BBC navigation

Бразилия 2014: Ўзбекистон жаҳон чемпионати билан хайрлашди

Сўнгги янгиланиш 10 сентябр 2013 - 18:01 GMT

Ўзбекистон Тошкентда бўлиб ўтган Осиё минтақаси плей-офф босқич беллашуви жавоб учрашувини 11 метрлик жарима тўплари ҳисобига Иорданияга бой берди.

Пенальтилар сериясида Ўзбекистонни 8:9 ҳисобида мағлуб этган Иордания ҳар икки ўйин натижасига кўра ғолиб чиқиб, кейинги босқичга йўл олди.

Чунки ўтган ҳафта Иордания пойтахти Амманда бўлиб ўтган илк учрашув 1:1 дуранг ҳисоби билан якунланганди.

Иордания энди 2014 йилги жаҳон чемпионатига Осиё қитъасидан сўнгги йўлланмани қўлга киритиш учун якуний плей-офф босқич беллашувларида Жанубий Америка саралаш баҳсларида 5-ўринни эгаллаган жамоани ҳам енгиши шарт бўлади.

Бу миллий терма жамоанинг энг катта эҳтимол билан Уругвай бўлиши кутилмоқда.

Ушбу плей-офф босқичи беллашувлари шу йилнинг 15 ва 19 ноябр кунларига белгиланган.

Бу - Иорданиянинг ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионати Осиё минтақаси плей-офф босқичига чиқиб, унда ғалаба қозониши бўлади.

Ўзбекистон 2005 йилда бу каби ютуққа эришган, аммо зиддиятлар манзарасида кечган ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ, плей-офф босқич беллашувларини бошқа бир араб давлати - Баҳрайнга бой берганди.

Бугунги учрашув олдидан ва Осиё минтақаси плей-офф босқичи беллашувлари арафасида ҳар икки миллий терма жамоа Бош мураббийлари майдонга фақат ғалаб учун тушишлари ва кейинги босқичга чиқиш, албатта, ўзларига насиб этишини баён қилишганди.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Иордания дастлабки плей-офф босқичи беллашувларига мисрлик янги Бош мураббийи Ҳуссам Ҳасан бошчилиги остида тушганди.

Сўнгги босқич саралаш беллашувларида Иорданиядан кўра яхши натижа кўрсатган Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса, фақат якуний учрашувлар натижасига кўрагина 2014 йилги жаҳон чемпионатига Осиё қитъасига ажратилган тўғридан-тўғри тўртта йўлланмадан бирини қўлга кирита олмаганди.

Осиё минтақаси плей-офф босқичи беллашувларидаги мағлубияти ортидан, Ўзбекистон бу йил жаҳон чемпионатига чиқишнинг сўнгги имкониятини ҳам бой берди.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, ҳалича Ўзбекистонга ҳам, Иорданияга ҳам жаҳон чемпионатининг финал босқич беллашувларида тўп суриш насиб этмаган.

Тошкентдаги ўйин тафсилотлари

Иорданияга қарши Тошкентда бўлиб ўтган дастлабки плей-офф босқичи жавоб учрашувида Ўзбекистон 5-дақиқадаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олди.

Рақиб жамоа дастлабки дақиқаларданоқ ҳужумга зўр берган эса-да, ўйинда ҳисобни Ўзбекистон миллий терма жамоаси очди.

Ўзбекистонликларни олдинга олиб чиққан тўпни Анзур Исмоилов ўз ҳисобига ёзди.

Аммо, ўтказиб юборилган тўпга қарамай, Иордания жамоаси ўз ҳужумини сусайтирмади.

Қарши ҳужумда бир қанча хавфли вазиятлар пайдо қилишга муваффақ бўлган Ўзбекистон жамоаси 42-дақиқагача ҳисобни ўз фойдаларига тутиб турди.

Учрашув 1-бўлими тугашига саноқли дақиқалар қолган бир пайтда Саид Мурожон ҳар икки жамоа учун ҳам муҳим бўлган учрашувда ҳисобни тенглаштирди.

Ўтган ҳафта Амманда бўлиб ўтган илк учрашув 1:1 дуранг ҳисоби билан якунланган ва ҳар икки тўп ҳам 1-бўлимда киритилганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг устма-уст ҳужумлари манзарасида мезбон Иордания миллий терма жамоаси ўйинда биринчи бўлиб ҳисобни очганди.

Учрашув 1-бўлимининг 30-дақиқасида Мусаб ал-Лаҳам жамоасини олдинга олиб чиққанди.

Аммо орадан 5 дақиқа ўтиб, ўзбекистонликлар сардори Сервер Жепаров ҳисобни тенглаштирган ва учрашув 1:1 дуранг ҳисоби билан якунланганди.

Агар, Тошкентдаги жавоб учрашуви ортидан Ўзбекистон ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ, кейинги босқичга чиқса, бу - миллий терма жамоа ўз тарихида қайд этган энг юксак натижа бўларди.

Аммо Иорданияга қарши Тошкентда бўлиб ўтган Осиё минтақаси плей-офф босқичи жавоб учрашувининг асосий вақти 1:1 дуранг ҳисоби билан якунланди.

Ғолибни аниқлаш учун қўшимча вақт белгиланди. Аммо қўшимча вақтда ҳам асосий вақтда қайд этилган ҳисоб ўзгармади.

Қўшимча вақтнинг 100-дақиқасида эса, "Пахтакор" стадионида чироқларнинг қисман ўчиб қолиши сабаб, ўйин муайян муддатга тўхтатилди.

Бироқ орадан бир неча дақиқа ўтиб қайта бошланган ўйин ҳам ғолибни аниқлаб бера олмади.

Ҳакам томонидан белгиланган 11 метрлик жарима тўпларини амалга оширишда эса, Иордания омадлироқ чиқди.

Ўйиндан аввалги башоратлар

Санжар Ризаев

Ўзбекистон Футбол Уюшмаси матбуот воизи.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Санжар Ризаев:

"Ғалаба қозониш ва кейинги босқичга чиқиш учун ҳар томонлама имкониятлар етарли..."

Ўзбекистон Футбол Уюшмаси матбуот воизи.

Иорданияга қарши дастлабки плей-офф босқичи жавоб учрашуви арафасида Ўзбекистон Футбол Уюшмаси вакили Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ғалаба қозониш имкониятларини ана шундай баҳолади.

Жавоб учрашуви 10 сентябр куни Тошкентнинг "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтади ва ўйин Тошкент вақти билан кеч соат 19:00 да бошланади.

"Сабаби, Ўзбекистон ҳар қандай ҳолатда ҳам бугунги замонавий футболда, менинг фикримча, Иорданияга ҳурматни сақлаган ҳолда айтишим керакки, рақибидан бир бош баланд ва кучли. Ва ғалаба қозониш ва кейинги босқичга чиқиш учун ҳар томонлама имкониятлар етарли: ҳам ўйин жиҳатдан, ҳам ҳисоб жиҳатидан, ҳам иккинчи ўйиннинг Тошкентда ўтиши, ҳаммаси ўз қўлимизда эканини инобатга оладиган бўлсак", дейди Ўзбекистон Футбол Уюшмаси матбуот воизи Санжар Ризаев:

Осиё қитъасидан 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун ўз курашини давом эттирувчи ягона миллий терма жамоани аниқлаб берувчи дастлабки плей-офф босқичининг илк учрашуви ўтган ҳафта пойтахт Амманда 1:1 дуранг ҳисоби билан якунланганди.

Жанубий Америка вакилига қарши сўнгги плей-офф босқичига чиқувчи ғолиб жамоа эса, ҳар икки ўйин натижасига кўра аниқланади.

бу ерга босинг Бразилия 2014: Иордания 1-1 Ўзбекистон, илк учрашув тафсилотлари

Ўзбекистон Футбол Уюшмаси вакили сафарда ўтказилган плей-офф босқичи илк учрашувида ғалаба қозонишга умид қилишгани, аммо эришилган натижа ҳам ўзларини қониқтиришини таъкидлайди.

"Даставвал бир нарсани айтиб ўтиш керак: Иордания миллий терма жамоаси мана шу босқичда ўзига хос, яхши таассурот қолдирган. Иродаси кучли жамоалардан бири. Албатта, биз ушбу учрашувда ғалаба қозонишга умид қилиб турган эдик. Лекин ўйин рақиб майдонида бўлиб ўтгани ва биз сафарда гол урганимиздан бироз овунишимиз мумкин. Қолаверса, Тошкентдаги учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоасини 0:0 ҳисобидаги дуранг ҳам қониқтиради. Лекин Ўзбекистон миллий терма жамоаси фақат ғалаба учун майдонга тушади", - дейди Санжар Ризаев.

"Ғалаба учун майдонга тушамиз"

Миржалол Қосимов:

"Футболчилар эртанги ўйинга тайёр. Эртага фақат ғалаба учун майдонга тушамиз ва албатта, мухлисларимизни хурсанд қиламиз..."

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи

Душанба куни пойтахт Тошкентда берган матбуот анжуманида ҳам ҳар икки рақиб жамоа Бош мураббийлари ҳам худди шундай даъво билан чиқишган.

Ўзбекистон ва Иордания шу пайтгача турли халқаро турнирлар доирасида бир-бирларига қарши етти бор майдонга тушишган бўлса, "Оқ бўрилар" бу ўйинларда учта ғалаба, учта дуранг ва битта мағлубият қайд этишган.

Ўзбекистон сўнгги босқич саралаш беллашувларидан 14 очко жамғарган ҳолда плей-офф босқичига чиққан бўлса, Иордания 8 ўйиндан бор-йўғи 10 очко тўплашга муваффақ бўлган.

Аммо Иордания "В" гуруҳида Осиё қитъасига ажратилган 4.5 та йўлланмадан бирини қўлга киритиш учун кечган курашда Япония ва Австралияни енгишга муваффақ бўлган.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, Иордания миллий терма жамоаси Аммандагидек ўйин кўрсатса, ўзларига бироз қийин бўлишини ҳам рад этмайди.

"Албатта, қийин бўлади. Сабаби - бундан олдинги учрашувда жамоалар ихтиёрида 180 дақиқалик ўйин бўлган бўлса, ҳозирга келиб бу тенг ярмига қисқарди. Яъни, 90 дақиқа. Демак, Иордания ҳам бошқача ўйнайди. Табиийки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам бошқача ўйнайди", - дейди у.

Аммо, суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, "Ўзбекистон миллий терма жамоаси Аммандаги дуранг натижа аслида тасодифий бўлганлиги ва ўзининг ғалабага лойиқ ўйин кўрсатганини Тошкентдаги учрашувда намойиш этади".

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, ҳар икки миллий терма жамоага ҳам ҳозирча ўз тарихларида жаҳон биринчилигининг финал босқичида тўп суриш насиб этмаган.

Худди шу омил назарда тутилса, дастлабки плей-офф босқичи беллашувларида мағлуб бўлган жамоа бу йил ўз тарихида бу каби шарафга эришишнинг охирги имкониятини ҳам бой беради.

Ҳар икки учрашув натижасига мувофиқ ғолиб чиққан миллий терма жамоа эса, Осиё қитъасидан жаҳон чемпионатига сўнгги йўлланмани қўлга киритиш учун навбатдаги плей-офф босқич беллашувларида Жанубий Америка саралаш баҳсларида 5-ўринни эгаллаган жамоани ҳам енгиши шарт бўлади.

Ушбу тур беллашувлари шу йилнинг 15 ва 19 ноябр кунларига режаланган ва бу миллий терма жамоанинг энг катта эҳтимол билан Уругвай бўлиши кутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳлар учун ёпиқ

Изоҳларга ўтиш
 
 
 

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.