BBC navigation

ФИФА Президенти: 'Россиядан жаҳон чемпионатига мезбонлик олиб қўйилмайди'

Сўнгги янгиланиш 21 март 2014 - 15:04 GMT

Зепп Блаттер жаноблари бу ҳақда Цюрихда бўлиб матбуот анжумани чоғида билдирди.

Сўнгги пайтларда Қримдаги воқеаларга қарамай, Россия 2018 йилги жаҳон биринчилигига мезбонлик қилаверадими, деган савол кўпчиликни қизиқтирмай қолмаган.

ФИФА президенти ҳам Би-би-си мухбирининг худди шу мазмундаги саволига жавобан бугун ўзининг рад жавобини баён қилган.

"Россия мезбонлик ҳуқуқини расман овоз беришлар орқали қўлга киритган ва шу боис ҳам, биз уни бекор қилмаймиз", - деб айтган жаноб Блаттер.

Шу ой бошида америкалик икки сенатор ҳам ФИФАга бу хусусда расман мурожаат этишганди.

Улар халқаро футбол уюшмасидан Қримдаги ишғоли сабаб, Россияни бу йил Бразилияда бўлиб ўтажак жаҳон чемпионатидан четлатиш ва ундан кейинги дунё биринчилигига мезбонлик ҳуқуқининг олиб қўйилишини талаб этишганди.

Америкалик икки республикачи сенатор Марк Кирк ва Дэн Коатес Зепп Блаттерга йўллаган мактубларида Югославияни мисол қилиб келтиришганди.

Югославия 90-йиллар бошларида Болқон урушига етаклаган можаролар боис, футбол бўйича 1992 йилги Оврўпо чемпионати ва 1994 йилги жаҳон чемпионатига қўйилмаганди.

"Россия ҳам худди Югославияга ўхшаб ФИФАнинг асосий тамойиллари ва халқаро қонунларга ҳурматсизлик кўрсатди. Биз умид қиламизки, Россия ҳам жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ёки унда иштирок этиш каби шарафга лойиқ эмас", - дейилади уларнинг мактубида.

Ўз мактубларида шу сўзларни баён қилган икковлон энг сўнггида ФИФАдан 2018 йилги жаҳон чемпионатига Россиянинг мезбонлик масаласини қайта кўриб чиқишини сўрашганди.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Россия Футбол Федерациясининг собиқ президенти ва ҳозир амалдаги Спорт ишлари вазири бўлган Виталий Мутко ФИФА Ижроий кенгаши аъзоси ҳисобланади.

Икковлон ўз сўровларини яна ФИФА низомидаги, "бирор бир давлат ёки халқнинг таҳқирланишига йўл қўйилмаслиги"га оид банд билан ҳам асослашган.

Россия 2018 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик ҳуқуқини 2010 йилнинг декбар ойида қўлга киритганди.

Россия билан бирга бу каби шарафга эга бўлиш учун Англия, Голландия, Бельгия ва Испания ҳам кураш олиб борганди.

Шу йил июн ойида старт олувчи 2014 йилги жаҳон чемпионатида эса, Россия "G" гуруҳида Бельгия, Жазойир ва Жанубий Кореяга қарши майдонга тушади.

Россия миллий терма жамоаси италиялик Бош мураббийи Фабио Капелло бошчилигида, ҳатто, Португалияни ортда қолдириб, ўз гуруҳида пешқадам мавқеида жаҳон чемпионатига чиққанди.

Энг сўнггида шундай эҳтмиолни ҳам назардан соқит этмаслик керакки, бу йилги жаҳон чемпионатининг нимчорак финал беллашувларида Россия АҚШга қарши тўп ҳам суриши мумкин.

Изоҳлар

 posting

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.