BBC navigation

Бокс оламидан сўнгги хабар: Владимир Кличко мутлақ жаҳон чемпиони бўлмоқчи

Сўнгги янгиланиш 19 декабр 2013 - 10:33 GMT

Хабарларга кўра, профессионал бокснинг IBF, WBO, IBO таснифларида энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони, WBA таснифида эса, суперчемпион бўлган украиналик донгдор боксчи энди акаси Виталийнинг WBC таснифи бўйича жаҳон чемпионлиги камарини ҳам қўлга киритмоқчи.

Владимир Кличкога қадар бу каби шарафга нойил бўлган сўнгги боксчи Леннокс Льюис бўлади.

У 2000 йилда барча таснифдаги жаҳон чемпионлиги камарларини қўлга киритганди.

Владимир Кличко ўзининг нияти ҳақида Олмониянинг "Bild" нашрига берган суҳбатида айтган.

"Бунинг ҳеч бир яширин ери йўқ. Мен WBC таснифи бўйича жаҳон чемпионлиги камарини Кличколар оиласига келтирмоқчиман", - деб айтган Владимир.

Ака-ука Кличколар эса, шу пайтгача бир-бирларига қарши рингга тушмасликларини таъкидлаб келишаётганди.

Аммо акаси Виталий Кличко яқинда катта сиёсат билан шуғулланиш истагида экани боис, боксдан кетишини эълон қилди.

42 ёшли боксчи Украина мухолифати лидерларидан бири ва 2015 йилги президентлик сайловларида иштирок этишни режалаган.

Аммо "истеъфодаги чемпион" мақоми боис, қачондир яна рингга қайтса, янги жаҳон чемпионини жангга чорлаш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Владимир Кличко эса, шу йил октябр ойида россиялик рақиби Александр Поветкинни мағлуб этиб, профессионал бокснинг энг оғир вазн тоифасидаги эгаллаб турган барча мақомларини сақлаб қолганди.

37 ёшли боксчи яна рингга қайтганидан буён 15 бор ўз камарини ҳимоя қилган.

Профессионал рингда ўтказган 64 та жангидан 61 тасида ғалаба қозонган. 51 та жангини нокаут билан якунлаган.

Акаси Виталий эса, 47 жангидан 45 тасини ўз фойдасига ҳал қилган. Шундан 41 тасида рақибини нокаут қилган.

"Кличко билан уришмоқчиман"

Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони Руслан Чагаев эса, яқинда Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида имконияти бўлиши биланоқ украиналик номдор рақиби Владимир Кличко билан рингга тушиш ниятида эканини айтганди.

Руслан 2007 йилнинг 14 апрел куни россиялик боксчи Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлган.

Шундан сўнг ўз камарини бир неча бор муваффақиятли ҳимоя қилган Руслан Чагаев орадан икки йил ўтиб айнан Владимир Кличкога енгилиб, чемпионлик унвонидан маҳрум бўлган.

Руслан Чагаев Владимир Кличконинг таклифи билан унга сўнгги жангларидан бирига тайёрланишига ёрдам берган ва қарийб бир ой давомида унга спарринг ҳамкорлик қилганди.

Ўзбекистонлик донгдор боксчининг айтишича, Владимир Кличко билан бирга ўтказган машғулотлари ўзига жуда катта тажриба вазифасини ўтаган.

Руслан Чагаевга кўра, собиқ ва бўлажак рақибининг кучи "жудаям интизомли экани ва ўз ишига ниҳоятда берилганлигидадир".

Ўзбекистонлик боксчи қатор жанглар ўтказиш билан WBA таснифида ўз рейтингини яхшилаб, тез орада яна жаҳон чемпионлиги камари учун рингга тушишни режалаган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.