bbc.co.uk navigation

Ўзбекистонлик футболчилар Ироққа мағлуб бўлишди

Сўнгги янгиланиш 21 феврал 2012 - 14:36 GMT

Ўзбекистонлик олимпиячилар бош мураббийси Ироққа қарши бугунги учрашувнинг ниҳоятда муҳимлигини таъкидлайди

2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига Осиё қитъасидан тўртта йўлланмадан биттасини қўлга киритиш учун кураш олиб бораётган футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Қатар пойтахти Доҳада ироқлик рақибларига қарши майдонга тушди.

Учрашувнинг 20-дақиқаларида Фозилжон Мусаев томонидан киритилган тўп ўзбекистонлик футболчиларни олдинга олиб чиқди.

Биринчи қисм якунида ўзбекистонликлар дарвозасига белгиланган 11 метрлик жарима тўпини муваффақиятли адо этган ироқлик футболчилар ўйинда ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди.

Учрашувнинг 87-дақиқасида Мустафо Аҳмад томонидан киритилган иккинчи тўп ўйинда ироқликларнинг ғалабасини таъминлади.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳал қилувчи учрашувда ироқлик рақибларига мағлуб бўлди.

Хўш, ўзбекистонлик футболчиларнинг мағлубияти қанчалик кутилмаган бўлди? Биз ушбу савол билан ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевга мурожаат қилдик:

Муҳим учрашув

Бу – умумий ҳисобда томонларнинг учинчи тур саралаш босқич беллашувлари доирасида ўтказаётган бешинчи учрашувлари эди.

Халқаро Футбол Уюшмасининг ўтган йил хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб берган қарорига кўра, Ироқ Олимпия терма жамоаси ўзи мезбонлик қилиши керак бўлган барча учрашувларни учинчи давлатда ўтказади.

Бўлажак ўйинга ҳозирлик кўриш учун бир ҳафтага яқин Бирлашган Араб Амирликларида ҳозирлик кўрган ўзбекистонлик футболчиларнинг 18 феврал куни Доҳага етиб боришлари хабар берилганди.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ўз тайёргарликлари доирасида Дубайда филиппинлик футболчилар билан ўртоқлик учрашуви ўтказиб, уларни 3:0 ҳисобида мағлуб этганди.

16 феврал куни Уммон олимпиячиларига қарши ўйин эса, 0:0 дуранг ҳисоби билан якунланганди.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси учинчи тур саралаш босқич беллашувларининг Тошкентда бўлиб ўтган дастлабки учрашувида ироқлик рақибларини 2:0 ҳисобида мағлуб этган.

Айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, Қатар пойтахти Доҳада Тошкент вақти билан соат 18:45 да бошланувчи ўйинда Ўзбекистон олимпиячилари ярим ҳимоячиси Жасур Ҳасанов иккита сариқ карточка олгани боис, майдонга туша олмайди.

“Ўлим” гуруҳига тушганига қарамай, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси тўрт учрашувдан 8 очко тўплаб, ўз гуруҳида пешқадамлик қилмоқда.

Уларнинг ироқлик рақиблари эса, бор-йўғи 1 очко билан “Б” гуруҳида энг сўнгги ўринни эгаллаб туришибди.

Учинчи тур саралаш босқич учрашувлари якуний натижаларига мувофиқ Лондон Олимпиадасига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритувчи тўртта терма жамоанинг тақдири аниқ бўлади.

Бунинг учун ўша терма жамоаларнинг ўз гуруҳларида фақат биринчи ўринни эгаллашлари тақозо этилади.

Футбол таҳлилчиларига кўра, ўз тарихида илк бор Олимпиада Ўйинларига йўлланмани нақд қилиши учун Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Ироққа қарши ўйинда албатта ғалаба қозониши шарт.

Мен бугунги учрашув арафасида Қатар пойтахти Доҳадан терма жамоа Бош мураббийси Вадим Абрамов билан боғланиб, сўнгги ҳозирликлари билан қизиқдим:

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ўтган йил сентябр ойида Ироққа қарши бўлиб ўтган дастлабки учрашувида 2:0 ҳисобида ғолиб чиққан

Вадим Абрамов: Бу ўйин биз учун жуда ҳам муҳим. Шу боис, шунга яраша ҳозирлик кўраяпмиз. Кайфиятлар ҳам ёмон эмас. Учрашувга қадар ҳар бир терма жамоанинг ғолиб чиқиш имкониятлари элликка эллик бўлади. Кимнинг қўли баланд келишини фақат ўйин кўрсатади. Ҳар бир жамоа майдонда рақиби имкон берган даражада ўйнайди. Уёғини энди кўрамиз...

Би-би-си: ФИФА майдонга ноҳақ ўйинчини туширганини айтиб, Ироқнинг Бирлашган Араб Амирликлари устидан ғалабасини бекор қилди. Халқаро ташкилот қарорига мувофиқ, Бирлашган Араб Амирликлари ҳисобига уч очко ёзилди ва улар йўқ ердан очколари ҳисоби бўйича Ўзбекистонга тенглашиб олишди. Бу сизларни қанчалик хавотирга солаяпти? ФИФАнинг қарорига муносабатингиз...

Вадим Абрамов: Бу-ку бизни қўрқитмайди. Аммо ҳамма нарсанинг ҳалол курашда бўлгани яхши. Майли, уч очко беришибди, буни тушуниш мумкиндир. Аммо нега Ироққа 3:0 ҳисобида мағлубият ёзилади. Ҳамма гап ана шунда. Учта тўпни қайси футболчи киритибди Ироқ дарвозасига?...Рақиблари дарвозасига бор-йўғи битта тўп киритган Бирлашган Араб Амирликларининг 8 очкога эга бўлиб қолгани кишини ҳайратга солади. Биз ҳам, Австралия ҳам бундан жабр кўрмасликлари лозим эди. Чунки мавжуд тартиб-қоидаларга мувофиқ, очколари тенг бўлган шароитда, урган ва ўтказиб юборган тўпларидаги фарқ қай бир жамоада яхши бўлса, устунлик ўшанга берилади. Бунинг ортидан, биз ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ жабр кўрдик. Тўғри, жамоаларга уч очко берилган ҳолатлар бўлади, буни тушунамиз. Лекин нима учун Австралия билан биз жабр кўришимиз кераклигига ақлимиз етмайди.

Би-би-си: Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг Австралияга қарши қозонган сўнгги ғалабаси ортидан, муайян маънода, 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш йўлидаги асосий вазифа уддалангандек эди. ФИФАнинг мазкур қарори энди бу вазифани қанчалик мураккаблаштиради?

Вадим Абрамов: Гап бизнинг вазифамизни қанчалик қийинлаштириши ҳақида кетаркан, нима дердим, шу пайтгача қилган меҳнатимизни бир тийинга чиқаришда, қўйишди. Энди ҳаммасини бошқатдан бошлашимизга тўғри келади. Кўрамиз, энди буёғини вақт кўрсатади. Энг қизиғи, ФИФА қарорининг учрашув ортидан берилгани...Чунки қарор Австралияга қарши сўнгги ўйинимиздан аввал олинганида эди, буни тушунишимиз мумкин эди. Балки биз ҳам ҳисобда...Аммо учрашув ўтиб бўлгандан кейин қайсидир жамоага уч очко берилиши...Хуллас, масаланинг тушунарсиз қирралари кўп.

Би-би-си: Энди, гуруҳдаги мавжуд вазиятни назарда тутадиган бўлсак, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллаб, Лондон Олимпиада Ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритиши учун қолган ҳар икки учрашувни ҳам ғалаба билан якунлаши лозим бўлади, шундайми?

Вадим Абрамов: Ҳамма нарса бизнинг Ироқ, Бирлашган Араб Амирликларининг Австралияга қарши бугунги учрашуви натижасига боғлиқ бўлади. Айни ўринда турли хил вариантлар ҳақида сўз юритиш мумкин. Аммо мен ҳозир уларнинг тафсилотларига тўхталиб ўтирмайман. Энг асосийси, бугунги учрашувда Ироқни енгиш. Нима бўлишини эса, кейин кўрамиз. Назаримда, фақат шундан сўнггина, вариантлар ҳақида гапириш мумкин бўлади.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2012 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.