BBC navigation

‘Одил ‘Анжи’да қолади, клуб унга жуда орқа қилади’

Сўнгги янгиланиш 17 август 2013 - 08:29 GMT

"Одил Аҳмедов “Анжи”да қолиш ва жамоага ёрдам бериш аҳдида қатъий”

Бу ҳақда Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида асли доғистонлик миллиардер Сулейман Керимов клуби матбуот воизи Мурод Латипов билдирди.

“Бизни ҳам Одил Аҳмедовнинг тақдири қизиқтиради. Чунки Одил жамоа лидерларидан бири ҳисобланади. Менга аён бўлгани шуки, у “Анжи”ни тарк этмоқчи эмас. Биз Одилга қанчалик қаттиқ орқа қилсак, у ҳам бизга шундай орқа қилаётган бўлиши мумкин”, дейди у.

“Мен ўзим Одил билан гаплашдим. Ишлари яхши ва кайфияти ҳам аъло даражада эди. У “Анжи”да қолиш ва жамоага ёрдам бериш аҳдида қатъий”.

”Анжи” клуби раҳбарияти ўтган ҳафта кутилмаганда номдор ўйинчиларини сотиши, ўз бюджетини кескин қисқартириши ва бундан буёғига маҳаллий ёш футболчиларига орқа қилишини эълон қилганди.

Ўтган яқин йиллар ичида Россиянинг энг бойвачча ва серхарж икки жамоасидан бирига айланган Махачқалъанинг “Анжи”сида Самуэль Это’О, Кристофер Самба, Ласина Траоре, Муборак Буссуфа, Лассана Диарра,.. каби жаҳон футболи юлдузлари тўп суришади.

Клуб Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг кўзга кўринган футболчиларидан бири ва ўша пайтда Тошкентнинг “Пахтакор” клуби сардори бўлган Одил Аҳмедов билан 2011 йилда тўрт йилга шартнома имзолаганди.

Аммо ўзбекистонлик сара футболчи билан тўрт йиллик шартнома “Анжи”га қанчага тушгани расман эълон қилинмаган.

Дейлик, клуб Камерун миллий терма жамоаси сардори Самуэль Это’Они худди ўша йили 22 миллион долларга уч йилга сотиб олганди.

“Анжи”ни буткул тарк этажак футболчиларнинг якуний рўйхати эса, шу ой охиригача маълум бўлиши айтилганди.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг Одил Аҳмедов “Анжи”да шартномаси тугаяжак 2015 йилгача қоладими, деган саволига эса, клуб матбуот воизи қуйидагича жавоб берди.

“Биз, ҳатто, эртага нима бўлишини билмаймиз. Аммо камида айнан ҳозирни назарда тутиб айтадиган бўлсак, унинг қаёққадир кетмоқчи бўлаётганига оид гап-сўзлар йўқ”.

У тўп сураётган клуб ҳам ўз ўйинчилари билан барча шартнома мажбуриятларини ҳурмат қилишини айтганди.

“Анжи” раҳбариятининг сўнгги баёноти ортидан Россиянинг турли интернет нашрлари ва оммавий-ахборот воситаларида Одил Аҳмедовга маҳаллий “Краснодар” ва “Зенит” клублари қизиқиш билдиришаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Сўнгги янгиликдан бироз аввал эса, яна Россия матбуоти асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов ҳамсоҳиблик қилувчи Лондоннинг “Арсенал” жамоаси “Одил Аҳмедов учун 4 миллион евро тўлашга рози" экани ҳақида ёзганди.

Ушбу хабарлар ортидан, Би-би-си Ўзбек Хизмати Одил Аҳмедов билан боғланганида, футболчи, “шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламаслиги” мазмунида изоҳ берганди.

Ўзбекистонлик футболчининг ўзи ҳам Испаниянинг "Барселона"си бўладими ёки Лондоннинг "Арсенал"и, Оврўпонинг кучли жамоаларидан бирида ўйнаш истагини ошкора баён этиб келади.

Одил Аҳмедов 2012 йилда ўзи ҳозир тўп сураётган “Анжи” клубида ўтган мавсумнинг “Энг зўр футболчиси”, деб топилганди.

Одил клуб ишқибозлари, мураббийлари ва раҳбарияти томонидан берилган овоз бериш натижаси бўйича, жаҳон футболи юлдузлари бўлган жамоадошлари Самуэль Это'О ва Роберто Карлосларни ҳам ортда қолдирганди.

Унга овоз берганлар деярли барчаси "Одил майдонда ҳақиқий жангчи" эканлигини бирдек эътироф этишганди.

Кутилмаган баёнот ёки буёғи нима бўлади?

"Анжи" Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ва ўша пайтда "Пахтакор" сардори бўлган Одил Аҳмедов билан 2011 йилда тўрт йилга шартнома имзолаган

“Анжи” раҳбариятининг сўнгги баёнотига қисман “Анжи”нинг янги мавсумни муваффақиятсиз бошлагани ва мазкур ҳолатнинг клуб соҳиби Сулейман Керимов саломатлигига салбий таъсир қилаётгани сабаб бўлгани ҳам айтилганди.

Яъни кўпчилик бу йил Россия чемпиони бўлишини башорат қилган “Анжи” жорий пайтда 4 ўйиндан 2 очко тўплаб, турнир жадвалида 13-ўринни эгаллаб турибди.

“Анжи” ўтган футбол мавсумида илк бор Россия миллий чемпионатини учинчи ўрин билан якунлаган, Оврўпо Лигаси нимчорак финалига чиққан ва ўз тарихида иккинчи бор Россия Кубоги финалида тўп сурганди.

Жамоа энди навбатдаги Россия миллий чемпионати 5-тур учрашувини бугун шанба 17 август куни Санкт-Петербургнинг “Зенит” жамоасига қарши сафарда ўтказади.

Клуб раҳбариятининг юлдуз футболчиларини сотиш ва ўз бюджетини кескин қисқартириш режасини эълон қилиши ортидан, “Анжи” бугунги ўйинига ҳозирлик кўриш учун бир неча кунга Австрияга учиб кетганди.

Жамоа ўз йиғини чоғида Австриянинг энг кекса жамоаларидан бири бўлган “СВ Виндишгарстен” билан ўртоқлик-назорат учрашуви ўтказган ва рақибини 8:0 ҳисобида мағлуб этганди.

“Анжи” ўртоқлик назорат ўйинини аксарият юлдуз футболчиларисиз ўтказган, аммо Одил Аҳмедов асосий таркибда майдонга тушганди.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, жамоа ўртоқлик-назорат учрашувида янги ва собиқ Бош мураббийи Гажи Гажиев бошчилиги остида ўйнади.

Жамоа сўнгги баёноти ортидан, голландиялик Бош мураббийи Рене Меленстееннинг ҳам баҳридан кечишга қарор қилганди.

Унинг номдор юртдош ва касбдоши Гус Ҳиддинкдан “Анжи” Бош мураббийлигини қабул қилиб олганига 2 ҳафта ҳам бўлмаганди.

'Анжи'

Асли доғистонлик миллиардер "Анжи" назоратини қўлга киритган ўтган икки йил ичида клуб сафларини дунёнинг манаман деган футбол юлдузлари тўлдирган

"Анжи" Россия Олий лигасига 1999 йилда чиқишга муваффақ бўлган. Аммо орада беқарор ўйин кўрсатиб, биринчи лигага қулаган ва 2009 йилдагина яна Олий лигага қайтган.

Россиянинг асли доғистонлик миллиардери Сулейман Керимов клуб назоратини 2010 йил охирида қўлга киритган.

Сулейман Керимов Американинг нуфузли “Форбс” журналининг 2012 йилги рўйхатида 19-ўрин билан Россиянинг “Энг бой” йигирмата одами сирасига кирган.

Ўша пайтда миллиардернинг бойлиги 7 миллиард АҚШ доллари атрофида баҳоланганди.

Сулейман Керимов ўзининг “Анжи”га соҳиблик қилиш қарорини уни Оврўпонинг манаман деган жамоаларига рақобатбардош клубга айлантириш истаги билан изоҳлаганди.

Қатор халқарою маҳаллий оммавий-ахборот воситалари ҳам клуб соҳибининг мураббийлар, футболчиларннг маошлари ва янги ўйинчиларни харид қилиш учун йилига ўн миллионлаб доллар маблағ сарфлаш ниятида экани ҳақида ёзишганди.

Ўтган уч йил давомида “Анжи” сафларини 2002 йилги жаҳон чемпиони Роберто Карлос, уч карра Чемпионлар лигаси ғолиби Самуэль Это’О, Англия ва Испания чемпиони, франциялик ярим ҳимоячи Лассана Диарра каби кўплаб юлдуз футболчилар тўлдиришганди.

Клубнинг жиддий ислоҳотларга оид сўнгги кутилмаган баёноти ортидан эса, айрим оммавий-ахборот воситалари бунга молиявий омиллар ҳам сабаб бўлгани ҳақида ёзишди.

Улар бунга 31 июл куни Сулейман Керимов йирик ҳиссадорларидан бири бўлган “Уралкалий” ширкати ҳиссаларининг чорак фоизга қадрсизланиб кетганини мисол қилиб келтиришди.

Таҳлилчиларга кўра, бунинг оқибатида бизнесмен қарийб ярим миллиард доллар зиён кўрган.

Би-би-сининг Москвадаги мухбирига кўра, жаноб Керимовнинг клубдан воз кечиши мумкинлиги ҳақида ҳозирча бирор бир хабар йўқ. Бироқ узоқ келажакда бундай эҳтимолни назардан соқит этиб бўлмайди.

Изоҳлар

 posting

Биринчи бўлиб изоҳ қолдиринг

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.