'Курашнинг Олимпиада дастурида қолганидан жудаям хурсанд бўлдик'

  • 9 Сентябр 2013
  • изоҳлар
Ёзги Олимпиада Ўйинларида кураш - Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси учун энг муваффақиятли спорт турларидан бири саналиб келинади

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг нуфузли мулозими Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Буэнос-Айресда курашни ёқлаб берилган овоз бериш натижасига ана шундай муносабат билдирди.

"Албатта, бу - спорт курашининг Олимпия Ўйинлари дастурида қолиши ҳаммани безовта қилаётган нарса эди. Ярим йилдан бери спорт курашининг ишқибозлари, шу жумладан, биз ҳам курашнинг дастурда қолишини истаб, дунё миқёсида турли акциялар, мусобақалар ўтказдик. Ва, Худога шукр, спорт курашининг Олимпиада дастурида қолганини эшитиб, жудаям хурсанд бўлдик. Айниқса, курашчиларимиз жудаям хурсанд", - дейди Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирининг Спорт масалалари бўйича 1-муовини Жасур Акрамов:

Аргентинада ўзининг тарихий 125-сессиясини ўтказаётган Халқаро Олимпия Қўмитаси аъзолари кеча якшанба куни кураш, сквош, бейсбол/софтболдан биттасини Олимпиада дастурида қолдириш масаласида овоз берганди.

Сўнгги хабарлардан аён бўлишича, халқаро қўмита аъзоларининг аксарияти курашни ёқлаб овоз беришган.

Буэнос-Айресдаги яширин овоз бериш ортидан, кураш - 2020 ва 2024 йилги Ёзги Олимпиада Ўйинлари дастурига қайта киритилган.

Ўзбекистон ва кураш

Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси ҳисобидаги энг кўп олтин медалларни ҳам айнан кураш спорт турида қўлга киритган

Ёзги Олимпиада Ўйинларида кураш - Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси учун энг муваффақиятли спорт турларидан бири саналиб келинади.

Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси ҳисобидаги энг кўп олтин медалларни ҳам айнан кураш спорт турида қўлга киритган.

Ўзбекистон ўзи иштирок этишга муваффақ бўлган 5 та Ёзги Олимпиада Ўйинларида жаъми 20 та медал олган бўлса, шундан 7 таси ( 4 та олтин ва учта кумуш) курашчилари ҳиссасига тўғри келади.

Жумладан, сўнгги Ёзги Олимпиада Ўйинлари ортидан, ўзбекистонлик донгдор курашчи Артур Таймазов эркин кураш бўйича 120 кг вазн тоифасида Афина, Пекин ва Лондон Олимпиада Ўйинларининг олтин медал соҳибига айланиб, кураш афсонаси сифатида тарихга кирганди.

Артур Таймазов ўзининг сўнгги ютуғи билан 33 ёшида юнон-рум кураши бўйича собиқ Шўро курашчиси Александр Карелин ва эркин курашчиси Александр Медведлар билан тарихдаги учта буюк курашчидан бирига айланганди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Аргентинадан олинган сўнгги янгилик спорт курашлари бўйича келаси ҳафта старт олувчи жаҳон биринчилиги олдидан ўзбекистонлик курашчиларнинг кайфиятларини янада кўтариб юборган.

"Курашчиларимизнинг ҳаммаси яхши кайфиятда жаҳон чемпионатига бориб, ўзларини кўрсатиб, машҳур бўлишмоқчи. Нимага десак, ҳозирги тайёрланаётган болаларимизнинг 2020 йилда айни етилган пайти бўлади. Кураш - Олимпия Ўйинлари дастурида қолса, бу - уларга, албатта, янги стимул бўлади. Шунинг учун ҳам, сўнгги янгиликдан кураш аҳли жудаям хурсанд бўлишди", дейди ўзбекистонлик нуфузли спорт мулозими.

Жасур Акрамовнинг ўз ўрнида таъкидлашича, ўтган ярим йил ичида шу баҳона спорт кураши ҳам жуда катта ўзгаришларга юз тутган ва бу кураш учун бефойда кечмаган.

"Стресс бўлмаса ҳам, шу стрессни ўзи ўйлаб топиш керак эди, лекин. Нимага деса, бу стресс орқали спорт кураши ундан ҳам жозибали, ундан ҳам чиройли бўлди. Кураш ўзининг эски, олдинги қоидаларига қайтиб келди. Нимага деса, охирги йиллари ўзи ҳақиқатан Халқаро Спорт Кураши Уюшмасининг собиқ президенти спорт кураши мусобақа қоидаларини ўзгартиравериб, ўзгартиравериб, уни бир зерикарли кураш қилиб қўйганди-да. Шу қоида бўйича бўладиган бўлса, кейинги Олимпиада Ўйинларида ортиқ, "кураш зерикарли, буни ўзгартириш керак, олиб ташлаш лозим", деган гаплар туғилмайди. Нимага деса, бу ҳозирги тарзда ўтадиган бўлса, кураш - жуда чиройли, жудаям жозибали, жудаям одамларни ўзига жалб этадиган спорт турига айланади".

Тарихча ўрнида

Буэнос-Айресдаги яширин овоз бериш ортидан, кураш - 2020 ва 2024 йилги Ёзги Олимпиада Ўйинлари дастурига қайта киритилган

Халқаро Олимпия Қўмитаси шу йил феврал ойида Ёзги Олимпиада Ўйинлари дастурига киритилган 26 та спорт турини қайта кўриб чиқиб, қатор спорт турлари билан бирга курашни ҳам 2020 йилги дастурдан чиқариб ташлашни тавсия қилганди.

Ташаббускорлар ўз таклифлари сабабини Олимпия дастурини замонавийлаштириш, унга янги спорт турларини киритишга имконият яратиш билан изоҳлашганди.

Бунинг ортидан, 1896 йилдан буён Олимпиада дастурида бўлиб келган кураш дастурга қайтиши учун яна еттита спорт тури билан бирга овоз беришдан ўтиши керак эди.

Халқаро қўмита ижроий кенгашининг қарори Ўзбекистон дохил кураш оммавий спорт тури билан дунёнинг кўплаб давлатларида норозилик билан қарши олинганди.

Ўзбекистон Кураш Федерацияси ҳам Миллий Олимпия Қўмитаси билан ҳамкорликда бу хусусда халқаро қўмитага махсус мактуб йўллаб, кураш спорт турини 2020 йилги Ёзги Олимпиада Ўйинлари дастуридан чиқариб ташламасликни сўрашганди.

Мактубда, "Курашсиз Ўйинлар нафақат жозибасини йўқотади, балки Олимпиада Ўйинлари, деб аталишга ҳам ҳақли бўлмаслиги" таъкидланганди.

Бундан аввал Россия Кураш Федерацияси бу хусусда Халқаро Олимпия Қўмитасига очиқ мурожаат билан чиққан, Тожикистон ҳам кенгашга ўз мактубини йўллаганди.

Дунёнинг қатор номдор курашчилари ўз норозиликлари белгиси сифатида Ёзги Олимпиада Ўйинларида қўлга киритган олтин медалларини Халқаро Олимпия Қўмитаси президентига қайтариб беришганди.

Юнон-рим кураши бўйича икки карра Олимпиада чемпиони арманистонлик донгдор курашчи Армен Назарян эса, Халқаро Олимпия Қўмитасининг таклифига қарши очлик амалиёти билан жавоб берганди.

Эслатиб ўтамиз, Буэнос-Айресда ўтган шанба куни бўлиб ўтган овоз беришлар ортидан Токио Истанбул ва Мадридни ортда қолдириб, 2020 йилги Ёзги Олимпиада Ўйинларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси энди шу сешанба куни янги президент сайлаш учун овоз беради. Жак Рогге эса, 12 йиллик президентлиги ортидан истеъфо беради.