BBC navigation

Рональдо араб қизига 'салом' дедию, уёғи нима бўлди?

Сўнгги янгиланиш 13 ноябр 2013 - 13:03 GMT

Аён бўлишича, 28 ёшли Португалия ва "Реал"(Мадрид) юлдузи биргина твитига жавоб қайтариш билан саудия арабистонилик қизгина Дананинг бир умрлик орзусини амалга оширибди.

Дана ўзининг азалий истагини Твиттердаги саҳифаси орқали изҳор этган, "Менинг бир орзуим бор...Сиз менинг твитимга жавоб қайтариб, "Салом, Дана", дебсиз", - дея твит қолдирган.

Кутилмаганда, ўтган ҳафта Криштианунинг, "Салом, Дана, мана энди армонинг қолмади", деган жавоби эса, Саудия Арабистонидаги Твиттер фойдаланувчиларини руҳлантириб юборади.

Юлдуз футболчининг жавоби ортидан, Дананинг фолловерлари сони бир неча куннинг ўзида 5 минг кишига етади.

Юлдуз футболчининг жавоби ортидан, Дананинг фолловерлари сони бир неча куннинг ўзида 5 минг кишига етади

Айримлари эса, ўзларининг ҳам омадларини синаб кўриб, менга ҳам салом деярмикан, деган мақсадда Криштиану Рональдога твит қилишга тушиб кетишади.

Португалиялик сара ҳужумчи бугун футболга бефарқ бўлмаган аксарият томонидан ҳақли равишда жаҳондаги иккита энг зўр ўйинчидан биттаси деб тан олинади.

Криштиану Рональдо 2009 йилда дунёдаги энг қиммат биринчи футболчи сифатида ҳам тарихга кирган.

Испаниянинг наҳанг "Реал"(Мадрид) жамоаси уни Англиянинг қизил иблисларидан ўша пайтда рекорд - 80 миллион АҚШ долларига сотиб олганди.

"France Football" эса, 2010 йил барча тушумларини назарда тутиб, юлдуз футболчини Дэвид Бекҳем ва Лионель Мессидан кейин жаҳондаги энг кўп ҳақ олувчи учта футболчидан биттаси, деб топганди. Унинг бойлигини 160 миллион АҚШ доллари миқдорида баҳолаганди.

Аён бўлишича, Криштиану Рональдо ижтимоий мулоқот тармоқларида ўрнатган ўзига хос рекордлари билан ҳам жаҳоннинг манаман деган футболчиларини ортда қолдирган.

Криштиану Рональдонинг Твиттердаги бу жавоби Саудия Арабистонида катта акс-садога сабаб бўлибди

Дейлик, 2010 йилда португалиялик футбол юлдузи "Фейсбук"даги дўстларининг сони 10 миллионга етаркан, у ижтимоий мулоқот тармоқларида бу каби муваффақиятга эришган америкалик бўлмаган биринчи таниқли шахс айланган.

Орадан икки йил ўтиб эса, "Реал"(Мадрид) юлдузининг "Фейсбук"даги дўстлари сони 50 миллион кишига чиқади ва у бунча дўст орттиришга муваффақ бўлган жаҳондаги илк спортчи бўлади.

Америкада чоп этилувчи нуфузли "Форбес" журнали эса, ўтган йили Криштиану Рональдони Леди Гага, Рианна, Жастин Бибер ва Кэти Перридан кейин энг машҳур шахс, деб топганди.

Агар, "Википедия"да футболчи ҳақида берилган маълумотларга таянилса, худди ўша йили компьютерлар хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланувчи McAfee ширкати сара ҳужумчини кибер фазодаги энг "хавфли" ўйинчи, дея ҳам эътироф этган.

Ширкатга кўра, "Криштиану Рональдо", "Криштиану Рональдо даунлод", "Криштиану Рональдо ва суратлари" ёки "Криштиану Рональдо ва видеолари", деб у ҳақда интернетда маълумот қидирган кимики бор, ўзларининг шахсий маълумотларини ўғирлатиб қўйиш даражасида таваккал қилишаркан.

Криштиану Рональдо бир боланинг отаси ва россиялик машҳур модел Ирина Шейк билан юради.

Португалиялик футбол юлдузи ўзининг Ғазо Бўлгасидаги хайрияпарварлик ишлари билан ҳам араб дунёсида анча ном чиқарган.

Собиқ жамоадоши ва ҳозирда Лондоннинг "Арсенал" клуби ўйинчиси Месут Ўзил яқинда берган суҳбатида Криштиану Рональдога "Қуръони Карим" сураларини ўргатгани ҳақида ҳам айтиб ўтганди.

Изоҳлар

Изоҳлар учун ёпиқ

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.