BBC navigation

Бокс: Руслан Чагаев яна бир рақибини нокаутга учратди

Сўнгги янгиланиш 23 март 2013 - 08:05 GMT

Руслан Чагаев қайта жаҳон чемпионлиги даъвосидан ҳануз воз кечмаган

Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик донгдор боксчи навбатдаги рейтинг жанггида америкалик рақиби Майк Шеппардни биринчи раунддаёқ нокаутга учратди.

Чап қўлининг зарбаси билан ном чиқарган ўзбекистонлик донгдор боксчи рақибига мағлубиятини тан олишдан бошқа имконият қолдирмади.

Жанг шунчалик қисқа давом этганидан Майк Шеппардда, ҳатто, қарши зарба бериш имконияти ҳам деярли бўлмади.

Руслан Чагаевнинг навбатдаги рейтинг жангги 22 март куни Олмониянинг Берлин шаҳридаги Universal Hall аренасида уюштирилган бокс кечаси доирасида бўлиб ўтганди.

Ўзбекистонлик донгдор боксчи рингга америкалик мураббийси Шугар Ҳилл бошчилиги остида тушганди.

Руслан ўтган йил ҳисобидан ўтказган ҳар уч рейтинг жанггидан барчасида ғалаба қозонган.

У бундан аввалги жангини ўтган йил 1 сентябр куни Олмониянинг Оберхаузен шаҳрида ўтказган ва олмон боксчиси Вернер Крайскоттни техник нокаут билан мағлубиятга учратганди.

Руслан Чагаевнинг америкалик сўнгги рақиби Майк Шеппард эса, профессионал рингда 35 та жанг ўтказган ва шунинг 20 таси ғалаба қозонган. Фақат бир жангида дуранг натижа қайд этган ва қолган ҳаммасини бой берган.

Жума кунги жанг Eurosport телеканали орқали олиб узатилди.

Ўзбекистонлик боксчи қатор жанглар ўтказиш билан WBA таснифида ўз рейтингини яхшилаб, шу йил охирларида яна жаҳон чемпионлиги камари учун рингга тушишни режаламоқда.

Руслан Чагаевнинг кечаги жанг арафасида Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатини тинглаш учун плейрни ўйнанг:

Руслан Чагаев бир неча ойдан буён янги мураббийси қўл остида Американинг Детройт шаҳрида шуғулланиб келади.

Бўлажак жанг

Ўзбекистонлик донгдор боксчи ўтган йил ҳисобидан ўтказган ҳар уч рейтинг жанггидан барчасида ғалаба қозонган

Руслан Чагаев шу йил бошида Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида қайта жаҳон чемпионлиги даъвосидан ҳануз воз кечмагани ва навбатдаги жангини шу йил март ойига режалаётганини айтганди.

Ўзбекистонлик боксчи бу йил кўпроқ жанг ўтказиб, шу йил охирида ўз вазнида жаҳон чемпионлиги камарига биринчи даъвогар мақоми учун рингга тушиш ниятида эканини билдирганди.

Майк Шеппардга қарши жанг - Руслан Чагаевнинг 2011 йил август ойида жаҳон чемпионлиги камарини россиялик рақиби Александр Поветкинга ютқазиб қўйиши ортидан ўтказаётган тўртинчи жангги бўлади.

Руслан ўтган йил ҳисобидан ўтказган ҳар уч рейтинг жанггидан барчасида ғалаба қозонган.

Ўзбекистонлик боксчи қатор жанглар ўтказиш билан WBA таснифида ўз рейтингини яхшилаб, шу йил охирларида яна жаҳон чемпионлиги камари учун рингга тушишни режаламоқда.

Руслан ўтган йил август ойида Олмониянинг ўзи қарийб 10 йилдан буён шуғулланиб келган Universum Box-Promotion клуби билан шартномасини бузган ва охирги жангини ҳам эркин агент мақомида ўтказганди.

Амалга ошмаган жанг

Руслан Чагаевнинг сўнгги жанги ўтган йил 1 декабр кунига режаланган ва унинг Олмониянинг Дюссельдорф шаҳрида бўлиб ўтиши кутилганди.

Аммо нақ жанг арафасида Sturm Box-Promotion олмон клуби Би-би-си Ўзбек Хизматига Руслан Чагаевнинг шахсий сабаблар туфайли жангга келолмаслигини билдирганди.

Ўзбекистонлик донгдор боксчининг қитъалараро чемпионлик камари учун олмониялик янги рақиби Ёқуб Соғломга қарши рингга тушиши кутилганди.

Дастлаб Руслан Чагаевнинг кубалик боксчи Майк Перес билан жанг ўтказиши режаланган, аммо рингга тушишларига саноқли кунлар қолган бир пайтда унинг елкасидан жароҳат олгани маълум бўлганди.

Бунинг ортидан донгдор боксчи Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида нопрофессионал муносабат сабаб, декабр ойидаги жангидан воз кечганлигини билдирганди.

Тарихча ўрнида

Руслан Чагаев профессионал боксда шу пайтга қадар жаъми 33 та жанг ўтказган, шундан 30 тасида ғолиб чиққан

Руслан Чагаев профессионал боксда шу пайтга қадар жаъми 33 та жанг ўтказган, шундан 30 тасида ғолиб чиққан, иккитасида мағлуб бўлган ва биттасини дуранг ҳисоби билан якунлаган.

Руслан 2007 йилнинг 14 апрел куни бошқа бир россиялик рақиби Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлганди.

Шундан сўнг ўз камарини бир неча бор муваффақиятли ҳимоя қилган Руслан Чагаев 2009 йилнинг июн ойида WBO ва IBF таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони, украиналик боксчи Владимир Кличкога енгилиб, чемпионлик унвонидан буткул маҳрум бўлганди.

Сўнгги жангига қадар Руслан Чагаев WBA рейтингида 7-ўринни эгаллаб турганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.