Мутассил кам овқатланишнинг фойдаси борми?

  • 3 Январ 2014

Ҳар ойда бир муддат кам овқатланиш тажрибасининг натижалари мен учун кутилмаган эмасди.

Ҳар ойда беш кун мобайнида кам овқат еб вазн йўқотдим, оч қолдим. Лекин фикрлаш қобилиятим анчайин ўткир эди, айни вақтда тез-тез чарчаб ҳам қолдим. Лекин ўзимдаги бошқа бир ўзгаришлар анчайин аҳамиятлироқ эди.

Ҳар ойда беш кун мобайнида мен ўртача инсон танаввул қиладиган овқатнинг атиги чорагини истеъмол қилдим. 2 килограмм вазн йўқотдим. Лекин келгуси 25 кун мобайнида одатий тарзда овқатланиш мени аввалги вазнимга қайтарди.

Айни вақтда кам овақтланишнинг ҳамма натижалари ҳам бу каби тез йўқолгани йўқ.

"Биз гувоҳ бўлаётганимиз шуки, баъзи ижобий натижалар ҳатто нормал овқатланишга қайтгандан кейин ҳам сақланиб қолмоқда", дейди тажриба натижаларини кузатган АҚШдаги жанубий Калифорния Университетидан доктор Волтер Лонго.

Тажриба шуни кўрсатдики, кам овқатланиш даврида менинг қон босимим тахминан 10 фоизга камайган. Қон босими ошиш касаллиги бўсағасида турган мен каби шахс учун бу жуда олқишга сазовор натижа эди. Лекин нормал овқатланишга қайтишим билан қон босими аввалги ҳолатига қайтди.

Ҳозирда тадқиқотчилар қайта-қайта кам овқатланиш орқали қон босимини мунтазам равишда туширишга эришиш мумкинлигини текшириб кўрмоқчилар.

Энг қизиғи кам овқатланиш натижасида танадаги ўсиш гормонлари IGF-1 даги ўзгаришлар эди. IGF-1 даражасининг танада юқори бўлиши қатор саратон касалликлари эҳтимолини кўпайтириши айтилади. Бу гормонларнинг паст даражада бўлиши эса бу эҳтимолни пасайтиради.

"Ҳайвонларда ўтказилган тажрибаларда бу гормон организмнинг қариши ва саратон дохил турли касалликларни келтириб чиқариши аниқланган", дейди доктор Лонго.

Сичқонларда ўтказилган тажриба шуни кўрсатганки, мен каби ўта кам овқатланиш натижасида уларда бу гормон даражасининг тушган ва нормал овқатланишга қайтгандан сўнг ҳам паст даражада қолган.

Мендаги кўрсатгичлар ҳам ҳудди шуни намойиш қилди.

"Сиздаги IGF-1 даражаси кескин, 60% га яқин тушган ва нормал овқатланишга қатйганингиздан сўнг ҳам аввалгисидан 20 фоизга паст бўлган", деб айтди менга доктор Лонго.

Унга кўра бу каби ўзгариш саратоннинг муайян турлари келиб чиқиши эҳтимолини камайтиради.

Қон таркиби текширувлари яна шуни кўрсатдики, IGF-1 гормонини тўхтатувчи IGFBP-1 даражаси кам овқатланиш даврида анчайин баланд бўлган.

Нормал овқатланишга қайтгандан сўнг ҳам IGFBP-1 даражаси аввалгисидан юқорлигича қолган.

Доктор Лонгога кўра, менин баданим ўсиш ва қарилик томон илгарилашнинг анчайин соғлом суръатини қабул қилган.

Ҳозирда тажрибанинг бошқа қатнашчилари кўрсатгичлари ҳам ўрганиб чиқилмоқда. Агарда уларда ҳам IGF-1 пасайгани ва IGFBP-1 кўтарилгани аниқланса олимларга соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш мақсадида ойлик мунтазам овқатни чеклаш режимини ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Доктор Лонгонинг тахмин қилишича, ҳар 60 кунда 5 кун кам овқатланиш мутассил ижобий ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

"Кам овақтланиш мутлақ очликдан кўра хавфсизроқ ва осонроқдир. Балкида, мутлақ очликдан кўра натижаси ҳам самаралироқдир", дейди доктор Лонго.

Менинг қон таркибим текширувлари шунингдек, мушак ва органлар қайта тикланишига ёрдам берувчи дея ишонилган ҳужайралар ҳам кўпайганлигини кўрсатди.

Лекин бу соҳа ҳали олимлар томонидан тўлиқ ўрганилмаган ва тушунилмаган соҳадир.

Агарда мунтазам кам овақатланиш инсон танасининг ўз-ўзини "таъмирлаш" қобилиятини кучайтириши аниқланса, фойдаси катта бўлиши аниқ. Лекин бу кузатувларни тасдиқлаш учун ҳали кўплаб тадқиқот ва тажрибалар олиб борилиши лозим.

Бу каби парҳез хануз тажриба даражасида ва тадқиқот натижалари ҳануз ўрганилмоқда. Албатта бошқа олимлар ҳам мустақил равишда натижаларни ўрганиб чиқадилар ва балкида тажрибани ўзлари ўтказишга ҳар уриниб кўрарлар.

"Шахсан мен парҳез ва кам овқатланиш жуда самарали механизм эканлигига ишонаман. Лекин бу жумбоқнинг бир қисми холос, бу жумбоқ ҳали тўлиқ ечилмаган, тўлиқ тасвир аниқ эмас. Лекин тасвирнинг аниқ қисмлари ҳам бор. Фикримча, баъзи ишонарли ҳақиқатлар бор, ишончли маълумотлар келиб тушмоқда ва умидвор бўлишимизга асослар бор", дейди доктор Лонго.

Келгуси тажрибаларда вазни оғир бўлганларда ўта кам овқатланиш қандай самара беришини текшириб кўришмоқчи.

Лекин агарда бу каби кам ва мутассил кам овқатланиш режими самарали ва натижаси узоққа чўзиладиган эканлиги тасдиқланса инсонлар саломатлиги ва қарилик касалликларига қарши курашда катта аҳамиятга эга бўлиши мумкин.