‘Зино учун тошбўрону 100 карра дарра?’

  • 25 Ноябр 2013

Афғонистонда Толибон тузуми қулатилишидан 12 йил ўтиб, президент Ҳомид Карзай маъмуриятининг яна тошбўрон қилиб ўлдириш тажрибасига қайтиши мумкинлигига ақл бовар қилмайди.

“Хьюман Райтс Вотч” халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилоти янги Жиноят Кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишда кўмак бераётган Афғонистон Адлия вазирлиги ишчи гуруҳининг таклифидан ўз таажжубларини шу тариқа изҳор этиб чиққан.

Ишчи гуруҳи эса, зинокорлар ёки никоҳдан ташқарида жинсий яқинликда бўлганларнинг тошбўрон қилиб, жазоланиши таклифини илгари сурган.

Халқаро ташкилотга кўра, Афғонистон адлия тизимидаги ислоҳотлар жараёнини дастаклаётганлари дохил барча донор давлатлар президент Ҳомид Карзайга бу каби ташаббуслар ўзларига қимматга тушишини англатиб қўйишлари лозим.

“Президент Ҳомид Карзай ҳеч бўлмаганда инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясига масъул эканини кўрсатиб, тошбўрон қилиб ўлдириш таклифини рад этиши зарур”, - дейди халқаро ташкилотнинг Осиё қитъаси бўйича раҳбари Брад Адамс.

Янги Жиноят Кодексининг халқаро ташкилот қўлига тушган хомаки нусхаси тафсилотларидан маълум бўлишича, агар маҳкама томонидан оилали бўлган эркак ва аёлнинг никоҳдан ташқарида жинсий алоқада бўлганликлари аниқланса, уларни омма кўзи ўнгида тошбўрон қилиб ўлдириш кўзда тутилган.

Агар, зинокор аёл ёки эркак оиласиз бўлишса, уларни 100 карра дарралаш таклиф қилинган.

Зинокорларни тошбўрон қилиб ўлдириш Афғонистонда Толибон тузуми қудратда бўлган 90-йиллар ўрталаридан бошлаб, 2000 йилгача амалда бўлган.

Аммо тузум қулатилиши ортидан, янги афғон ҳукумати тезликда халқаро конвенцияларни имзолаб, Афғонистонда инсонлар, айниқса, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этишга ваъда берганди.

Афғонистонда ҳозир амалда бўлган ва 1976 йилда қабул қилинган Жиноят Кодексида эса, тошбўрон қилиб ўлдириш ёки дарралаш каби жазо чоралари ҳақида сўз бормайди.

2001 йилдан кейин ҳам Афғонистонда тошбўрон қилиб ўлдириш ҳоллари учраб келган, аммо афғон ҳукумати шу пайтгача бу каби жазо усулларига рўйхўшлик билдирганини ҳеч қачон намоён этмаган.

“Хьюман Райтс Вотч” ташкилотининг энг сўнггида айтишича, одамзоднинг тошбўрон қилиб ўлдирилиши қийноқли, шафқатсиз ва ноинсоний жазо чоралари тақиқланган халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига зид бир ишдир.