Америка Колорадо қўнғизларини атайин сочганми?

  • 4 Сентябр 2013

Шўро замонида мактабда ўқиганлар "Америка империалистларининг ўз рақибларининг картошка ҳосилларини йўқотиш мақсадида Колорадо қўнғизларини учоқлардан сочганлари" ҳақида ботаника дарсларидан бохабар бўлганлар.

Аслида нима бўлган?

1950 йилда Шарқий Олмония, ўша замондаги ГДР - Германия Демократик Республикаси ҳукумати жиддий айблов билан чиқди: бизнинг картошка ҳосилимизни барбод этмоқчи бўлаётган америкаликлар учоқларда бизнинг далаларимиз устида қўнғизларни сочаяпти.

ГДР расмийларига кўра, 1950 йилнинг 23 май куни Шунфелс бей Свикау қишлоғида истиқомат қилган фермер Макс Тругер ўзининг даласи устидан икки Америка учоғи учиб ўтганини кўрган.

ГДР ҳукумати тарқатган варақаларга кўра, эртаси куни Макс Тругер картошказори Колорадо қўнғизига тўлиб кетганини кўриб даҳшатга тушган.

Чиндан ҳам Америка социалистик Олмониянинг осмонидан қўнғизларни ташлаб урушдан кейин оёққа тураётган мамлакатдаги картошка ҳосилини барбод қилмоқчи бўлганми?

ГДР матбуоти бундан кейин ҳам бир неча марта учоқлар парвозидан кейин картошкага қирон келгани ҳодисалари кузатилгани ҳақида хабар тарқатган.

Сиёсатчилар "Америка ишғолининг олти оёқли элчилари"га қарши гапира бошлаганлар, бунга ҳукумат "Америка империалист уруш гижгижловчиларининг бизнинг халқимиз озиқ-овқат таъминотига жиноий ҳужум"лари деб таъриф берган.

Шундан кейин бутун мамлакатда душман ҳашаротларга қарши сафарбарлик эълон қилинган.

Улкан тарғибот кампанияси бошланган.

Варақалар тарқатилган, кўчаларда улкан ёзувлар осилган, матбуотда мақолалар ташкиллаштирилган.

Суратларда қўнғизлар Америка аскарининг этиклари ва каскаларида тасвирланган.

Қўнғизларга олмон тилида Амикафея - Amikafer - "Янки қўнғизлари" деб ном берилган.

Мактабда дарслари тугаганидан кейин бутун ГДРдаги ўқувчилар далаларга, қўнғиз теришга сафарбар этилганлар.

"Бизга айтишдики, қўнғизлар зараркунанда, улар бизнинг охирги егулигимизни еб тугатаяпти", дея эслайди ўшанда 18 ёшда бўлган Матерна.

"Биз картошка эгатларига тушишимиз, ҳар бир киши имкони борича кўпроқ қўнғиз тутиши керак эди, кунига 20 тами, 25 тами. Биз тутган қўнғизларимизни бонками, бошқа шиша идишга йиғардик. Кейин уларни олиб бориб йўқ қилишарди", дейди Матерна.

"Бу қўнғизларнинг энг хавфлиси уларнинг личинкалари эди, энг кўп нарсани ана ўшалар ер эди", дейди у.

"Улар гўштли, юмшоқ бўларди. Биз эса уларни қўлимиз билан ушлашимиз лозим эди. Қўлимизга бирор тутқич ёки қўлқоп ҳам беришмас эди. Қўнғиз ёки қуртини айниқса қизлар ёқтиришмас эди. Қўлимизни тегизишни истамасдик. Аммо бизга буйруқ берилгандан кейин биз нима ҳам қила олар эдик", деб эслайди Матерна.

Шарқий Олмония ҳукумати болаларга мўлжалланган бир неча китоб ва варақалар нашр қилган.

"Колорадо қўнғизлари Олмония ҳудудида урушдан олдин ҳам анча кўп эди", дейди ушбу ҳодисани ўрганган Макс Делбрук номидаги Молекуляр Тиббиёт марказида биологик кураш бўйича эксперт Эрхард Гайслер.

"Чунки уруш энди тугаган пайт бўлиб, деҳқончилик зараркунандаларига қарши етарли пестицидлар ишлаб чиқарилмас, ишлаб чиқарилгани ҳам Совет иттифоқига жўнатилар эди. Пестицидлардан фойдаланиш бўйича ҳам техник маслаҳат кам. Фермерлар орасида ҳам юқори ҳосил етиштириш рағбати кучли эмас эди. Эркаклар кам, армияда аскар бўлганлар ҳам ҳали Шўролар Иттифоқида асирда эди", дейди Эрхард Гайслер.

Бироқ шарқий олмонияликларнинг аксари ҳамон америкаликларни айбдор деб билишади.

"Мен айниқса қишлоқ жойларида кўплаб кекса одамларни учратдим, улар АҚШ империалистлари қандай қилиб аэропланлардан қўнғиз сочишганини эслашларини айтишади", дейди Эрхард Гайслер.

"Биз буни жиддий қабул қилганимиз йўқ", дейди ўшанда 18 ёшда бўлган Матерна.

У ва синфдошлари бу қўнғизларни тутган бўлишса-да, бу нарса капиталистларнинг фитнаси бўлганига ишонишмаган.

"Америкаликлар бу қўнғизларни сочгани ҳақидаги гап, албатта, беъманилик", дейди Матерна.

Бу Совуқ Уруш замони бўлиб, Шарқ билан Ғарб ўртасидаги ишончсизлик кучайишни бошлаган замонлар эди.

Колорадо қўнғизи номи билан танилган қўнғиз илк бор 1824 йилда фанга маълум бўлган.

Ўзи бу қўнғизлар аслида Мексика жануби-шарқидаги Сонор вилоятида топилган.

1859 йилда АҚШнинг Колорадо штати картошказорларини буткул пайҳон қилганидан кейин дунёга танилган.

Картошкалар билан бирга бу қўнғизлар Оврўпо ва Осиёга ҳам тарқалган.

Илк бор Оврўпода, Олмониянинг Лейпциг шаҳри атрофида 1876-1877 йилларда аниқланган.

Оврўпода энг кўп тарқалиши Биринчи Жаҳон Уруши бораётган 1918 йилда Франциянинг Бордо туманидан бутун Оврўпога тарқалади.

1949-1953 йилларда Шўролар Иттифоқининг катта ҳудудларида Колорадо қўнғизи картошка ҳосилларини пайҳон қилган.