BBC navigation

Миржалол Қосимов: 'Мақсад - 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш'

Сўнгги янгиланиш 13 феврал 2013 - 12:31 GMT

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийсининг айтишича, мақсадлари - 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш.

Миржалол Қосимовга кўра, "худди шу туфайли ҳам қолган ҳар бир ўйинга худди охиргисидек майдонга чиқиб, ҳаракат қилишлари, хатоларга йўл қўйиш ва очко йўқотишга ҳақлари йўқдир":

Миржалол Қосимов

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Осиё қитъасига ажратилган 4.5 та йўлланмадан биттасини қўлга киритиши учун Ўзбекистон Ливан, Жанубий Корея ва Қатар билан ўйнаши керак бўлади.

Жорий пайтда 5 учрашувдан 8 очко тўплаб, "А" гуруҳида пешқадамлик қилиб турган Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги учрашувини 26 март куни ўз майдонида Ливанга қарши ўтказади.

Миржалол Қосимовнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, "бу ўйинда дуранг ўйнашга ҳам, ютқазишга ҳам ҳақлари йўқ".

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси ўз олдиларига қўйган мақсадни уддалашга кўзи етиши, "ишонилмаганда ишланмаслиги"ни таъкидлайди.

Миржалол Қосимов ҳам яқинда Би-би-сига эксклюзив суҳбат берган эронлик ҳамкасби Карлуш Кейруз каби гуруҳдаги ҳеч бир жамоа жорий пайтда жаҳон чемпионатига йўлланма олиш имкониятини бой бермаган, деган фикрда.

"Худди шунинг учун ҳам ҳеч қанақасига бўшашиш мумкин эмас. Эрон, Қатар, Жанубий Корея ва ҳатто, Ливан ҳам охиригача курашади. Биз ҳам бунга максимал ҳаракат қиламиз", дейди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси.

Айни ўринда шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон миллий терма жамоасига ҳалича ўз тарихида футбол бўйича жаҳон чемпионатининг финал босқич беллашувларига чиқиш насиб этмаган.

Аммо бу гал сўнгги босқич саралаш беллашувларига қадар етиб келган ва ўз гуруҳида иккита йўлланмадан биттасига даъвогарлик қилаётган ягона Марказий Осиё давлати бўлиб турибди.

Ливанга қарши муҳим учрашуви арафасида Ўзбекистон ўтган ҳафта 2015 йилги Осиё Кубогининг гуруҳ босқич саралаш беллашувлари доирасида ўз майдонида Гонгконгни қабул қилган ва дуранг (0:0) билан кифояланишга мажбур бўлганди.

Эрон ҳар икки гуруҳдаги рақиби Ливанни 5:0, Қатар эса, Малайзияни 2:0 ҳисобида енгишга муваффақ бўлганди.

Гонгконгга қарши ўйин

Осиё қитъасидан 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун ўз курашини давом эттираётган жамоалар Кубок ўйинларини қолган уч учрашувларига ҳозирлик кўришнинг қойилмақом имконияти сифатида баҳолашаётганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси рақибларининг бу каби муваффақияти ўзларини хавотирга солмаётгани, Гонгконгга қарши ўйин ўзлари учун яхши машқ вазифасини ўтаганини айтади.

"Энди, бундоқ ўйлаб қараса, ҳар бир миллий терма жамоа - Эрон ҳам, Ливан ҳам кучли жамоа. Кимнидир камситишимиз керак эмас. Ливан жамоаси Эронга қарши ўйинда гол ўтказиб юбормаганида, натижа бошқача ҳам бўлиши мумкин эди. Олдинда бизни ҳам Ливан билан ўйин кутиб турибди. Эрон Ливанни 5:0 га ютди-ку, биз ҳам бемалол мағлуб этамиз, деб ўзимизни овутишимиз керак эмас. Чунки, мана, Гонгконг билан ҳам ўйнадик. Бўш жамоа бўлишига қарамай, биз билан дуранг ўйнаб кетди. Шунинг учун ҳам, бўшашишга ҳаққимиз йўқ".

Миржалол Қосимовнинг таъкидлашича, ҳозир Ливанга қарши навбатдаги учрашувларига тайёргарликларини кучайтиришлари лозим.

"Эрон ва Ливан орасидаги учрашув рақибга қарши тезкор урилган тўпнинг аҳамиятини кўрсатди, бу - ўйинда йирик ҳисобга йўл очиб, рақиб жамоани довдиратиш ва ўйлаб чиққан режаларини барбод этишимизга имкон беради", дейди у.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийсининг сўзларидан аён бўлишича, жамоа аъзолари 13 март куни Тошкентда йиғилиб, машғулотлар ўтказиш ва 22 март куни Бирлашган Араб Амирликларига қарши 2015 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг навбатдаги учрашувини ўтказиш учун Дўбайга йўл олишади.

Ўзбекистонлик футболчилар шундан сўнг орадан тўрт кун ўтиб, Тошкентнинг янги фойдаланишга топширилган "Бунёдкор" стадионида Ливан миллий терма жамоасини қабул қилишади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йилги жаҳон чемпионати сўнгги босқич саралаш беллашувларининг сўнггисини ўтган йил ноябр ойида Эронга қарши ўтказган ва уларни Теҳронда 1:0 ҳисобида мағлуб этганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.