Осиё Кубоги 2015: Ўзбекистон 3-1 Вьетнам

  • 15 Октябр 2013
  • изоҳлар

Собиқ Бош мураббийси Вадим Абрамов Осиё Кубогига чиқиши учун Вьетнамни енгиши шарт деб билган ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 3:1 ҳисоби билан ғалаба қозонди.

2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг Тошкентда бўлиб ўтаётган 3-тур учрашувининг 1-бўлимида ҳисоб очилмади.

Меҳмон вьетнамликлар 70-дақиқагача ўйинда ҳисобни тутиб туришга муваффақ бўлишди.

Фақат 70-дақиқага келибгина Ўзбекистон рақиблари қаршилигини енгишга муваффақ бўлди. Сардор Рашидов илк тўп муаллифига айланди.

Орадан бор-йўғи 4 дақиқа ўтиб, Александр Гейнрих жамоасини янада олдинга олиб чиқди: 2-0.

Аммо 79-дақиқада мезбонлар ўйинчиси Хоанг ўйинда ҳисобни биттага қисқартиришга муваффақ бўлди.

Ҳакам 2-бўлимга уч дақиқа қўшиб берди. Қўшимча вақтнинг илк дақиқасидаёқ Игорь Сергеев ҳисобни 3:1 га етказди.

Агар, бугунги ўйинда ғалаба қозонмаса, Ўзбекистоннинг 2015 йилги Осиё Кубогига чиқиш-чиқмаслиги гуруҳдаги қолган рақибларига боғлиқ бўлиб қоларди.

Жамоа учун муҳим бўлган учрашув Тошкентнинг марказий “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтди ва маҳаллий вақт билан кечки соат 18:00 да бошланди.

Ўзбекистон 3 ўйиндан 4 очко тўплаган ҳолда киритилган тўплар ҳисобидаги фарқ билан "Е" гуруҳида иккинчи ўринга кўтарилиб олди.

"Е" гуруҳининг сешанба куни бўлиб ўтган иккинчи учрашувида гуруҳ пешқадами Бирлашган Араб Амирликлари Гонгконгни йирик: 0:4 ҳисобида мағлуб этди.

Гуруҳда Бирлашган Араб Амирликларидан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турган Гонгконг ўз майдонида мағлубиятга учради ва учинчи ўринга тушиб қолди.

Ўзбекистон гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг дастлабки икки учрашувида Бирлашган Араб Амирликларидан енгилган ва Гонгконг билан дуранг ўйнаганди.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, миллий терма жамоа 2011 йил Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубоги ўйинларининг ярим финалигача кўтарилиб, тарихий натижа қайд этган ва қитъанинг энг кучли тўртта жамоасидан бирига айланганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг амалдаги Бош мураббийи Миржалол Қосимов бугун майдонга фақат ғалаба учун тушишларини айтганди.

Унинг Қозоғистон орқали Тошкентга келиб, йўлда бироз қийналганликларини айтган вьетнамлик ҳамкасби ҳам, ўз юртларига "яхши натижа билан қайтишни мақсад қилганликлари"ни баён қилганди.

Ўзбекистон 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини буткул бой берганидан икки ойча ўтиб, Осиё Кубоги гуруҳ босқич саралаш учрашувларининг навбатдагисини ўтказди.

Гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг дастлабки икки учрашувини бирдек ютқазган Вьетнам Тошкентдаги ўйини олдидан ўтказган халқаро ўртоқлик учрашувида Қатарни енгишга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса, бирор бир халқаро ўртоқлик учрашувисиз майдонга тушганди.

Биз учрашув арафасида 2011 йилда Қатарда Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан тарихий ютуққа эришган собиқ Бош мураббийси Вадим Абрамовдан энг аввало Вьетнамга қарши ўйиннинг аҳамияти ҳақида сўрагандик:

Вадим Абрамов: Вьетнамга қарши учрашувнинг аҳамияти шундаки, агар биз ғолиб чиқмасак, 2015 йилги Осиё Кубогига чиқишимиз қийин бўлади. Агар, жаҳон чемпионатига ҳам чиқа олмаганимиз назарда тутилса, кейинги расмий ўйинларимиз фақат икки йилдан кейингина бўлиши мумкин. Чунки Ўзбекистон миллий терма жамоаси Вьетнамни енга олмаса, Осиё Кубогига чиқиш-чиқмаслиги гуруҳдаги қолган рақибларига боғлиқ бўлиб қолади. Бундай бўлмаслиги учун эса, жамоа нафақат бугун Вьетнамни мағлуб этиши, балки қолган жавоб учрашувларида ҳам ғалаба қозониши лозим бўлади. Чунки ҳозир ҳисобимизда бор-йўғи битта очко бор, холос.

Би-би-си: Сизнинг назарингизда нима учун бундай бўлди? Нега Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг дастлабки икки учрашувидан бор-йўғи 1 очко тўплашга муваффақ бўлди?

Вадим Абрамов: Буни шарҳлаш мен учун қийин. Бу саволни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийидан сўраш керак. Чунки четдан туриб, бунинг сабабини айтиш менга мушкул. Агар, ҳар икки ўйинда ҳам ғалаба қозонишса, албатта, ҳисобларидаги очко ҳам олтита бўлган бўларди.

Би-би-си: Сизга миллий терма жамоа ҳам, Бош мураббий ҳам яхши маълум. Агар, ростини айтадиган бўлсак, ўзбекистонлик футболчиларнинг Вьетнамга қарши ўйинда ғалаба қозониш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

Вадим Абрамов: Рақибни ҳурмат қилган ҳолда шуни айтишим керакки, Вьетнамдек рақибни Ўзбекистон миллий терма жамоаси енгиши шарт. Чунки Вьетнамда ҳеч қандай шанс йўқ, назаримда. Агар шунда ҳам уларни мағлуб эта олмасак, у ҳолда, билмадим.

Би-би-си:Лекин, Вадим ака, Вьетнам яқинда ўтказган халқаро ўртоқлик учрашувида Қатарни енгишга муваффақ бўлди. Бу сизни қўрқитмаяптими?

Вадим Абрамов: Йўқ. Гап шундаки, аввал ҳам сизга айтганимдек, Қатар миллий терма жамоаси ҳозир кўплаб муаммоларга тўқнаш келиб турибди. Бош мураббийсининг тайини йўқ. Қисқа вақтнинг ичида беш бор Бош мураббийси алмашди. Бу – яхшиликка олиб келмайди. Ҳозирги жамоа, дейлик, аввалгисидан фарқ қилади. Футболчилари ўша-ўша бўлиши мумкин. Аммо жамоавий ўйинини йўқотган. Миллий терма жамоанинг ҳам, футболчиларнинг ҳам ўйинга муносабатлари буткул бошқача. Бу шундоқ кўриниб туради. Барибир, ҳаммаси Бош мураббийга боғлиқ. Бош мураббийси яхши бўлса, Қатар ҳам шунга яраша натижа кўрсатган бўларди. Демоқчиманки, Вьетнамнинг Қатарни енгани ҳали ҳеч нарсани англатмайди. Чунки бу – ўртоқлик учрашуви бўлган. Рақибни ҳурмат қилган ҳолда, шуни айтишим керакки, Вьетнам, барибир, Вьетнам.

Би-би-си: Тошкентдаги учрашув олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Миржалол Қосимов ёш футболчиларни ҳам синаб кўриш режасида эканини айтди. Сизнингча, Вьетнамга қарши учрашувнинг қанчалик муҳимлиги назарда тутилса, бу каби ёндашув ўзини қанчалик оқлаши мумкин?

Вадим Абрамов: Балким, Бош мураббий ёш футболчиларнинг имкониятларини яхшироқ билар. Балки бекорга айтмаётгандир. Чунки ўша ёш ўйинчиларни каттароқларидан кучли, деб ҳисоблар. Лекин, ёш футболчиларни ҳурмат қилган ҳолда шуни айтишим ҳам керакки, миллий терма жамоа тажриба қилиб кўриладиган жамоа эмас. Мен ҳар доим айтганман: Тажрибаларни ўртоқлик учрашувларида қилиб кўриш керак. Чунки ўртоқлик учрашувлари шу мақсадда ўтказилади. Расмий ўйинларда энг аввало натижа муҳим ҳисобланади. Бунинг учун эса, ана шу натижани қайд эта оладиган футболчилар лозим бўлади. Агар, Бош мураббий ёш ўйинчиларни бунга қодир деб ўйласа, яхши. Чунки, ҳеч қачон футболчиларнинг паспортларига қарамаслик керак. Миллий терма жамоада ҳозирги кунда кучли бўлган футболчилар тўп суришлари лозим. Ёшидан қатъиназар, яхши формада бўлса, бўлди.

Би-би-си: Вадим ака, ҳозир ўз гуруҳида иккита ўйиндан 1 очко тўплаб, учинчи ўринни эгаллаб тургани назарда тутилса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси кейинги босқичга чиқа олармикан?

Вадим Абрамов: Гапнинг ростини айтсам, кейинги босқичга чиқа олмаслигимизни тасаввур ҳам қила олмайман. Чунки, гуруҳдаги барча рақибларимизни бемалол енга олиш мумкин ва мағлуб этишимиз ҳам шарт. Гонгконг, Вьетнам....Гуруҳдан бор-йўғи иккита миллий терма жамоа чиқади. Билмадим, агар, шу каби гуруҳдан чиқа олмасак, яна нима ҳақида гапириш мумкин?...

Би-би-си: Вадим ака, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2011 йилги Осиё Кубогининг ярим финалига чиқиб, тарихий натижа қайд этганди. Жамоанинг бугунги имкониятларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бу галгисида нимага қодир бўлиши мумкин?

Вадим Абрамов: Қатарда биз ўз олдимизга юксакроқ натижа қўйган, Осиё Кубогининг камида чорак финалига чиқишни мақсад қилган эдик. Ва бунга муваффақ бўлгандик. Бунақаси бир марта бўлади. Бабирибир, биласизми, четдан қараганда жамоанинг нимага қодир-қодир эмаслиги кўриниб туради. Истаган ҳамма нарсангизга эришишингиз ҳам мумкин бўлади. Футболчиларнинг майдонда қандай ўйин кўрсатаётганларидан буни билса билади. Яхши ўйин кўрсатсангиз, одамлар ҳам томоша қилгани боришади. Томошабинларнинг сонига қараб, миллий терма жамоанинг ўйинига баҳо берса бўлади. Жамоа яхши ўйнаса, стадион ҳам одамларга тўлиб-тошади. Акс ҳолда, йўқ. Футбол – томошабинлар учун. Футбол – одамлар келиб, мазза қилиб томоша қилишни истовчи бир спектакль.

Осиё Кубоги

2015 йилги Осиё Кубоги ўйинлари Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун олтинчиси бўлади.

Жамоа ўз тарихида турнирнинг икки бор чорак ва бир маротаба ярим финал босқичига чиқишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги ўйинларида қайд этган энг юксак натижа эса, 2011 йилга тўғри келади.

Қатарда бўлиб ўтган беллашувларда Ўзбекистон чорак финалда Иорданияни мағлуб этиб, финалга чиқиш учун Австралияга қарши тўп сурган, бироқ ашаддий рақибларидан 0:6 ҳисобида мағлубиятга учраганди.

Бу – ҳам Ўзбекистон ва ҳам Австралия миллий терма жамоасининг ўз тарихларида илк бор Осиё Кубогининг ярим финалига чиқишлари эди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўшанда ўз гуруҳида иккинчи ўринни олиб, 2011 йилги Осиё Кубогининг якуний босқич беллашувларида тўп суриш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Улар ўйинларнинг очилиш учрашувида мезбон Қатарни, кейин бойвачча Қувайтни енгиб, Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири бўлган Хитой билан дуранг ҳисобига эришишга муваффақ бўлишганди.

Ўзбекистонлик футболчилар ўзларининг ҳужумкор ўйинлари билан Қатарда нафақат финалда тўп суриш, балки Осиё Кубогини қўлга киритишга ҳам ҳақли равишда даъвогарлик қилишганди.

Аммо финал учрашувида австралиялик рақибларини 0:1 ҳисобида мағлуб этган Япония ўз тарихида тўртинчи бор Осиё Кубогини қўлга киритишга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистонлик футболчиларнинг гуруҳ босқич саралаш беллашувлари 6 февралдан 2014 йилнинг 5 мартига қадар давом этади.

2015 йилги Осиё Кубоги баҳсларига Австралия мезбонлик қилади.