BBC navigation

Артур Григорян: 'Баҳодир WBC таснифида жаҳон чемпиони бўлишга қодир'

Сўнгги янгиланиш 18 август 2013 - 09:03 GMT

Баҳодир Мамажонов WBA (International) камарини шу йил апрел ойида қўлга киритган

Баҳодир Мамажоновни афсонавий Дон Кинг промоутерлиги остида ўтказган илк жанггида эришган ғалабаси билан қутларкан, ўзбекистонлик бокс 'қироли' унга ана шундай ишонч билдирди.

Енгил вазн (61.2 кг)тоифасида WBA (International) камари соҳиби, ўзбекистонлик номдор боксчи эса, кеча рейтинг жанггида америкалик рақиби Райнелл Гриффинни очколар( 83-70) ҳисобига мағлуб этди.

Боксга ихтисослашган fightnews.com интернет нашрининг хабар беришича, ҳар учала ҳакам ҳам якдиллик билан устунликни Баҳодирга беришган.

Агар, хабарлар таянилса, Баҳодир Мамажонов келаси йили профессионал бокснинг WBC таснифида енгил вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги камари учун рингга тушмоқчи.

Худди шу вазн тоифаси ва таснифида жаҳон чемпионлиги камарига кўз тикаётганлар орасида эса, уч карра собиқ жаҳон чемпиони Хуан Диас ва Омар Фигуэро каби номдор боксчилар бор.

Профессионал бокснинг WBO таснифида енгил вазн тоифасида 17 карра жаҳон чемпионлиги камарини ҳимоя этган ўзбекистонлик донгдор боксчи Артур Григорян бунинг аҳамияти йўқлигини айтади:

Артур Григорян: Саволингизни тушундим. Энди, агар, профессионал нуқтаи назардан келиб чиқиб, ёки ўзи ҳам боксчи бўлган инсон сифатида айтадиган бўлсам, рақиби ким бўлишидан қатъиназар, Баҳодирнинг чемпионлик камарини қўлга киритиши учун вақти келиб жаҳон чемпиони бўлган номдор боксчилар билан беллашиши керак бўлади. Шунинг учун ҳам, у жаҳон чемпиони бўлиш учун рақибининг ким эканига эътибор бермаслиги ва уни енгиши тақозо этилади. Баҳодирга гап йўқ. Мен энг аввало уни сўнгги ғалабаси билан табриклайман. Бундан буёғига ҳам унга юксалишлар тилаб қоламан. Қадамба-қадам, поғонама-поғона кўтарилиб, эришган ҳар бир ғалабасини ҳимоя этиб борадиган бўлса, жаҳон чемпионлиги мақомига шунчалик тез яқинлашади. Ва, ўйлайманки, ҳал қилувчи жангда ғалаба қозониб, жаҳон чемпиони бўлади.

Би-би-си: Баҳодир Мамажонов яқинда америкалик афсонавий промоутер Дон Кинг билан уч йилга шартнома имзолади. Бу - Баҳодирнинг ана шу орзуси ушалишига қанчалик ёрдам бериши мумкин?

Артур Григорян: Дон Кингдек промоутеринг билан сен дадил қадам босиб, истаган жойингда ўзингни кўрсатишинг мумкин бўлади. Бу ҳақиқатан ҳам шундай. Донг Кинг ростдан ҳам афсона, ҳам ҳаваскор ва ҳам профессионал боксда жуда катта обрўга эга. Уни ҳамма танийди. Шунинг учун ҳам, Баҳодирга фақат лозим даражада тайёрланиш ва жанг ўтказиш қолади, холос. Унинг орқасида эса, Дон Кингдек собит промоутери турибди. Баҳодир Дон Кингдек промоутери борлигидан фахрланса арзийди. Шахсан мен ўзим ҳам бундан ғурурланаман.

'Баҳодирга гап йўқ. Мен энг аввало уни сўнгги ғалабаси билан табриклайман'

Би-би-си: Агар, айрим боксга ихтисослашган халқаро интернет нашрларига қаралса, Баҳодир ўзбекистонлик биринчи боксчи бўлишини айтиб, профессионал бокснинг WBC таснифида жаҳон чемпионлиги учун рингга тушмоқчи... Агар, ўзингиз мисолингизда ҳам айтадиган бўлсак, нега шу пайтгача бирор бир Ўзбек боксчиси бу таснифда жаҳон чемпионлиги мақомини қўлга киритмаган?

Артур Григорян: Биласизми, боксда тўртта: WBC, WBA, WBO ва IBF таснифлари бор. Ўзи аслида қандай тасниф бўйича боришингнинг фарқи йўқ. Бироқ WBC ана шу таснифларнинг ичида энг биринчиси ва агар, таъбир жоиз бўлса, энг эскиси. Шунинг учун ҳам бошқаларига қараганда нуфузлироқ саналади. Агар, ўзимга келадиган бўлсак, мен WBO таснифи бўйича жаҳон чемпиони эдим. Аммо ўшанда қолган таснифлар бўйича ҳам жаҳон чемпионлиги мақомини қўлга киритиш истагида бўлганман. Чунки амалдаги жаҳон чемпиони бўлганман, мавқеим жуда яхши эди. Истаган таснифдаги жаҳон чемпионини жангга чақиришим мумкин бўлган. Бироқ менежерим бунга ҳаракат қилиб кўрганида, мен билан рингга тушишга таваккал қилиб кўрадиганлар топилмаган. Мени ўз вақтида мутлақ чемпион деб ҳам эълон қилишган.

Би-би-си: Артур ака, сиз WBC тўртта тасниф ичида энг нуфузлиси деяпсиз. Шундай экан, Баҳодирнинг айнан ана шу тасниф бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

Артур Григорян: Ҳа, Баҳодир бунга қодир. Бунга биргина у эришган кўрсаткичларнинг ўзиёқ далолат қилади. Айни ўринда бир нарсани англаш лозимки, агар эришган ана шу ютуқлари бўлмаганида, Донг Кинг у билан ҳеч қачон шартнома имзоламаган бўларди. Чунки Дон Кингдек промоутер сиз билан шартнома имзолаши учун боксчилик даражангиз шунга яраша бўлиши лозим. Бу эса, сизнинг жуда кучли боксчи бўлишингизни тақозо этади.

Бу - Баҳодирнинг Дон Кинг промоутерлиги остида ўтказган илк жанги бўлади

Би-би-си: 8 раундлик рейтинг жангги кеча 17 август куни тунда Американинг Юта штатида бўлиб ўтганди.

Аммо кечанинг асосий жанги америкалик боксчилар Билли Зумбрун билан Ҳенри Намауу ўртасида бўлди.

Энг оғир вазн тоифасида Юта чемпионлиги учун жангда Билли Зумбрун юртдош рақибини мағлуб этди.

Баҳодир Мамажонов WBA (International) камарини шу йил апрел ойида қўлга киритган.

Ўзбекистонлик боксчи Америкада бўлиб ўтган ўша жангида кубалик рақиби Анжело Сантанани техник нокаутга учратиб, мағлуб этганди.

Бунинг ортидан профессионал боксда дунёнинг энг машҳур промоутерларидан бўлган америкалик Донг Кинг Баҳодир Мамажонов билан уч йилга шартнома имзолаганди.

Бу - Баҳодирнинг Дон Кинг промоутерлиги остида ўтказган илк жанги бўлади.

Баҳодир шу пайтгача профессионал рингда 14 та жанг ўтказган бўлса, шунинг фақат биттасида дуранг натижа қайд этган. Қолган барчасини ғалаба билан якунлаган. Шундан тўққизтасини нокаут билан енгган.

Унинг 30 ёшли янги орлеанлик сўнгги рақиби Райнелл Гриффин кечаги жангига қадар 26 бор рингга тушган. Шундан фақат еттитасида ғалаба қозонган. 17 тасида мағлубиятга учраган. Икки бор дуранг натижа қайд этган.

Фарғона бокс мактаби вакили бўлган 25 ёшли Баҳодир Мамажонов 61.2 килограммгача бўлган вазн тоифасида рингга тушиб келади ва ўзи 200 дан ортиқ жанг ўтказган ҳаваскор боксда ҳам турли нуфузли халқаро турнирлар ғолиби саналади.

У профессионал боксдаги карьерасини бундан икки йил бурун бошлаган ва америкалик мураббийси Кен Ричард қўл остида шуғулланиб келган.


Изоҳлар

 posting

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.