
Human Rights Watch БМТ қўмитаси ҳисоботида Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистларни, фуқаролик жамияти вакилларини таъқиб этаётгани урғуланганини эслатади.
Нью-Йоркда жойлашган Human Rights Watch ташкилоти БМТ Бош котиби Пан Ги Мунни Ўзбекистон раҳбарияти билан музокараларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни яхшилаш масаласини қатъий бир шаклда қўйишга чақирган.
Ташкилотга кўра, Ўзбекистон ҳукумати Бирлашган Миллатларнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси тавсияларини тезкор суратда бажариши лозим.
Ўзбекистоннинг халқаро шериклари, жумладан Қўшма Штатлари ҳукумати ва Оврўпо Иттифоқига аъзо мамлакатлар Тошкент билан мулоқотларда БМТ қўмитасининг тавсияларига мос равишда
Human Rights Watchнинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича директори Холли Картнер айтишича, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг Ўзбекистон бўйича чиқарган сўнгги хулосаси аҳвол қораловга лойиқ эканини ҳамда Ўзбек ҳукуматига инсон ҳуқуқлари борасида жиддий ва доимий босимнинг нақадар долзарб эканини акс эттиради.
Қўмита томонидан белгилаб берилган чораларни ҳукумат бажаришига мажбур қилиш халқаро ҳамжамиятнинг Тошкент билан диалогининг асосий таркибий қисми бўлиши керак, дейилади халқаро ташкилот баёнотида.
Human Rights Watch ташкилотига кўра, БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг Марказий Осиёга сафари Ўзбек ҳукуматига инсон ҳуқуқлари ислоҳотини ўтказиши зарурлиги масаласини кескин қўйиш учун энг зўр имкониятни барпо этади.
Ташкилот вакиласи Холли Картнер хонимнинг айтишича, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Ўзбекистондаги вазиятни аниқ-таниқ қилиб умуман қабул қилиб бўлмас дея таърифлади. Ва Ўзбекистонга ислоҳотларнинг йўл харитасини белгилаб берди. Энди Ўзбекистоннинг халқаро шериклари Тошкент бу аҳволни буткул тузатишини кузатиб боришлари керак.
Бир йилдан сўнг ҳисобот талаб қилинган хулосалар
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши сессияси ўтаётган пайтда маош тўланмайдиган 18 эксперт Ўзбекистонда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар халқаро Пакти қандай бажарилаётгани бўйича ҳисобот тайёрладилар.
Экспертлар Ўзбекистон ҳайъати вакиллари билан мулоқотлар қилган.
Қўмита аъзолари уч ҳафталик ўрганиши натижасида ўз хулосаларини берган - бу хулосалар Ўзбекистон ҳукуматининг анча ҳафсаласини пир қиладиган бўлди.
бу ерга босинг БМТ экспертлари: Ўзбекистон Андижон бўйича муфассал текширув ўтказмади
2005 йилдан кейин БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши номидан Андижон қирғини бўйича қилинган илк ҳисоботда қўмита аъзолари Ўзбекистон ҳукуматининг ҳанузгача Андижон воқеаларини текшириш учун тўла, мустақил ва холис терговга йўл қўймаганидан хавотир билдиришган.
Экспертларга кўра, бундай текширув ўтказилиши керак ва тинч фуқаролар ўлимига сабабчи бўлган шахслар жазога тортилишлари керак.
Хавфсизлик кучларининг қурол ишлатгани, хусусан оддий одамларга қарата ўқотар қуролдан қўллангани синчиклаб ўрганилиши лозим, дейилади қўмита тавсиясида.
Ҳисоботда Ўзбекистон раҳбариятига мурожаат қилиниб, қуроллардан қачон фойдаланиш борасидаги тартиб-қоидаларни қайта кўриб чиқиш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш ва қурбонларнинг яқинларига товон пули тўлашга чақирилган.
БМТ экспертлари Ўзбекистондаги бугунги аҳволга назар ташлашар экан, улар инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистлар таъқиб этилаётгани, бирон бир жазога тортилмаётган қийноқ амалиёти ва ҳибсга олинганлар билан номақбул муомалалар ҳали ҳам сақланиб қолаётганидан хавотир билдиришган.
БМТ қўмитаси фуқаролик жамияти вакиллари, ноҳукумат ташкилотларининг эмин-эркин фаолият юритишига имкон бериши, халқаро ташкилотлар вакилларининг Ўзбекистонга кириб-чиқишига изн беришга чақирган.
Ўзбекистонда ноқонуний болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш учун ҳукуматдан мамлакат ва халқаро қонунчиликка риоя қилиш сўралган.
Қўмита ўзи кўтарган муаммолар бўйича Ўзбекистон ҳукуматидан бир йил мобайнида ҳисобот бериш талабини қўйган.