш топишни анча қийинлаштирган.

"Грузчик эдим, қисқартиришлар туфайли ишимни йўқотдим. Кўчада юришга одам қўрқиб турибди. Ҳозир бекор ўтирибман," - дейди у.

Яна бир тожикистонлик муҳожирнинг айтишича, текширувлар чоғида муҳожирлардан пора ундириш оддий ҳолга айланган.

"Ҳозир бозордан келдим, ҳамма дўконини ёпиб кетворган. Қўрқишаяпти. 10 январда вокзалдан фақат ўзбек билан тожикни овлади. 200та одам. Уларнинг ҳаммасини депортация қилмайди, ким пул берса, озодликка чиқаради," - дейди у.

Москва миграция хизмати бу каби айбловларни рад этади. Идорага кўра, муҳожирлар сонини камайтириш мақсадида хорижликлар ишлайдиган корхона ва иншоотларни текшириш кучайтирилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

bbc.co.uk navigation

BBC © 2012 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.