BBC navigation

'Бунёдкор'нинг ашаддий рақиби Осиё чемпионлари чемпиони бўлди

Сўнгги янгиланиш 15 ноябр 2012 - 11:31 GMT

Медиа плейер

Ўзбекистон чемпионининг иккинчи бор қитъанинг энг зўрига айланиш орзусини ярим финалда чиппакка чиқарган "Ульсан Хёндэ" Осиё Чемпионлар лигасининг финалида "Ал-Аҳли"ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Жанубий Корея жамоаси бунга қандай муваффақ бўлди?

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Ўзбекистон чемпионининг иккинчи бор қитъанинг энг зўрига айланиш орзусини ярим финалда чиппакка чиқарган "Ульсан Хёндэ" Осиё Чемпионлар лигасининг финалида Саудия Арабистонининг "Ал-Аҳли"сини 3:0 ҳисобида мағлуб этди.

Аввалбошда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу - "Ульсан Хёндэ"нинг қарийб 30 йиллик тарихида илк бор Осиё чемпионлари чемпиони мақомини қўлга киритишидир.

Жанубий Корея жамоаси бунга қандай муваффақ бўлди:

Бу галги Осиё Чемпионлари чемпионини аниқлаб берувчи ҳал қилувчи учрашувга Жанубий Корея жамоасининг ўзи мезбонлик қилган ва финал ўйини ўтган шанба куни Ulsan Munsu стадионида бўлиб ўтганди.

"Ульсан Хёндэ" бу йилги Осиё чемпионлар лигаси беллашувларида бирор марта мағлубиятга учрамагани билан ҳам кўплаб футбол мутахассислари эътиборини ўзига тортган.

Жанубий Корея жамоаси жаъми 12 учрашувидан тўққизтасини ғалаба билан якунлаб, рақиблари дарвозасини қарийб 30 бор аниқ нишонга олишга муваффақ бўлган.

Ярим финалга қадар ўз йўлида Жанубий Кореянинг "Поханг Стилерс" ва "Сеонгнам Илва чунма” каби номдор жамоаларини енга олган "Бунёдкор" ҳам "Ульсан Хёндэ"га ярим финал учрашувининг ҳар иккисини бой бериб қўйганди.

Табрикнома

Финалдаги ғалабаси ортидан "Ульсан Хёндэ"га йўллаган табригида "Бунёдкор" ҳам Жанубий Корея жамоасининг бу йилги Осиё чемпионлар лигасида намойиш этган "олиймақом ўйини"ни тан олган.

"Сизнинг жамоангиз бутун турнир давомида олий савияда ўйин кўрсатиб, ажойиб натижалар қайд этди", дейилади уларнинг табрикномасида.

"Бунёдкор" клуби собиқ матбуот воизи Аброр Имомхўжаев "Ульсан Хёндэ"нинг ютуғи ўзи учун кутилмаган бўлгани, аммо жамоанинг кучига қалдирғочларга қарши ўйинда гувоҳ бўлганликларини айтади.

"Ўшанда мен "Ульсан"нинг ҳозирги ҳолатида ҳақиқатдан ҳам Осиёнинг энг яхши жамоаси эканига амин бўлувдим", дейди у.

Аброр Имомхўжаевга кўра, "бутун эътиборини Осиё чемпионлар лигасига қаратиб, шунга мос тактика, стратегия ишлаб чиққани, қуръа натижасига мувофиқ, финал учрашувига мезбонлик қилгани ҳам Жанубий Корея жамоасига қўл келган".

У, ўз ўрнида, "Ульсан Хёндэ"нинг жудаям кучли шаклланган жамоа экани ва яққол юлдуз, етакчи ўйинчилари борлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтади.

Аброр Имомхўжаевнинг айтишича, келажакда қитъа миқёсида бўлса ҳам, уч-тўртта "яхши малакали" хорижий легионерни қўлга киритиши - "Бунёдкор"нинг ҳам Осиё чемпионлар лигасидаги муваффақиятини таъминлайди.

"Ульсан"нинг ҳамма легионери жудаям яхши савиядаги хорижий футболчилар. "Бунёдкор" ўз олдига Осиё чемпионлари чемпиони бўлиш мақсадини қўяркан, албатта, шундай қилиши керак", дейди у.

"Ульсан Хёндэ" энди Осиёнинг энг зўр жамоаси сифатида шу йил декабр ойида Японияда бўлиб ўтувчи клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этади.

Бу йилги футбол мавсумида К-лигада омади у қадар юришмаётган “Ульсан Хёндэ” икки карра Жанубий Корея чемпиони, Жанубий Корея кубоги, суперкубоги ва Шарқий Осиё чемпионлари кубоги соҳиби ҳам саналади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Videos and Photos

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.