Ким яна бешинчи бор президент бўлмоқчи?

  • 6 Июн 2014

Агар, Би-би-сига маълум бўлган истакларига қаралса, ФИФА Президенти Зепп Блаттер.

Халқаро Футбол Уюшмалари Федерациясига президентлик сайловлари 2015 йил июн ойида Цюрихда бўлиб ўтади.

2011 йилда бирор бир қаршиликсиз ўз курсисини сақлаб қоларкан, жаноб Блаттер ортиқ сайловларда иштирок этиш нияти йўқлигини баён қилганди.

78 ёшли швейцариялик ФИФА президенти 1998 йилдан буён уюшмани бошқариб келади.

Сўнгги янгилик эса, Зепп Блаттернинг RTS швейцар телевизион каналига айтган сўзлари ортидан ўртага чиқмоқда.

“Албатта, мен президентлигимни давом эттириш истагидаман. Бошқарувга кучим етади”, - дея ўз хоҳишини изҳор этган у.

Ўтган ҳафта эса, жаноб Блаттер буни расман тасдиқлади деган хабарлар ҳам пайдо бўлганди.

Аммо ФИФА уларни рад этиб чиққанди.

Шу пайтгача ФИФА Вице-президенти Жеффри Веб ва Бош котиби собиқ муовини Жером Шампань унинг вориси бўлиши мумкинлиги тахмин этилаётганди.

Бироқ уларнинг иккови ҳам, агар, Зепп Блаттер 2015 йилги президентлик сайловларида иштирок этса, унга мухолиф бўлмасликларини баён қилишган.

Жаноб Блаттернинг ўзи эса, “Тахтга ҳалича йўл очилгани йўқ. Бу лавозимга кўз тикканлар озмунча эмас. Аммо улар бунинг осон иш эмаслигини яхши билишади”, - дейди.

УЕФА Президенти Мишель Платини яқин ҳамкорининг курсисини эгаллаши мумкин, деган хабарларни эса, франциялик собиқ футбол юлдузининг ўзи 2011 йилдаёқ чиппакка чиқарганди.

Зепп Блаттернинг ўзи ҳам бундай эҳтимолни рад этиб чиққанди: “Платини жуда қатъиятли инсон. У бундай қилмайди”.

Жаноб Блаттер ўтган йил октябр ойида Би-би-сига ҳали ФИФАда қилажак ишлари борлиги, президентлик ваколатини 4 йилдан 8 йилга узайтириш таклифини дастаклаши мумкинлигини ҳам билдирганди.

Зепп Блаттер ФИФА президенти сифатида Ўзбекистонга ҳам бир неча бор ташриф буюрган.

2012 йил май ойида Тошкентга қилган сўнгги сафари чоғида ФИФА Президенти Зепп Блаттер президент Ислом Каримов билан учрашган ва унингдек футболсевар давлат раҳбарини кўрмаганлигини айтганди.

Жаноб Блаттер ўшанда, "Ислом Каримовдек футболни севадиган, унинг каби футболни замонавий тенденция ва таҳлил асосида биладиган давлат раҳбарини кўрмаганман. У ҳақиқий футболсевар ва айтишим керакки, миллий футбол ривожини ўйлайдиган инсон",- дея эътироф этганди.

Аммо унинг сафари ФИФАнинг Ўзбекистондан 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасида 2012 йилга йилга режаланган Жаҳон чемпионатига мезбонлик ҳуқуқининг олиб қўйилиши ва Тожикистон билан 2014 йилги Жаҳон биринчилигининг саралаш босқич учрашувидаги қоидабузарликлар учун Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва миллий терма жамоанинг беш сара футболчисини жазолаш қарори ортидан кузатилганди.

Олиймақом учрашув тафсилотларидан эса, ФИФА раҳбари президент Каримовдан қизлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати билан боғлиқ ҳодиса юзасидан шахсан узр сўрагани маълум бўлганди.

Жаноб Блаттер, ўз ўрнида, “Ўзбекистонда футбол ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовар экани”ни ҳам урғулаганди.

У ўша пайтда "Ўзбекистон ФИФА тасарруфидаги катта мусобақаларни ўтказишга тайёр"лигини ҳам айтганди.

Аммо ФИФА раҳбари, "2022 йилгача бўлган барча муҳим Жаҳон чемпионатлари тақдири аллақачон ҳал бўлгани учун, Ўзбекистон Осиё чемпионатларига мезбонлик қилиш имкониятларидан фойдаланиши мумкин"лигини ҳам қўшимча қилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ