BBC navigation

Осиё Чақирув Кубоги: Афғонистон финал босқичига чиқди

Сўнгги янгиланиш 7 март 2013 - 08:12 GMT

Уч ўйиндан 7 очко тўплашга муваффақ бўлган Афғонистон орадан олти йил ўтиб бу каби муваффақиятга эришди

Шри Ланка ва Мўғулистонга қарши кетма-кет икки ғалабаси ортидан мезбон Лаос билан дуранг (1:1) натижа қайд этган Афғонистон ўз гуруҳи(“С”)да биринчи ўринни эгаллаб, кейинги босқичга чиқди.

Уч ўйиндан 7 очко тўплашга муваффақ бўлган Афғонистон орадан олти йил ўтиб бу каби муваффақиятга эришди.

Уларга сўнгги учрашувларида майдонда қарийб бир соатча 10 ўйинчилари билан тўп суришларига тўғри келгани ҳам халақит бера олмади.

Ўйинда ҳисобни мезбон Лаос очган бўлса, 58-дақиқада афғонистонлик ҳужумчи Санжар Муҳаммад Аҳмадий киритган тўп жамоанинг ютуғи учун кифоя қилди.

Афғонистон билан бирга ҳозирча Фаластин, Бирма ва Мальдив ҳам бу каби ҳуқуқни қўлга киритишди.

Қолган уч жамоанинг тақдири эса, шу ой охирида маълум бўлади.

Асос солинган 2006 йилдан буён иштирок этиб келаётган эса-да, уч ўн йиллик урушлар гирдобида қолаётган Афғонистон ҳалича Осиё Футбол Конфедерацияси Чақирув Кубогида юксак натижа қайд этмаган.

Афғонистон 2008 йилги Осиё Конфедерацияси Чақирув Кубогида гуруҳдан навбатдаги босқичга чиққан, аммо Ҳиндистон, Тожикистон ва Туркманистонга енгилиб, пастга қулаганди.

Ушбу беллашувларнинг якуний ғолиблари эса, ўз навбатида, 2015 йилги Осиё Кубоги ўйинларида иштирок этиш уун иккита йўлланмани қўлга киритишади.

2006 йилда старт олган Осиё Конфедерцияси Чақирув Кубоги бу йил бешинчи бор ўтказилмоқда.

Халқаро футбол турнири конфедерацияга аъзо қитъанинг “бўй кўрсатаётган давлатлари” учун мўлжалланган

Халқаро футбол турнири конфедерацияга аъзо қитъанинг “бўй кўрсатаётган давлатлари” учун мўлжалланган.

Бундан мақсада эса, ушбу мамлакатлар футболи даражасини ошириш экани айтилади.

2014 йилги Осиё Конфедерацияси Чақирув Кубогининг финал босқич беллашувлари келаси йил май ойида Мальдивда бўлиб ўтади.

Ушбу босқичда Марказий Осиё минтақасидан Тожикистон ва Туркманистон ҳам 2015 йилги Осиё Кубогига йўлланма олиш учун кураш олиб боришади.

Шу йилнинг 6 феврал куни ОФКнинг "ривожланган аъзолар" таркибида бўлган Ўзбекистон 2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқич саралаш беллашувларини бошлаган ва ўз майдонида Гонгконг билан дуранг (0:0) натижа қайд этганди.

Ўзбекистонлик футболчилар навбатдаги беллашувларини 22 март куни сафарда Бирлашган Араб Амирликларига қарши ўтказишади.

Ярим финал Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубогида қайд этган энг юқори натижадир.

Ўзбекистонлик футболчилар 2011 йилда Қатарда бўлиб ўтган ўйинларда қитъанинг энг зўр тўрт жамоаси сафларига киришга муваффақ бўлишганди.

Бу каби натижани ҳозирча бирор бир Марказий Осиё давлати такрорлашга муваффақ бўлган эмас.

Лаосга жўнаб кетишларидан аввал Афғонистон миллий терма жамоаси бош мураббийси Юсуф Коргар эса, ҳозирликлари аъло даражада эканини баён қилганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.