bbc.co.uk navigation

Ўзбекистон Австралия устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди

Сўнгги янгиланиш 5 феврал 2012 - 13:09 GMT

Футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси бош мураббийси австралияликларга қарши ўйинда майдонга фақат ғалаба учун тушишларини айтган.

2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг футбол бўйича учинчи тур саралаш босқич беллашувларининг Австралияга қарши дастлабки учрашуви 2:0 ҳисобида Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси фойдасига ҳал бўлди.

Ўзбекистонлик футболчилар учрашувнинг биринчи ва иккинчи қисмида рақиб дарвозасига биттадан тўп киритишга муваффақ бўлишди.

Тўпларни Кенжа Тўраев ва Олег Зотеевлар ўз ҳисобларига ёзишди.

Австралия Олимпия миллий терма жамоаси ҳам учрашув давомида ўзбекистонликлар дарвозасини забт этишнинг уддасидан чиқди, аммо ўйинда қоида бузилгани учун, улар ҳакам томонидан инобатга олинмади.

Учрашув томонларнинг қарама-қарши ҳужумлари манзарасида кечди.

Оппоқ қорда

Ўзбекистонда об-ҳавонинг ниҳоятда совуқ экани ва қор ёққани сабаб, ФИФА учрашув вақтини соат 20:00 дан 15:00 га кўчирди.

Бугун Ўзбекистонда ҳавонинг совуқлиги -11 даража эди.

Учрашув бўлиб ўтган Тошкентнинг “Жар” стадиони оппоқ қорга беланган эди.

Аммо ҳар икки томон ҳам майдонга фақат ғалаба қозониш истаги билан тушишганди.

Қор ва совуққа қарамай, “Жар” стадионида ишқибозларнинг сони ҳам кам бўлмади.

Бутун учрашув уларнинг қизғин қўллаб-қувватловлари остида кечди.

Учрашув арафасида Ўзбекистон халқини ўз ғалабалари билан хушнуд этишни ваъда қилган футболчилар уларни уялтириб қўйишмади.

Муҳим ғалаба

Сўнгги ғалабаси ортидан, футбол мутахассислари томонидан “Ўлим” гуруҳига тушгани айтилган Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси 8 очко билан пешқадамлик мавқеини янада мустаҳкамлаб олди.

Бундан аввалги ҳар уч учрашувини дуранг ҳисоби билан якунлаган Австралиянинг эса, Олимпиада Ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш имкониятлари деярли йўққа чиқди.

Австралия Олимпия миллий терма жамоаси бош мураббийси Аурелио Видмар бугунги учрашувга ҳаёт-мамот масаласи сифатида баҳо берганди.

Агар бугун “Би” гуруҳининг иккинчи беллашувида Ироқ Бирлашган Араб Амирликларига ютқазиб қўйса, ўзбекистонлик футболчиларнинг ошиқлари олчи бўлади.

Жорий пайтда Ироқ Олимпия миллий терма жамоаси уч ўйиндан 4 очко тўплаб, гуруҳда ўзбекистонликлардан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Саралаш босқич учрашувлари арафасида эса, Австралия гуруҳ фаворити сифатида кўрилганди.

Ўзбекистонлик олимпиячилар навбатдаги учрашувларини сафарда, 21 феврал куни ироқлик рақибларига қарши ўтказишади.

Умидлар

Футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси бош мураббийси Вадим Абрамовнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, австралияликларга қарши эртанги ўйинда фақат ғалаба учун майдонга тушишади.

Учинчи тур саралаш босқич беллашувларининг дастлабки жавоб учрашуви эртага, 5 феврал куни Тошкентнинг "Жар" стадионда бўлиб ўтади.

"Ўлим" гуруҳига тушгани айтилган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси кейинги босқичга чиқиш учун Осиё қитъасининг наҳанглари Австралия, Ироқ ва Бирлашган Араб Амирликлари билан беллашмоқда.

Ўз гуруҳида ўтказган уч учрашуви натижалари ортидан, Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси жорий пайтда 5 очко билан пешқадамлик қилиб турибди.

Барча беллашувларини дуранг ҳисоби билан якунлаган Австралиянинг ҳисобидаги очколар сони эса, бор-йўғи учтадир.

Ўзбекистонлик олимпиячилар бош мураббийси эртанги ўйин арафасида берган суҳбатида ҳозирликларидан кўнгли тўқ эканини айтди:

Вадим Абрамов: Бўлажак учрашувга ҳозирлигимиз режага мувофиқ кечди. Ягона муаммо - Ўзбекистонда қалин қор ёққани. Эртага ҳаво ҳароратининг - 14 даража совуқ бўлиши айтилмоқда. Фақат шу. Бундан бошқасидан кўнглим тўқ.

Би-би-си: Австралияликларга қарши эртанги ўйинда Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоасининг ғолиб чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

Вадим Абрамов:

"Ҳамма нарса футбол майдонида ҳал бўлади..."

Вадим Абрамов: Биз рақибимиз ким бўлишидан қатъиназар, ҳар сафар майдонга фақат ғалаба қозониш учун тушамиз. Ўйин арафасида ҳар бир терма жамоанинг имкониятлари тенг - элликка эллик бўлади. Шунинг учун ҳам, кимнинг қўли баланд келишини эртанги учрашув кўрсатади.

Би-би-си: Сиз Австралия Олимпия терма жамоасига қарши ўтказган ва дуранг натижа билан якунланган илк ўйин ортидан, Тошкентда бўлиб ўтажак жавоб учрашувида улар учун қойилмақом сюрприз ҳозирлаб қўйишингизни айтгандингиз. Сюрприз тайёрми?

Вадим Абрамов: Бугунги об-ҳаво улар учун яхши сюрприз бўлади. Чунки улар жавоб учрашуви учун Тошкентга келишган пайтларида ҳаво ҳароратининг -14 даража совуқ бўлиши хаёлларига ҳам келмаган бўлса керак...

Би-би-си: Яқинда Австралия Олимпия миллий терма жамоаси бош мураббийси Аурелио Видмар Ўзбекистонга боргач, у ернинг таомларини еб, қоринлари оғриб қолмаслиги учун, ўзлари билан Дубайдаги ҳашаматли меҳмонхонадан ошпаз олиб боришларини айтди. Унинг сўзларига муносабатингиз...

Вадим Абрамов: Менинг бундан хабарим йўқ. Лекин ошпаз бўладими, бошқа, ўзлари истаган одамларини олиб келишсин. Бу - ўзларининг муаммоси. Футболчиларимизга бунинг ҳеч қандай таъсири бўлмайди. Улар, ҳатто, ўтган гал Австралияга қилган 14 соатлик парвозимизни ҳам писанд билишмаганди. Ҳамма нарса футбол майдонида ҳал бўлади.

Ўз ўрнида, Австралия миллий терма жамоаси бош мураббийси Аурелио Видмар ҳам лозим натижани қўлга киритиш учун шогирдлари бор имкониятларини ишга солишларини баён қилган.

Шерзод Каримов:

"Ўзимизда бўладиган барча учрашувларни ютиб, биз албатта Лондон Олимпиадасида иштирок этамиз, Худо хоҳласа..."

Ўзбекистонга парвозлари олдидан аэропортда журналистларга интервью бераркан, жаноб Видмар Тошкентдаги ўйин - ўзлари учун "ҳаёт ёки мамот" масаласи эканини айтган.

Ҳозирги босқичда 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига бор-йўғи тўртта йўлланмани қўлга киритиш учун қитъанинг 12 миллий терма жамоаси кураш олиб боришмоқда.

Йўлланмани нақд қилиш учун, қай бир миллий терма жамоа бўлишидан қатъиназар, ўз гуруҳида биринчи ўринни қўлга киритиши лозим бўлади.

Иккинчи ўрин билан якунлаган миллий терма жамоа эса, шу йил март ойи охирларида бўлиб ўтажак плэй-офф беллашувларида ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси сардори Шерзод Каримов бугун Би-би-си Ўзбек Хизматига берган интервьюсида, "Бўлажак учрашувга тайёрликлари, ўзларини ҳеч нарса чўчитмаётгани ва ўйинда албатта ғалаба қозонишлари"ни айтди:

Шерзод Каримов: 'Австралияга қарши ўйинга албатта тайёрмиз'

Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси сардори Шерзод Каримов билан суҳбат

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Икки Олимпия миллий терма жамоалари орасидаги муҳим учрашув эртага Тошкент вақти билан соат 20:00 да бошланади.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг шу йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига чиқиш учун гуруҳда энг яхши имкониятга эга экани айтилади.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2012 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.